Бу мева – гўзаллик эликсири!

САЛОМАТЛИК 23.08.2018, 14:25
Бу мева – гўзаллик эликсири!

Олхўри ҳақида гап борганида, одатда, унинг ич келишини яхшилаш хусусияти хаёлга келади. Аммо таҳририятга келган мактубларга қараганда унинг бошқа фойдали жиҳатлари ҳам бор. Бугун олхўри ёрдамида даволаниш усуллари билан таништирамиз.

  • Ширинлик — тишларимиз душмани. Аммо қора олхўри кариес ҳамда милк яллиғланишида фойдали. Бунинг учун 3-4 дона мевани косага солиб, устидан қайнаб турган сув қуйилади. Кечки пайт, ухлашдан аввал оғиз чайилади. Истасангиз, кунига 2-3 марта оғизни чайишингиз мумкин.
  • Аслида, барча мевалар қабзиятга қарши таъсирга эга. Аммо энг кучлиси — қора олхўри. Бунинг учун қора олхўрининг ўзини дамлаб ичиш ҳам мумкин. 4-5 дона қора олхўрини ювиб, устидан 1 стакан қайнаб турган сув қуйилади. Дамлама тонгда, қорин оч маҳали ичилади. Мевасини эса ейиш керак. Яна бир усул, олхўри дамламасига ярим стакан лимон шарбатини аралаштириб, эрталаб бир соат давомида ҳўплаб ичилади.
  • 2-3 та қора олхўри 1-2 стакан сутда қайнатилади. Мева юмшагач, данаклари олиниб, иссиқлигича қадоққа қўйилади. Малҳам совигач, иссиғига алмаштирилади. Имкон борича бу муолажа такрорланиши лозим. Шунда қадоқ юмшаб, тери ажралиши осон кечади.
  • Артериал қон босимини меъёрлаштириш учун олхўрили чой ичиш тавсия этилади. Бунинг учун 4 дона қора олхўрини 5 дақиқа давомида қайноқ сувда ивитасиз. Сўнг майда тўғрайсиз-да, кўк чойга аралаштириб дамлайсиз. Чой 10-15 дақиқа тиндирилгач, шошмасдан, ҳўплаб-ҳўплаб ичилади.
  • Юзимга ҳуснбузар чиқавергач, шифокорга бордим. Бир қанча текширувлардан ўтдим-да, ҳамма гап ичакларда эканлигини билдим. Ичакларни тозалаш учун эса уйда бажариладиган табиий усуллардан фойдаланишга аҳд қилдим. Менга қора олхўрили муолажа жуда ёқди. Ичаклар тозаланаётганида кўпроқ сув ичиш, ёғсиз, парда пиширилган таомлар истеъмол қилиш лозим. Аммо бу хамирли овқатлар бўлмаслиги керак.
  • Ортиқча вазндан халос бўлиш учун ширинликлардан тийилиш керак. Аммо бу мен учун осон эмасди. Дугонам озишда асқатиши мумкин бўлган рецепт ҳақида сўзлаб берди ва мен уни синаб кўрдим. Бир неча ой давомида анча вазн йўқотдим. Ширинликни тайёрлаш учун 400 гр қора олхўри, 100 гр.дан туршак, майиз, наъматак мевалари, 200 гр анжир қоқиси ҳамда 50 гр майдаланган сано ўтлари керак бўлади. Барча маҳсулотларни гўштқиймалагичдан ўтказиб, 200 гр асал аралаштириш лозим. Уни шиша идишга солиб, салқин жойда сақлаш керак. Бу витаминли ширинликни эрталаб ва кечки пайт бир ош қошиқдан, қайнатиб совутилган сув ичиб, ейиш мумкин.
  • Қора олхўри витаминларга бой бўлгани учун юз терисига фойда қилади. Масалан, унинг ёрдамида ажинларни текислаб, пигмент доғларни очартириш мумкин. Бунинг учун бир нечта қора олхўрини сутда пишириб, эзамиз ва тери куймайдиган иссиқликда юзга ниқоб қиламиз. 10 дақиқадан сўнг ниқоб ювиб ташланади. Бу муолажадан кейин юз териси юмшаб, тиниқлашади.
  • Қора олхўридан фақатгина даво сифатида эмас, таомларга ўзгача маза бериш учун ҳам фойдаланиш мумкин. Масалан, мен уни турли пишириқларга қўшаман. Қора олхўри гўштнинг айнимаслигига ёрдам беришини кўпчилик билмаса керак. Шунингдек, у сальмонелла, ичак таёқчалари ҳамда стафилаккокклар кўпайишининг олдини олади. Шу билан бирга у ўткир таъм бермайди ва гўшт таъмини ўзгартирмайди.
  • 200 грамм сулини 3 дона майдаланган қора олхўри билан аралаштирасиз. Унга 2 стакан сув қуйиб, паст оловда 30 дақиқа қайнатасиз. Идишни оловдан олгач, устини ёпиб, 2 соат дам берасиз. Сўнг докадан ўтказиб, кунига бир маҳал эрталаб 1 стакандан ичасиз. Дамлама 10 кун қабул қилинади.

Камола БОШБЕКОВА тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1