Андижонда фаолиятини қайта тиклаган 50 нафар тадбиркорнинг солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилди

ИҚТИСОДИЁТ 12.10.2018, 14:15
Андижонда фаолиятини қайта тиклаган 50 нафар  тадбиркорнинг солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилди

2013 йилда ўтказилган қисқа муддатли текшириш натижасида пахтаободлик якка тартибдаги тадбиркор Маҳмуджон Икромовга 143 миллион сўмлик молиявий жарима ҳисобланган эди. У бу жаримани на тўлай олди, на фаолият юритди. Охири, эшигини тамбаллаб, тадбиркорлигини вақтинча тўхтатишга қарор қилди.

Ҳудди шунингдек, молиявий жарима қўлланилиши натижасида 10 миллион 500 минг сўм қарз бўлиб қолган бўзлик Муножотхон Назирова ҳам нима қиларини билмаётган эди. Ишини давом эттирай деса, бўйнида катта қарздорлик. Тадбиркорлик қилмаса, рўзғорида кам-кўстлар ортиб бормоқда.

Солиқ ходимлари иккала тадбиркорга Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятини батафсил тушунтиришгач, уларнинг елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган, жорий йил 1 апрелдан молиявий хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган, шу жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик билан шуғулланганлиги учун бир йиллик қатъий белгиланган солиқ ҳисобланган жисмоний шахсларнинг қатъий белгиланган солиқ ва ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорлиги, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари бўйича ҳисобланган қарзлар ҳисобдан чиқарилади.

— Аммо битта шарти бор, - дейди Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Муҳаммадмирзо Нуманов. – Қарздор 2019 йил 1 январгача тадбиркорлик фаолиятини тиклаши ёки давлат рўйхатидан ўтиши лозим.

Давлат уларнинг “бўйни”даги қарздан воз кечар экану, нега фаолиятини тикламасин?! Белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтиши билан пахтаободлик Маҳмуджон Икромовнинг 143 миллион, бўзлик Муножотхон Назированинг эса 10 миллион 500 минг сўмлик солиқ қарздорлиги ҳисобдан чиқарилди.

Бугунги кунга келиб, вилоят бўйича фаолиятини қайта тиклаган 50 нафар якка тартибдаги тадбиркорларнинг 1 миллиард 222 миллион сўмдан зиёд солиқ қарздорлиги ҳисобдан чиқарилди.

Таҳлилларга кўра, ушбу енгиллик туфайли Андижонда 18 мингдан зиёд фуқароларнинг 30 миллиарддан ортиқ солиқ қарзи воз кечилиши мумкин.

Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси

Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1