1

Т​ошкентда “ТЭФИ Ҳамдўстлик” халқаро телевизион фестивали бошланди

МАДАНИЯТ 06.10.2018, 09:57
Т​ошкентда “ТЭФИ Ҳамдўстлик” халқаро телевизион фестивали бошланди

“ТЭФИ Ҳамдўстлик” ўз нуфузи билан телевидение соҳасига бағишланган бошқа халқаро фестиваллардан қолишмайди. 2011 йилда асос солинган ушбу форум “Россия телевидение академияси“ жамғармаси томонидан МДҲ ва яқин хориждаги телевидение ижодкорлари ўртасида анъанавий ўтказиб келинмоқда. Тадбирнинг асосий мақсади Ҳамдўстлик мамлакатларида ягона ахборот маконини шакллантиришга кўмаклашишдир. Фестивалга ҳар йили МДҲ мамлакатларидан бири мезбонлик қилади. “ТЭФИ Ҳамдўстлик” доирасида экспертлар кенгаши тузилиб, тажрибали мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари, замонавий телевидениенинг долзарб муаммоларига бағишланган мунозаралар, ижодий ишлар муҳокамалари, очиқ суҳбатлар ўтказилади. Якунда ғолиблар рағбатлантирилади.

Тошкентда ўз ишини бошлаган бу галги фестивалда МДҲ мамлакатларидан вакиллар, хусусан, Россия телевидениеси усталари – “Моя планета” телеканали бош муҳаррири Николай Табашников, “НТВ“ телеканали бошловчиси Сергей Майоров, режиссёрлар Дмитрий Астрахан, Олег Шоммер, продюсерлар Михаил Кожухов, Александр Олейниковлар қатнашмоқда.

– “ТЭФИ Ҳамдўстлик – 2018” фестивалига Тошкент мезбонлик қилаётганидан жуда мамнунман, – дейди Олег Шоммер. – Бу шаҳарга келишни кўпдан буён орзу қилар эдим. Шаҳрингиз жуда гўзал, унинг шарқона латофати, миллий анъаналар ва замонавийлик уйғунлашиб кетган қиёфаси мени мафтун қилди.

photo5312295794470136282.jpg

Суҳбатимиз давомида у олдинги фестивалларда эксперт кенгаши аъзоси сифатида, бу гал эса Россия ва Озарбайжон қўшма лойиҳаси асосида тайёрланган “Дераза ортидаги нур” фильми билан қатнашаётгани, ўзбек кино санъатининг дурдона намуналари билан ҳам яхши таниш эканини сўзлаб берди, деб ёзмоқда ЎзА.

Фестивалнинг ўтган йиллардаги бош мавзулари ахборот теледастурлари, болалар телевидениеси, мусиқий ва кўнгилочар дастурларга бағишланган эди. Бу галги анжуман мавзуси “Ватан образи: вақт, макон, тақдир” деб номланди. Яъни, бу гал йўналиш танлашда МДҲ халқларининг миллий ўзига хослиги, иштирокчиларнинг қизиқишлари инобатга олинган.

– Форумда МДҲ мамлакатлари ва яқин хориж телекомпаниялари 10 дан зиёд ижодий ишлар билан иштирок этмоқда, – дейди “Россия телевидение академияси“ жамғармаси матбуот котиби Александра Ревуан. – Бу кўрсаткични ўтган йиллар билан солиштирганда, тақдим этилган телевизион материаллар салмоғи ошганини кўриш мумкин. Фестиваль экспертлар кенгашига Россия телевидениесининг профессионал ижодкорлари жалб этилган.

Халқаро телевизион анжуманга Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Тошкент” телеканали суратга олган “Жаннатмакон Ўзбекистон” фильми (“Бағрикенг Ўзбекистон” туркумидан) тақдим этилган. Ўтган йили Минск шаҳрида ўтган тадбирда юртимиз тележурналистларининг “Чорак аср шиддати: Сурхондарё” ҳужжатли фильми юксак баҳоланган эди.

Соҳа янгиликлари, телевидение ижодкорлари учун тажриба ва маҳорат майдони бўлишдан ташқари, МДҲ мамлакатлари ўртасида дўстона муносабатлар яхшиланишига ҳисса қўшаётган “ТЭФИ Ҳамдўстлик – 2018 ” 6 октябрда ўз ишини якунлайди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1