1

Эндиликда банклар ҳам микроқарз беради

ИҚТИСОДИЁТ 04.10.2018, 13:40
Эндиликда банклар ҳам микроқарз беради

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига иқтисодий муносабатлар ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун Президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" канали хабар берди.

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, банклар эндиликда микроқарз бериш банк операциясини амалга оширадиган бўлди.

Эндиликда лицензия талаб этадиган фаолият турлари учун лицензиянинг амал қилиши муддати чекланмаган ҳолда берилади. Қонунчиликда лицензиянинг муддати чекланиши мумкин, лекин бу муддат беш йилдан камбўлмаслиги лозим.

Шунингдек, киритилган ўзгартишларга кўра аэропортлардаги ташиш ишларини бажарувчи ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш, аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш учун лицензия олиш талаб этилмайди.

Микромолиявий хизматлар кўрсатиш шартномалари бўйича йиллик қарз миқдорининг ярмидан кўпини ташкил этадиган суммада фоизлар ҳисоблаш, воситачилик ҳақлари ва неустойка (жарима, пеня) ундириш, жавобгарликнинг бошқа чораларини қўллаш тақиқланади.

Эндиликда божхона брокери сифатида фаолиятни амалга ошириш учун рухсатнома талаб этилмайди.

Устав фондида давлат улуши бўлган корхоналар товарни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга олиб чиқиш учун товарни қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асосларини ваколатли орган билан келишиш, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларига зарар етказмаслиги ҳақида ваколатли органнинг хулосасини олиш талаби бекор қилинди.

Бундан ташқари божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестати бекор қилинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1