Замонамиз қаҳрамони тасвирланган янги асарлар тақдим қилинди

МАДАНИЯТ 06.10.2018, 12:31
Замонамиз қаҳрамони тасвирланган янги асарлар тақдим қилинди

2018 йил 5 октябрь куни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан тўртта янги китоб тақдимоти ва асарлар муаллифлари билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур китоблар “Тараққиёт стратегияси ва замонамиз қаҳрамони” ижтимоий лойиҳаси доирасида Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилган.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида ўтказилган тақдимот ва ижодий учрашувда ёзувчилар Қўчқор Норқобилнинг “Бу ерларда ҳаёт бошқача”, Исажон Султоннинг “Ҳазрати Хизр изидан”, Луқмон Бўрихоннинг “Титраётган тоғ”, Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Осмон оғуши” номли асарлари кенг жамоатчиликка намойиш этилди.

“Тақдимотда сўзга чиққан ЎзМАА бош директорининг биринчи ўринбосари С.Шукуров бугунги кунда юртимизда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб, китобхонлик ҳамда мутоалаа маданиятини янада юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар, уларнинг самараси ҳақида сўз юритди”, дейилади хабарда.

Хабарда айтилишича, Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Осмон оғуши” асарида Жиззах дашти биёбонларида орзуларга берилган, осмонларга термулган болакайнинг юксак қалби қаламга олинади.

Исажон Султоннинг “Ҳазрати Хизр изидан” номли китобида кишиларнинг афсонавий зот ҳақидаги тушунчаларидан, Хизр кимлигини ўз ҳолича англаб етган бир инсон тақдиридан ҳикоя қилади.

Луқмон Бўрихоннинг “Титраётган тоғ” асарида йигирма биринчи асрнинг биринчи ўн йиллигидаги мўъжизаси “Тошкент - Қумқўрғон” темир йўл қурилиши қаламга олинган.

Қўчқор Норқобилнинг “Бу ерларда ҳаёт бошқача” китоби ҳарбий ватанпарварлик мавзуида бўлиб, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаётган чегарачилар ҳаётига бағишланган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1