1

Ўзбекистонда қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангалар муомалага чиқарилади

ЖАМИЯТ 26.08.2018, 12:10
Ўзбекистонда қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангалар муомалага чиқарилади

Марказий банк Бошқарувининг қарори (20.08.2018 йилда 3056-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангаларни сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш тартиби тасдиқланди. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.

Марказий банк томонидан юбилей саналари, шунингдек тарихий ва замонавий даврнинг муҳим воқеаларига бағишланган қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангалар муомалага чиқарилади.

Улар республика ҳудудида номинал қиймати бўйича қонуний тўлов воситаси, шунингдек номинал қийматидан юқори баҳоланувчи коллекция, инвестиция ва жамғариш объектлари сифатида муомалада бўлиши мумкин.

Бундай тангаларни сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш МБнинг ҳудудий Бош бошқармалари ва тижорат банклари орқали амалга оширилади. МБнинг расмий веб-сайтида бундай банкларнинг манзили ҳақидаги маълумотлар эълон қилиниб борилади. Тижорат банклари ушбу операцияларни МБ билан тузилган шартнома асосида амалга оширади.

Тангалар идентификация серия рақамига эга бўлган асиллик сертификати билан бирга муомалага чиқарилади.

Қандай қилиб «қимматбаҳо» тангалар соҳибига айланиш мумкин?

Бунинг учун МБ сайтида кўрсатилган банкларга мурожаат қилиш ва қуйидагича ҳақ тўлаш зарур:

  • жисмоний шахслар учун – нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб шаклида;
  • юридик шахслар учун – пул маблағларини ўтказиш йўли билан.

Тангаларнинг сотиш нархи ҳар ҳафтада камида 1 марта, миллий валютада белгиланади ва МБ сайтида эълон қилинади.

Танганинг қиймати қимматбаҳо металл баҳосидан келиб чиқиб белгиланади. Баҳолаш Лондон қимматбаҳо металлар ассоциациясининг (LBMA) эрталабки фиксинг нархи (белгиланган олтин баҳоси) ва сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курсига мувофиқ ҳисоб-китоблар асосида амалга оширилади ҳамда МБ сайтида эълон қилинади.

Тангаларни банкка қандай қилиб сотиш мумкин?

Тангаларни банкка топшириш шахсни тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлганда амалга оширилади, юридик шахс вакили эса, бундан ташқари, ишончномага эга бўлиши шарт. Операция далолатнома билан расмийлаштирилади.

Шундан сўнг тангалар 10 кун давомида асиллик даражасини аниқлаш мақсадида техник экспертиза ўтказиш учун Асиллик палатасига юборилади. Бунда тангаларнинг эгаларидан экспертиза учун тўлов ундирилмайди.

Асиллик палатаси 10 кун давомида экспертиза ўтказиб, унинг натижаларини МБга тақдим этади. Сўнгра худди шунча муддат давомида қайтариб харид қилиб олган банк тангалар эгаси билан ҳисоб-китоб қилади.

Тангани қайтариб харид қилиб олиш нархи топширилган кундаги қимматбаҳо металл нархидан ва ушбу нархга қўлланиладиган МБ Бошқаруви томонидан тасдиқланган чегирмага асосан белгиланади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1