Фарҳод Саидов: «Хоним сотувчи аёлни ҳеч унутолмайман...»

ШОУ-БИЗНЕС 14.08.2018, 14:54
Теглар: Фото
Фарҳод Саидов: «Хоним сотувчи аёлни ҳеч унутолмайман...»

Миллий эстрада йўналишида самарали ижод қилиб келаётган изланувчан, серқирра санъаткор Фарҳод САИДОВнинг қўшиқларини каттаю кичик бирдек севиб тинглайди. У билан суҳбатимиз мароқли ўтди.

— Сиз хонанда, созанда, бошловчи, бастакорсиз. Буларнинг ҳар бирини маромига етказяпман, дея оласизми?

— Менга билдирилган бу таърифларнинг ҳаммаси санъатга дахлдор. Улар бир-бирини тўлдиради, бир-бирига керак. Агар мен бир вақтнинг ўзида ҳам шифокор, ҳам санъаткор ёки ҳунармад бўлганимда эди, бир нечта қуённинг ортидан қувяпсиз, дейишса ўринли бўларди. Аслида, болалигимдан санъатга меҳрим баланд. Тўрт ёшда қўшиқ куйлай бошлаганман.

Доира чалишни ҳам ўрганган экансиз, шундайми?

— Ҳа. Эсимда, мени стулга чиқариб қўйиб қўшиқ айттиришарди, «Қўнғироқдек овози бор-а» дейишарди. 1-синфга 6 ёшдан чиққанман. Мактабда ўқитувчиларимиз ўргатган қўшиқларни тадбирларда куйлаб берардим. 5-6 ёшимда «Боғимда гуллар чаман, мен гулларни қучаман»ни яхши кўриб айтардим. Кейинроқ Ортиқ Отажоновнинг қўшиқларини куйлай бошладим. 10 ёшимда Глиэр номидаги мусиқа мактабига ўтдим, «Булбулча» болалар хор жамоасида қўшиқ куйладим. Хорда 1, 2, 3, 4-овоз бўлади. Шермат Ёрматов хоҳлаган овозда куйлайвер, сенга мумкин, дердилар. Орадан вақт ўтиб, Ўзтелерадиокомпания қошида ташкил этилган ўсмирлар хорига бордим.

— Хонандаликка қизиқишингиз баланд бўлган экан. Аммо кўпчилик сизни созанда сифатида билади.

— Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Тўрт ёшда мусиқий саноғи қийин бўлган «Куйгай» қўшиғининг усулини чалиб кўрганман. Ашулада тўрту тўрт, учу уч саноғи алмашиб келади. Ўша кезлардасаноқни билмай туриб, эшитиш қобилиятим билан куйни доирада бинойидай чалганман.

— Соз чалишга қанча вақт ажратасиз?

— Одатда, кунига икки соат давомида соз чаламан. Ҳақиқий созанда бўлиш учун тинимсиз машқ қилиш керак. Консерваторияни битирганимга 20 йилдан ошди. Чолғудан узоқлашишим ҳам мумкин эди. Лекин кунига икки соат бармоқ юргизадиган машқларни бажармасам нимадир камдек туйилаверади. Сафардаманми, машинада кетяпманми, тадбирда бўламанми, кўнглим истаб қолса, албатта, соз чаламан. Бир ойда 3-4 кун «прогул» бўлади, холос.

— Тўйларда фақат жонли куйлайсиз. Ҳамма қатори фонограммадан фойдалансангиз ҳам бўлади-ку?

— (кулимсираб) Деярли 30 йилдан буён жонли ижрода куйлайман. Йигирма йиллик машаққатли меҳнатимдан нега воз кечишим керак? Бундан ўн йил олдин созандалар ҳеч кимга керак бўлмай қолганди. Фонограмма авжига чиқди. Бироқ бугунга келиб вазият бошқача. Жонли ижрога талаб ортиб боряпти.

— Агар ҳаётингиз ҳақида китоб ёзгудай бўлсангиз, қайси воқеани асарга киритган бўлардингиз?

— Ҳаётим давомида учратган бир қаҳрамоним бор – Озода опа. Оллоҳ раҳматига олсин, у билан опа-ука тутинган эдик. 90-йиллар, мен талабаман, Озода опа эса бозорчада хоним сотарди. Дўстим билан ўқишдан қайтаётганимизда Озода опа бир гуруҳ аёллар билан бирга хоним сотиб ўтирарди. Тоғоралар тагида кўмири бўлгани учун хонимнинг устидан буғ чиқиб турарди. Чўнтагимизда бир сўм йўқ, лекин сотувчи аёллар ёнидан “Бу неча пул, манавиниси-чи”, дея ўтиб кетардик. Ҳар замонда бирор сотувчи ушатилганидан қўлимизга тутиб манавиндан еб кўринг дерди. Бу бизнинг бахтимиз бўларди. Ҳар куни шу ҳолат, тўйиб ейишга шароит йўқ.

Бир куни Озода опа «Вой мани индийский болаларим, келинглар», деб илиқ қаршилади. Олтита хонимни ўраб бизгабериб юборди, пул ҳам сўрамади. Хонимни уйга боргунимизча учта-учтадан еб бўлдик. Шу-шу опа деярли ҳар куни бизни хоним билан сийлайдиган бўлиб қолди, бизга меҳри тушди. Мабодо, бормай қолсак,хавотир ҳам оларди. Бир марта опанинг ўзи касал бўлиб қолиб, ишга чиқолмади. Ижарада турган уйимизнинг балконидаги супача тагидан целлофанда эски макаронни топиб олиб, уни тузсиз сувда пишириб едик. Озода опа тузалиб чиққанидан сўнг ҳар ойда бир марта уйларида бизни меҳмон қиладиган бўлди. Бир куни яна нимадир бўлиб оч қолдик ва ярим тунда Озода опанинг уйига бордик. «Опа, уйга меҳмонлар келиб қолди, бозор қилдик. Лекин ҳеч қаердан нон тополмадик. Иложи бўлса 2 дона нон бериб туринг», дедик. Ваҳоланки, уйимизга меҳмон келмаганди. Улар кўзимизга бир қараб вазиятни тушундилар. «Ҳозир, тўхтаб туринглар», дедилар-да, 2 та катта қоғоз халтани тўлдириб чиқдилар. Ичида мева-чева, пишириқ, чучвара, сомса, хуллас, нозу неъматлар бор эди. Ўшанда қанчалар суюнганимизни тасаввур қилолмайсиз. Орадан фурсат ўтди, бизнинг ишларимиз кўпайди, ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб кетдик. Аввалига ойда бир, кейин икки-уч ойда Озода опани совға – салом билан йўқлайдиган бўлдик. Уйланганимиздан кейин оиламиз билан ўралашиб ёдимиздан чиқардик.

Бир куни хиёбонда болаларимни айлантириб юргандим. Бир аёл келиб, қучоқлаб, юзларимдан ўпиб кўришди ва «Мени танияпсизми?» деб сўради. Ҳайрон тикилиб турганимни кўриб «Озода опангизнинг ёнларида хоним сотиб ўтирардим», деди. «Эй, шунинг учун кўзимга иссиқ кўринибсиз-да, яхшимисиз? Опам яхшимилар?», десам, «Эшитмабсиз-да, опангиз вафот этди», деди. Шу сўзларни эшитиб, йиғлаб юбордим. Озода опани охирги манзилга кузатолмаганим учун ўзимдан хафа бўлиб кетдим. Шундай мурувватли, меҳрибон аёллар кўпайсин, дея доим дуо қиламан.

— Фарзандлар тарбиясида кўпроқ нимага эътибор қаратасиз?

— Уйга келганимда сув кранини бурашнинг ҳам қоидаси бор, деб биламан. Қаттиқроқ бурасангиз резинаси ейилади. Кранни бураётганимда шунинг эҳтиётини қиламан. Овқатланишга ўтирганимизда, аввало, кеча олиб келинган нонни ейман. Чунки рўзғорга керакли нарсалар, игнадан тортиб қуруқ чойгача пешона тери эвазига келади. Фарзандларимга ҳам мана шуларни қадрлаш ва эҳтиётлаш ҳақида кўп гапираман.

Ҳозирги болалар битта хонага қамалиб олиб, 5-6 соат вақтини телефонда ўтказади. Дўсти билан ҳам интернет орқали мулоқот қилади. Мен буни фожиа деб биламан. Шу боис фарзандларимга телефонда мулоқот қилишга рухсат бермайман. Кўчада одоб-ахлоққа, муомалага риоя этишларини сўрайман.

— Репертуарингиздаги «Кийикми буқўшиғингиз жуда оммалашган. Бундай натижани кутганмидингиз?

— Йўқ. Сабаби, ҳар не ҳодисанинг чевари Аллоҳ. Бу қўшиқни кайфият кўтарадиган қизиқ тарона экан деб куйлаганман. У машҳур бастакор Мусахон Нурматов мусиқаси билан яратилган. Одатда, бастакорнинг ёнида янги қўшиқ эшитиб кўрсам, унинг қандайлигини ҳис этмайман. Ижодхонамда 3-4 марта қайта-қайта эшитиб кўриб, кейин жавобини айтаман. Бундан ташқари, санъатдан хабари йўқ кишиларгаэшиттириб кўраман. Ўша қўшиқни ҳам шундай танлаганман.

— Масалан, кимларга эшиттирасиз?

— Турмуш ўртоғимга. Агар у “Бўлмайди!” деса, ҳақиқатан, минг ҳаракат қилайин айтганидек бўлади. “Худо хоҳласа бомба қўшиқ, бу”, деса шу қўшиқ жуда кўпчиликка манзур бўлади. (кулади) Мен уни ҳазиллашиб “дегустаторим” дейман. Рафиқам тиббиёт ходими, лекин қўшиқни яхши тушунади.

— Мутолаани ёқтиришингизни биламиз. Қайси асар сизни ниҳоятда ҳайратга солган?

— Адашмасам, 5-6 синф ўқувчиси эдим. Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини бир ойда 6 марта ўқиб чиққанман. Достондаги Меҳинбону образи мени ҳайратга солган ва йиғлатган. У Шириннинг тирик қолиши учун ўз гўзаллигини беради ва бутун умр пардада юради. Яна “Гўрўғли” достонини ҳам қайта-қайта ўқиганман. Ҳозир Машраб девонини, “Минг бир кеча” асарини имкон бўлганда мутолаа қиламан. Уйда кичик кутубхонам бор.

МОҲИНУР суҳбатлашди.

Шарҳлар

Педагогларни 3 йил куттирган қонундан қайси имтиёзлар “тушиб” қолган?

21.02.2024, 17:28

Хабарингиз бор, 2024 йил 1 февраль куни “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун имзоланди. Ундаги педагоглар учун энг асосий ўзгаришлардан бири – энди мактабга янги ишга кирган...
⚡️iPhone 16 кўриниши эълон қилинди

13.02.2024, 09:36

Твиттерда Majin Bu тахаллуси остида яширинган таниқли Apple инсайдери янги авлод iPhoneлари ҳақида янги маълумотлар билан бўлишди. Инсайдер хабаридан маълум бўлишича, компания бир вақтнинг ўзида...
Вайрон бўлган уйлар, жароҳат олган одамлар ва уларга ёрдам бераётган ходимлар… Сергелида отган машъум тонг (фотожамланма)

29.09.2023, 00:10

Бугун, 28 сентябрь куни соат 02:43 да Тошкент шаҳар Сергели тумани "Қурувчилар" даҳасида жойлашган омборхоналарнинг бирида кучли чақнаш оқибатида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берган...
Биринчи қор оғушидаги Тошкент (фоторепортаж)

05.12.2022, 20:26

"Ўзгидромет" башорат қилганидек, Ўзбекистонда қиш 1 декабрдан кириб келди. Дам олиш кунлари республикада ҳаво ҳарорати кескин тушиб, Нукусда -17 даражани, куни кеча Навоий вилоятида эса...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1