1

Эндиликда халқимиз давлатнинг молиявий манбаларини бошқаришда ҳам иштирок этади (видео)

ЖАМИЯТ 24.08.2018, 10:16
Эндиликда халқимиз давлатнинг молиявий манбаларини бошқаришда ҳам иштирок этади (видео)

Очиқлик ва ошкоралик. Шаффофлик. Сўнгги икки йил ичида бу тамойиллар Ўзбекистонда олиб борилаётган халқчил сиёсатнинг асосига айланди...

Бу тезкор жараёнда турли соҳалар ва давлат идоралари ўз фаолиятларини халқ билан муҳокама қилиб, юртдошларимизнинг фикрлари асосида шакллантираётганининг гувоҳимиз. Қонун, кодекс, қарорлар бўладими, ундаги масалалар, янгилигу-ўзгаришлар обдон халқ элагидан ўтиб, фойда ва зиёни ҳисоб китоб қилиниб, тарозининг палласи керак, деган томонга босгандагина қабул қилишга қарор қилинмоқда. Нега? Сабаби оддий. Барча ишимиз очиқ ва ошкора бўлгандагина бизга, қилаётган ишимизга ишонч пайдо бўлади. Коррупциянинг олди олинади. Хориждаги ҳамкор бўламан деган сармоядорлар ҳам ҳеч иккиланмай биз билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилади.

Бундай очиқлик ва шаффофлик молиявий масалаларда бўлса, аввало, давлатнинг пулини қаерга ва қай мақсадда сарфланаётгани-ю, унинг ҳисобига бажарилган ишларнинг сифати ҳақида хабардор бўлиб бориш имкони туғилади. Буни оддий тил билан айтганда, халқ назорати дейилади. Биргина давлат бюджетини олайлик. Яшириб нима қилдик. Авваллари унинг очиқлиги, даромадлар ва харажатларнинг аниқ-тиниқ ҳаракати ҳақида ҳаттоки парламентда ўтирганлар ҳам батафсил қизиқмасди. Жамоатчилик эса бундан мутлақо бехабар эди. Давлатники у ёқда турсин, маҳаллий бюджетларнинг маблағлари қаерга, нимага сарфланаётганини билмасдик. Алал-оқибат бу яширин амалиёт бюджет маблағларини сарфланишида коррупция ҳолатларига ҳам йўл очиб бергани кўпчилик учун сир эмас. Хориждаги инвесторлар эса бюджетимизнинг кирди-чиқдиси ҳақида маълумот ололмагандан иқтисодиётимизнинг барқарорлигига шубҳа билан қараб келарди. Оқибатда сармоя киритишга кўпам шошилмасди.

Шу боис ҳам, Давлат раҳбари мазкур муаммоларни тўлиқ бартараф этиш мақсадида “Бюджет маълумотларини очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа марказининг навбатдаги шарҳи ана шу ҳақида.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1