1

Терлашга қарши восита қай бир тури маъқул?

СУҒДИЁНА 25.08.2018, 11:23
Терлашга қарши восита қай бир тури маъқул?

Қадимги Римда терлашга қарши эфир мойлари ишлатилган. Айтишларича, ўша пайтлар хушбўй ванна қабул қилиш нохуш ҳиддан халос бўлиш усули сифатида оммалашган экан. Эркаклар эса қўлтиқ остига хушбўй халтачалар осиб юришган.

Бугун терлашга қарши воситаларнинг хили кўп. Шундай бўлса-да, бир савол ўйлантиради: қай бири зарарсиз? Қуйида сиз учун фойдали тавсияларни ҳозирладик.

Бактерияларга қарши – дезодорант

Ушбу восита терида нохуш ҳид келтириб чиқарувчи бактерияларга қарши курашади. Бироқ дезодорантдан фойдаланганда тер ажралиши камаймайди.

Ҳозирги пайтда дезодорантнинг спрейли, қаттиқ қаламча, стик, део-тошли, кристалл, суртма, гель ва упа шаклидаги турлари бор. Стик, крем ва спрей кийимда доғ қолдиргани боис нозиктаъб аёллар эътиборини қозона олмади.

Гелсимон кўринишдаги дезодорантлар эса глицеринли бўлиб, либосда доғ қолдирмаслиги билан аҳамиятли. Упали дезодорантга келсак, у оддий талк ва турлича ифори билан фарқланади. Кристалл ва део-тошлар ўта таъсирчан тери соҳибалари учун айни муддао.

Бу мавсумда атир билан бирга қўллаш мумкин бўлган ҳидсиз, антибактериал хусусиятга эга дезодорантлар ишлаб чиқарилмоқда.

Иккитаси бирда

Ёзда терлашга қарши биринчи рақамли восита бу - антиперспирант. Дезодорантдан фарқи, у тер ажралиб чиқишини ҳам камайтиради. Антиперспирантдан фойдаланилганда маълум вақт терламайсиз ва нохуш ҳиддан халос бўласиз. Ушбу воситанинг ҳам қаттиқ, суюқ, гелсимон, шарчали, аэрозол, стик каби турлари бор. Энг оммалашгани қаттиқ стик ва гелсимон антиперспирант.Улар терига яхши сингади, кийимда доғ қолдирмайди ва силлиқ қобиқ ҳосил қилади.

Антиперспирант тер безларининг суюқлик ишлаб чиқариш жараёнини чеклаб, териости яллиғланишини юзага келтириши ва лимфа тугунларига зарар етказиши мумкин. Бунга унинг таркибидаги руҳ оксиди сабаб бўлади. Айни модда тер ажралишига қарши курашади. Шу боис антиперспирантдан мунтазам фойдаланиб бўлмайди.

Кимга қандай?

Уч соат давомида тер ҳидидан ҳимояланиш талаб этилса, дезодорантдан фойдаланган мақул. Кўпроқ вақт давомида тер ҳиди ва тер ажралиб чиқишидан халос бўлиш учун эса антиперспирант самарали воситадир.

Ушбу воситалар бир суткада бир маротаба қўлланади.

Тўғри қўлланг!

Душ қабул қилганингиздан сўнг дарҳол қўлтиқости терисига дезодорант сепишингиз керак. Агар ювинишнинг имкони бўлмаса, антибактериал салфетка ёрдамида тери юзасини артиб, сўнг сепинг.

Депиляциядан сўнг 2-3 соат ўтгачгина терлашга қарши воситани қўллаш мумкин.

Қуёшда тобланмоқчи бўлсангиз, қўлтиқ остига суртилган воситани ювиб ташланг. Йўқса, терида доғ пайдо бўлиши мумкин.

Спорт машғулотлари пайтида дезодорантдан фойдаланган мақул.

Таркиби муҳим

Маҳсулот ёрлиғида алюмин тузлари ва цинк мавжуд бўлса (хлорид, сульфат, лактат, хлоргидрат) ҳақиқатан ҳам у антиперспирант бўлади.

Алюмин тузларининг миқдори 25 фоиздан ортиқ бўлмаган тақдирдагина тери учун хавфсиз ҳисобланади.

Агар терингиз жуда нозик бўлса, таркибиданамлантирувчи ва юмшатувчи глицерин ва циклометикон мавжуд бўлган воситани танланг.

Маҳсулот ифори қанчалик ўткир бўлса, шунча кўп синтетик қўшимчалар солинган бўлади. Бу эса аллергия қўзғатиши ёки марказий нерв тизимига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Терлашга қарши воситани танлаётганингизда яллиғланишга қарши, бактериялардан ҳимоя қилувчи кумуш ионлари, алоэ ёки тирноқгул (календула) эфир мойлари қўшилганига аҳамият беринг.

Яна бир муҳим жиҳат: агар ушбу воситалар таркибида триклозан, фталат, пропиленгликоль, полиэтиленгликоль бўлса харид чоғи шошилманг. Уларнинг ўрнига таркибида минерал тузлар, эман пўстлоғи экстракти, маврак (шалфей) ва эфир мойлари борини танлаганингиз маъқул.

Давловчи турлари ҳам бор

Дорихоналарда қўлтиқ ости терисини қуритиб, кўп тер ажралиб чиқишига қарши курашувчи воситалар сотилади. Бундай дезодорантлар кўп терлайдиган аёлларга тавсия этилади.

Шунингдек, замонавий косметология нозиктаъб аёлларга тук ўсишини секинлаштирувчи, 48 соатлик ҳимояни таъминловчи, терини силлиқловчи, атир каби турли ифорга эга терлашга қарши воситаларни таклиф қилмоқда. Қай биридан фойдаланишни ўзингиз ҳал этинг.

Ширин СИДДИҚХЎЖАЕВА тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1