Биринчи ярим йилликда нақд пулга бўлган талаб ошди

ИҚТИСОДИЁТ 16.08.2018, 10:58
Биринчи ярим йилликда нақд пулга бўлган талаб ошди

2018 йилнинг январь-июнь ойларида муомаладаги нақд пуллар миқдори, пул айланмаси таркибидаги ўзгаришлар ҳамда мавсумий омиллар таъсирида шаклланиб борди. Бу ҳақда Марказий банк ахборот берди.

Хусусан, жорий йилнинг I чорагида муомаладаги нақд пуллар ҳажми 1,2 трлн. сўмга қисқарган бўлса, II чорагида 3,4 трлн. сўмгача ортиши кузатилди. Натижада, 2018 йилнинг I ярим йиллигида нақд пул массаси 2,2 трлн. сўмга ошди.

Нақд пулга бўлган талабни шакллантирувчи асосий омиллар

Юқорида таъкидланганидек, нақд пулга бўлган талабнинг ўзгариши асосан мавсумий омиллар билан изоҳланади. Бунда мамлакатимизга халқаро пул ўтказмалари ҳажмларининг асосан йилнинг иккинчи ва учинчи чоракларида бошқа чоракларга нисбатан кўпроқ бўлиши ва натижада, аҳоли томонидан тижорат банкларига хорижий валютани сотиш ҳажмларининг ошиши мос равишда нақд пулга бўлган талабнинг ортишига олиб келмоқда.

Банклар томонидан аҳолидан сотиб олинган хорижий валюталар ва пул ўтказмалари миқдори (млн. долларда)


Хусусан, агар жорий йилнинг I чорагида мамлакатимизга халқаро пул ўтказмалари орқали 950 млн. доллар миқдоридаги валюта маблағлари кириб келган бўлса, II чоракда ушбу кўрсаткич 1,4баробарга ошиб 1 335 млн. долларни ташкил этди.

Ўз навбатида, тижорат банклари томонидан I чоракда аҳолидан
420 млн. доллар миқдоридаги (3,4 трлн. сўм) хорижий валюта сотиб олинган бўлса, II чоракда ушбу кўрсаткич 2 баробарга ошиб 868 млн. долларни (6,9 трлн. сўм) ташкил этди. Мазкур ҳолат нақд пулга бўлган 3,5 трлн. сўмлик қўшимча талабни юзага келтирди.

Шу билан бирга, аҳоли томонидан чет эл валютасини миллий валютага айирбошлашга бўлган талабнинг ошиши миллий валюта курсининг жорий йил бошидан мустаҳкамланиб бориши билан ҳам изоҳланиши мумкин.

Банклар томонидан аҳолидан сотиб олинган хорижий

валюталар миқдори (млрд. сўмда)


Шунингдек, аҳолининг нақд пулга бўлган талабини тўлиқ қондириш мақсадида банкоматлар ва терминаллар тармоғи кенгайтирилиши ҳисобига пластик карталардан нақд пуллар ечиб олиш ҳажмлари ошди.

Хусусан, 2018 йилнинг II чорагида аҳоли томонидан пластик картадаги маблағлар ҳисобидан нақд пул ечиб олиш ҳажми I чоракдаги кўрсаткичдан 1,4 баробарга ортиб, 2,2 трлн. сўмни ташкил қилди.

Бу эса, аҳоли томонидан савдо ва пуллик хизматлар учун тўловларда нақд пуллардан фойдаланиш даражасини ошишига олиб келди.

Хусусан, жорий йилнинг январь-июнь ойларида савдо ва пуллик хизматлар учун нақд пулда тўланган тўловлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 баробарга ошган бўлса, терминаллар орқали тўланган тўловлар миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли ўзгаришсиз қолган.

Умуман олганда, банк пластик карталаридан нақд пулни ечиб олиш ҳажмларининг ошиб бориши ҳамда савдо ва хизмат кўрсатишдан тушган тушумлар таркибида нақд пуллар улушининг кўпайиши аҳоли учун нақд пулларнинг қулай тўлов воситаси бўлиб қолаётганлигидан далолат беради.

Шунингдек, жисмоний шахслар пластик карталаридаги маблағлари қолдиғи 2018 йилнинг январь ойидаги 1,6 трлн. сўмдан 16 фоизга ошиб июнь ойида 1,8 трлн. сўмни ташкил этди.

Бу ўз навбатида, аҳоли томонидан пластик карточкалардаги маблағларни исталган пайтда банк хизматларидан фойдаланган ҳолда нақд шаклда ҳеч қандай тўсиқларсиз ечиб олишга бўлган ишончининг ортиб бораётганлигини ва пластик карта хисобварақларида бўш пул маблағларини сақлашга қизиқишнинг ортаётганлиги билан изоҳланиши мумкин.

Шу билан биргаликда, пул-кредит соҳасидаги амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар таъсирида банк кассалари орқали нақд пуллар айланмаси ҳажмининг ортиб бориши кузатилмоқда.

Хусусан, 2018 йилнинг январь-июнь ойларида нақд пулларнинг банк кассалари орқали ўртача ойлик айланмаси ҳажми 11,7 трлн. сўмни ташкил этиб, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан (4,7 трлн. сўм) 2,5 баробарга ошиши кузатилди.

Банк кассалари орқали амалга оширилган нақд пул айланмалари ҳажми (млрд. сўмда)

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1