1

Самарқандда жиноятчиликни жиловлаш ишларининг янги босқичи

ЖАМИЯТ 16.07.2018, 13:11
Самарқандда жиноятчиликни жиловлаш ишларининг янги босқичи

Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга, ҳар бир фуқаронинг тинч ва осуда ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Бу борада Самарқанд вилоятини жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, аҳолида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг ҳар қандай кўринишларига муросасиз муносабат шакллантириш бўйича амалга оширилган ишларни алоҳида қайд этиш лозим.

Жорий йилнинг олти ойи мобайнида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида вилоятдаги 495 маҳаллаларда биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Содир этилган жиноятлар аввалги йилга нисбатан 1 245 тага ёки 40,2 фоизга, қотиллик 39,5 фоизга, босқинчилик 12,5 фоизга, оғир тан жароҳати етказиш 27,4 фоизга, талончилик 62,5 фоизга, фирибгарлик 49,2 фоизга, ўғирлик 45 фоизга, безорилик 72,9 фоизга, автотранспорт воситасини олиб қочиш 33,3 фоизга камайган.

Аҳоли билан амалга оширилган манзилли ишлар натижасида вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 12,8 фоизга камайган бўлиб, улар иштирокида Булунғур, Нарпай, Нуробод, Тайлоқ ва Қўшработ туманларида биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.

Жамоатчилик вакиллари билан яқиндан ҳамкорликда ўтказилган мақсадли профилактик тадбирлар натижасида ёшлар, хотин-қизлар, илгари судланганлар ва доимий иш жойига эга бўлмаганлар томонидан жиноят содир этилиши ҳолатлари сезиларли даражада камайган.

122.JPG

Эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда, айрим ҳудудларда маҳаллаларда уйма-уй юриб, аҳолида мавжуд муаммоларни аниқлаб бартараф этиш ҳамда жиноятчиликка муросасиз муносабатни яратиш ишлари тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги оқибатида вилоятнинг 591 та ёки ҳар иккинчи маҳалласида жиноят содир этилган. Айниқса, Самарқанд шаҳрида 43 та, Пастдарғомда 23 та, Ургутда 14 та, Иштихон ва Пайариқда 13 тадан маҳаллаларда жиноятлар содир этилиши кўпайганлиги ушбу ҳудудларда самарасиз профилактик тадбирлар амалга оширилганлигидан далолат беради.

Шунинг учун, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ички ишлар вазирининг қўшма фармойиши асосида Президент Девони, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратуранинг масъул вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилиб, улар томонидан вилоят ички ишлар органларининг жорий фаолияти мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга қанчалик мувофиқ ташкил этилганлигига баҳо бериш мақсадида ўрганиш ишлари бошланди.

123.jpg

Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ вилоятнинг Самарқанд, Булунғур, Жомбой, Каттақўрғон, Нарпай, Пахтачи ва Иштихон туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрида бўлиб, ҳар бир ходимнинг соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини тўлақонли англаб етганлиги ва уларни ҳаётга татбиқ этишда муносиб ҳисса қўшаётганлиги, фуқаролар билан хушмуомалада бўлиши, шунингдек, хизмат фаолияти учун яратилган шарт-шароитлар ва йўл қўйилаётган нуқсон ва камчиликларнинг туб сабабларини атрофлича ўрганди.

Бунда Самарқанд туманида оила-турмуш доирасидаги келишмовчиликлар тўлиқ ҳал этилмаганлиги сабабли оғир тан жароҳати етказиш, Каттақўрғон, Оқдарё туманлари ва Каттақўрғон шаҳрида фуқароларнинг мол-мулкини ишончли ҳимоя қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмаганлиги оқибатида ушбу ҳудудларда фирибгарлик, талончилик каби жиноятлар ошиб кетган.

Вилоятнинг мутасадди давлат идоралари, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар, “Маҳалла”, “Нуроний” ва бошқа жамоатчилик институтлари билан узвий ҳамкорликни ўрнатишга лозим даражада эътибор қаратилмаганлиги сабабли жиноят содир этган вояга етмаганлар Жомбой ва Самарқанд туманларида, аёллар жиноятчилиги Каттақўрғон, Ургут ва Тайлоқ туманларида, илгари судланганлар жинояти Булунғур туманида кўпайган.

Халқ билан мулоқот ўрнатиш ва аҳолининг муаммоларини жойида ҳал этиш чоралари талаб даражасида ташкил этилмаганлиги ҳамда шахсий таркибнинг хизмат фаолияти устидан кунлик назорат етарли даражада ўрнатилмаганлиги оқибатида Булунғур, Жомбой ва Каттақўрғон туманларида ходимлар томонидан хизмат интизомини бузиш ҳолатлари кескин кўпайган.

Ўрганишлар натижалари шу куннинг ўзида ҳар бир туман ички ишлар бўлими ходимлари иштирокида атрофлича ва танқидий муҳокама қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгуси фаолиятда йўл қўймаслик юзасидан аниқ муддатлар кўрсатилган вазифалар ҳамда ижроси учун масъуллар белгиланди.

Фаолиятида юқоридаги каби тизимли камчиликларга йўл қўйилганлиги учун Булунғур тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Содиқ Абдуҳакимов, Пахтачи тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Хайрулло Абдуҳамидов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Ўрганиш давомида вазир вилоятдаги ички ишлар органлари ходимларини соғломлаштириш марказига ташриф буюриб, даволанаётган фахрийлар, ходимлар ҳамда уларнинг оила-аъзолари билан учрашди ва яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Масканда даволанувчиларнинг мазмунли хордиқ чиқариши учун концерт дастурларини ташкил этиш, уларга Самарқанднинг тарихий обидаларига зиёрат ташкил этиш учун бир дона “Дамас” русумли автомашина тантанали равишда топширилди ҳамда кутубхона фондини янги китоблар билан тўлдириш мақсадида вазирлик ҳисобидан 20 миллион сўмлик пул маблағлари ажратилди.

Самарқанд вилоятида ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилаётган ўрганиш давом этмоқда.

Унинг натижалари бўйича қўшимча маълумотлар тақдим этиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар

вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий

ахборот воситалари билан

алоқалар бошқармаси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1