1

Анжирнинг барги, меваси, шарбати – бари даво

САЛОМАТЛИК 25.08.2018, 11:04
Анжирнинг барги, меваси, шарбати – бари даво

Анжир асалдай тотли ва ширали мевагина эмас, минг дардга даво неъмат ҳамдир. Унинг таркибидаги мис, темир, магний, кальций, калий, шунингдек, А, В витаминлари организмга жуда ҳам керакли озуқа ҳисобланади. Таркибида олмага қараганда кўпроқ темир моддасини сақлаганлиги туфайли анжир камқонликда кўпроқ тавсия қилинади.

Қон босими ошганда

Ҳар куни анжир истеъмол қилиш организмнинг кальцийга бўлган эҳтиёжини қондиради. Анжир таркибидаги калий унсури артериал қон босими бир меъёрда бўлишига хизмат қилади ва юқори қон босимида яхши фойда беради. Ҳозирги вақтда ишлов берилган замонавий озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига шу қадар кўп натрий моддаси қўшилганки, унинг калий билан ўзаро номутаносиблиги гипертонияга сабаб бўлмоқда. Энг ёмони, даволанишдаги қийинчиликдир. Чунки таркибида натрий сақловчи озиқ-овқат маҳсулотлари (сосиска, колбаса, ярим тайёр чучвара ва котлетлар)ни мунтазам истеъмол қилиш қон босими ошишига олиб келади. Шу сабабли гипертонияга дучор бўлган беморлар анжир ёрдамида қон босимини мўътадил ушлаб туришлари мумкин.

Ортиқча вазнга қарши

Анжир қон томирларини кенгайтиради, шу боисдан ҳам уни веналарнинг варикоз касаллигида ҳам истеъмол қилиш фойдали. Мева таркибидаги фицин моддаси қоннинг қуюқлашишини бартараф этади, томирлардаги тромблар сўрилади. У истеъмол қилаётган шакарингиз ёғга айланишининг олдини олади. Демак, уни ортиқча вазндан азият чекаётган кишилар иккиланмай ейишлари мумкин. Таркибидаги магний унсури сабабли анжир кайфиятни кўтаради, асабни тинчлантиради. Болаларга анжирни пўстлоғи билан эзиб, бўтқа ҳолида берсангиз, иштаҳаси очилишига ёрдам беради, ҳазм аъзолари фаолиятини яхшилайди.

Аёллар учун...

Менопауза жараёнини бошдан кечираётган аёлларга кўпроқ анжир ейиш тавсия этилади. Анжирда, айниқса, унинг пўстлоқ қисмида кўкрак саратонининг олдини олувчи моддалар бор.

Саломатлик рецептлари

Йўталга қарши. Анжирнинг қуритилган мевасидан 4 тасига бир стакан сут қуйиб, қайнатиб олинг ва 30 дақиқа давомида тиндириб қўйинг. Сўнг блендерда анжирли сутни аталаб олинг ҳамда 3 қисмга бўлиб, кун давомида 3 мартадан ичинг. Томоқ йўлларини юмшатувчи, йўтални бартараф этувчи ушбу табиий воситани болаларга берсангиз ҳам бўлади.

Сурункали қабзиятда анжирнинг 8 та қуруқ мевасини икки стакан сувда 20 дақиқа ўртача оловда қайнатилади. Сўнг яримта лимон суви, бир чой қошиқ занжабил (имбирь) кукуни қўшиб аралаштирилади. Шиша идишга қуйиб, қопқоғини зич ёпинг-да, салқин жойда сақланг. 14 кун давомида 3-4 маҳал 1 ош қошиқдан овқат орасида қабул қилиш ич қотиши муаммосини бартараф этади.

Авитаминоз (витамин етишмовчилиги) ва иштаҳани очиш учун. 9 дона анжир меваси ёки қоқисини 1 стакан сув билан 30 дақиқа паст оловда қайнатинг. Сўнг устига яна ярим стакан сув қуйиб, бир қайнатиб олинг. Бироз совугач, ярим стакан асал, 1 чой қошиқ майдаланган занжабил, битта лимон сувини сиқиб қўшинг ва 1 ой давомида 1 чой қошиқдан наҳорда оч қоринга қабул қилинг.

Аритмияда анжир, майиз, асал, ёнғоқдан тенг миқдорда олиб, гўштқиймалагичдан чиқарилади ва асал билан аралаштирилади. Кунига 2 маҳал, овқат орасида 1 ош қошиқдан аралашма тугагунига қадар истеъмол қилинади.

Сўгалларни бартараф этиш учун анжирнинг етилмаган меваларидан терилади ва унинг шарбати (сути) сиқиб олинади. Кунига 3 маҳал сўгалга анжир сути суртилади.

Жигар циррозида тўртта анжир япроғи яхшилаб ювилади ва 50 г миқдордаги шакар билан ҳовончада эзиб, бўтқа ҳолга келтирилади. Тайёр аралашма кунига 2 маҳал 1 чой қошиқда, 1 стакан сув билан 14 кун ичилади.

Бронхиал астма ҳуружидан азият чекадиганлар учун: қуритилган анжир баргидан 3 қошиғига ярим литр қайнаган сув қуйиб, термосга дамланади ва кечасига қолдирилади. Тайёр тиндирмани ҳар куни 4 марта ярим стакандан ичиш дардингизни енгиллатади.

Юрак ишемик хасталигида 150 г қора олхўри, 300 г анжир мевалари, 2 қошиқ бодом, майдаланган апельсин пўстлоғи, таъбга кўра асал қўшилади. Тайёр аралашманинг 2 қошиғини 1 стакан қатиқ ёки кефирга аралаштириб, ҳар куни эрталаб ейсиз. Бу аралашма юракни бақувват қилиб, организмга куч беради.

Унутманг! Қандли диабет, подагра билан оғрийдиган беморларга, ошқозон касалликларида, буйрак ёки ўт пуфагида тош ҳосил бўлишга мойиллиги бўлганлар анжирни камроқ истеъмол қилганлари маъқул.

Наргиза ШОДМОНОВА

тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1