1

Қалтис ҳазиллар “МИЛЛИОН”чилар учун қимматга тушди...

ШОУ-БИЗНЕС 26.09.2014, 16:05
Қалтис ҳазиллар “МИЛЛИОН”чилар учун қимматга тушди...

Жамоанинг лицензиядан маҳрум қилиниши сабаблари ойдинлашди

Кейинги йилларда ўзбек қизиқчилик санъатида бир неча янги қиёфалар кашф этилди. Хусусан, “Комеди.уз”, “Дизайн”, “Миллион” жамоаларини бунга мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Айниқса, “Миллион” жамоасининг чиқишлари кўпчиликни эътиборини тортди. Муносабат ҳам шунга яраша: кимдир жамоани мақтаса, яна кимдир умуман ҳазм қила олмади. яқинда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарқалган “Миллион” лицензиядан маҳрум этилганлиги тўғрисидаги хабар кўпчиликни бефарқ қолдирмагани аниқ. Бу борадаги тахмин ва овозаларга аниқлик киритиш мақсадида “Миллион” жамоаси аъзолари Беҳзод Комилжонов, Даврон Кабулов ҳамда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бўлим бошлиғи Одилжон Абдуқаҳҳоровларни суҳбатга чорладик.

— Олдин бир нарсага аниқлик киритиб олсак:  “Миллион” аввал ҳам бир неча бор огоҳлантирилганми?

Даврон Кабулов: — “Бир неча марта” дейилиши нотўғри. Ўтган йили концерт қўяётганимизда “Ўзбекнаво”дан огоҳлантириш олганмиз ва уларнинг тавсиялари бўйича дастурга ўзгартиришлар киритилган.

— Илк концерт дас­турларингиздаги Миржалол Қосимов билан боғлиқ кўриниш ҳали ҳам кўпчиликнинг ёдида. Терма жамоа­миз бош мураббийидан кечирим сўраганларинг ростми?

Даврон Кабулов: — Миржалол Қосимовдан жамоамизнинг ҳеч бир аъзоси кечирим сўрамаган, чунки кечирим сўрайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Ҳазиллар терма жамоани жаҳон чемпионатига чиқа олмагани билан боғлиқ, шахсиятга тегадиган эмас. Тадбирлардан бирида Миржалол акани учратиб қолдик, ўхшатиш қилган йигитимиз — Отабек  Миржалол акани олдига бориб, ўзини таништирган, у киши “Э, ўша бола сенмидинг, роса боплапсан-ку? Ўзим кўрмадим, лекин кўпчилик айтди” деган. Бор гап шу. 

—  “Миллион” кўпчиликнинг нонини яримта қилиб юргани учун шу аҳволга тушди, деган даъволарга нима дейсиз?

Беҳзод Комилжонов: —Жамоамизда фақат Даврон профессионал тарзда шоу-бизнес билан шуғулланади, қолган йигитлар учун бу ўзига хос хобби. Хабарингиз бор, 4 кун давомида “Истиқлол” санъат саройи­да концерт бердик. Энг паст – 10 мингдан 50 минг сўмгача бўлган нархларни белгиладик. Ҳамма ёққа тарқалиб, қўлма-қўл бўлиб кетган дисклардан ҳам бизга ҳеч қандай молиявий фойда йўқ. Қолаверса, “Миллион” жамоасида ўрнатилган темир қоида бор — жамоа тўй хизматларига бормайди. 

— “Дўст ким, душман ким, билиниб қолди”, дебсизлар. Буни қандай тушуниш мумкин?

Беҳзод Комилжонов: — Концертларимиз, дискларимизни кўриб, мақтаб юрганлар газеталар, сайтларда мақолалар чиқиб, лицензиямиз олингандан сўнг орқаваротдан “тўғри бўпти, аллақачон шундай қилишлари керак эди”, дейишибди...

— Бу муаммоларга дуч келмаслик учун концерт дастури сценарийсини “Ўзбекнаво” мутасаддиларига кўрсатиб олсаларингиз бўлмасмиди?

Даврон Кабулов: — Сценарийнинг хомаки нусхаси ҳам, саҳнада кетадиган якуний кўриниши ҳам “Ўзбекнаво”дан ўтказилган. Бусиз иложи йўқ. Фақат бир нарсани тушунмаяпмиз: концерт 5 ой аввал бўлиб ўтди, дисклар чиққанига ҳам бир-икки ой бўлди. Бирданига газеталар, сайтларда танқидий мақолалар, шов-шув...

— Йигитлар, охирги дастурда қалтис, қўпол ҳазиллар ҳам кетганлигини нега тан олмайсизлар? Санаб беришим мумкин.

Беҳзод Комилжонов: — «Камчилигимиз йўқ, лицензиядан бекор маҳрум қилишди», деган фикрдан умуман йироқмиз. Бизни тўғри тушунишларини истардик: “Миллион” йигитлари 6-7 йилдан бери санъатда ўзини синаб юрган бўлса-да, жамоа сифатида шаклланганимизга энди бир йилдан ошди. Бор-йўғи 2 та концерт қўйдик. Қисқаси, энди йўлимизни топяпмиз.

Даврон Кабулов: — Ҳар қандай танқидни қабул қилишга тайёрмиз. Чунки ҳали бир нарсани қойиллатиб қўйганимиз йўқ. Фақат келиб, биз билан танишиб, “Қани, сенлар нима қиляпсан ўзи? Мана бу саҳна кўриниши орқали нима демоқчисан” деб бир оғиз фикр сўрамасликлари алам қилади. “Ёшлар тарбиясига салбий таъсир ўтказади”, дейишибди. Йиллар мобайнида шаклланадиган тарбия қандай қилиб уч соатлик дастур давомида бузилиши мумкин?

— Ижтимоий юки бор кўринишларга кўпроқ урғу берилса яхши эмасмиди? 

Даврон Кабулов: — Кундалик ҳаётдаги муаммоларни саҳнага олиб чиқишга ҳаракат қиляпмиз.  Бир нарсани тўғри тушунайлик: кулгу дастурлари бошдан-оёқ жиддий мавзулар атрофида ўралашаверса, томошабин учун қизиғи қолмайди. “Миллион” саҳнага мажлис ўтказишга эмас, концерт бериш учун чиқади. 

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бўлим бошлиғи Одилжон Абдуқаҳҳоров:

— “Миллион” жамоасининг лицензияси ҳақиқатан ҳам тугатилган. Жамоа аъзоларига бунинг сабаблари тушунтирилди. Бу чора жамоа йўл қўйган хато ва камчиликларни бартараф этишлари учун қўлланилди. Концерт дастури давомида сценарийдан четга чиқиш ҳолатлари бўлган, қолаверса, лицензия айнан мана шу камчилик учунгина тугатилгани йўқ. Бошқа санъат турлари каби қизиқчиликнинг ҳам ўзига яраша талаблари бор ва истайсизми-йўқми, уларга амал қилиш керак. Ўйлайманки, жамоа бундан тўғри хулоса чиқаради. Кейин­чалик ижобий ўзгаришлар рўй берса, лицензия олиб, яна фаолиятларини давом эттиришлари мумкин. 

“Миллион” жамоаси аъзолари, “Ўзбекнаво” мутасаддиси ва журналист фикрлари билан танишдингиз. Бу вазиятда яна бир томон — мухлислар ҳам борлигини унутмаслигимиз керак. Кулгу санъати вакиллари (бу гап “Миллион” жамоасига ҳам тегишли) баъзан тор давралар, гап-гаштакларда айтишга лойиқ латифалар, кўринишларни саҳнага кўтариб чиқишдан тап тортишмаяпти. Меъёр, дид эмас, “томошабин шуни хоҳлаяпти”, деган баҳона кўпинча тош босиб кетаётганини  инкор этолмаймиз. Мунозарамизни ёзувчи Эркин Аъзамнинг фикри билан якунлашни лозим топдик: “Дунёда чорасиз нарса йўқ. Гап нимани танлаб, нимадан воз кечишда”.

Азизбек АБДУВАЛИЕВ.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1