1

Шавкат Мирзиёев спорт соҳасини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди

СИЁСАТ 20.09.2018, 20:38
Шавкат Мирзиёев спорт соҳасини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълумки, жорий йил 5 март куни давлатимиз раҳбарининг “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Фармонга мувофиқ, илгариги давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташкил этилиб, унинг вазифа ва ваколатлари кенгайтирилди.

Спортчиларни танлаб олиш – селекция ишларини такомиллаштириш бўйича янги тизим жорий этилиб, бу ўзининг дастлабки натижаларини бера бошлади.

Август-сентябрь ойларида Индонезияда ўтказилган Осиё ўйинларида спортчиларимиз 21 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза – жами 70 та медални қўлга киритди. Мамлакатимиз олтин медаллар сони бўйича 5-ўринни эгаллагани ўзбек спорти тарихида энг яхши натижа бўлди.

– Биз халқаро спорт майдонларида Ўзбекистоннинг нуфузи ва обрў-эътиборини оширишга катта ҳисса қўшган спортчиларимиз билан фахрланамиз. Шу билан бирга, олий спортда эришилган ютуқлар билан чегараланмасдан, оммавий спортга ҳам катта эътибор беришимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янада ривожлантириш бўйича истиқболдаги муҳим вазифалар белгилиб берилди.

Аҳоли, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғуллантириш ишлари яхши йўлга қўйилмагани, дарсдан ташқари вақтларда таълим муассасаларидаги спорт объектларидан барча ёшдаги одамларнинг фойдаланиши ташкил этилмагани кўрсатиб ўтилди.

Бундан ташқари, жойлардаги бўш турган хусусий объектлар негизида аҳолини оммавий спортга жалб қилиш учун имтиёзли хизмат кўрсатувчи спорт марказларини ташкил этиш талаб этилади.

Шу боис Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Ёшлар иттифоқи, тегишли вазирликлар билан биргаликда таълим муассасаларидаги спорт иншоотлари ҳамда бўш турган объектларда спорт секцияларини очиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни кўриши зарурлиги таъкидланди.

Туман, шаҳар, вилоят ва республика миқёсида спорт мусобақалари сонини кескин кўпайтириш, ғолиб ва совриндорларни Ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан пуллик мукофотлар билан рағбатлантириш бўйича топшириқлар берилди.

Аҳоли, айниқса, ёшларни спортга кенг жалб қилиш учун “Алпомиш” ва “Барчиной” тестларини мусобақа тарзида ўтказишни ҳамда уч даражадаги кўкрак нишонлари билан тақдирлашни жорий қилиш вазифаси қўйилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1