Муваффақиятга эришишнинг 10 сири

СУҒДИЁНА 10.07.2018, 16:34
Муваффақиятга эришишнинг 10 сири

1. Умидсизликка тушманг

Ноумидлик – муваффақиятга эришишга тўсқинлик қилувчи биринчи рақамли душман. Шунинг учун дарҳол умидсизликдан халос бўлишингиз зарур. Бунинг энг қулай йўли – Аллоҳ таоло сизга ато этган имкониятлар, қобилиятлар ҳақида тафаккур қилишингиздир. Олимлар айтишларича, инсон ўзига берилган имкониятларнинг фақат 10 фоизини ишлатар экан. Шундай экан, ҳозир сизда камида 90 фоиз имкониятингиз, ишлатилишини кутиб турган яширин қувватингиз бор. Агар уларни ишга сола билсангиз, муваффақиятингиз сари асосий қадамни босган бўласиз.

2. Йиқилиш – муваффақиятга эришиш йўли

Кўплаб кашфиётчилар, ишлаб чиқарувчилар жуда кўп марталаб омадсизликка учрайдилар. Лекин улар қайта-қайта уриниб кўрадилар. Бу эса охир-оқибат муваффақиятнинг сабаби бўлади. Агар бир неча марта омадсизликка учрасангиз, бу дегани сиз ҳеч қачон ютуққа эришмайсиз деганимас. Балки бу омадсизлик сиз учун тажриба, малака бўлиб, ундан келгусида юз берадиган тойилишдан сақланишни ўрганасиз. Шунинг учун ҳам “Чумоли мақсадига етиш учун 99 марта уриниб кўради ва юзинчи мартасида етади” деган гап бор.

3. Вақтни бошқариш санъати

Вақт орқага қайтмайди. Шунинг учун ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланишга ҳаракат қилинг. Вақтни зое қилишдан эҳтиёт бўлинг! Вақт сизни муваффақият сари етаклайдиган хазинадир, фақат бир шарти бор: сиз унинг ҳар бир лаҳзасидан оқилона фойдаланишингиз керак!

4. Тўғри қарор қабул қилиш

Нотўғри қарорлар – муваффақиятдан тўсадиган энг катта омиллардан биридир. Шунинг учун бир қарор қабул қилишдан олдин узоқ ўйлаб, масаланинг ҳар тарафини ҳисобга олиб, муносиб вақтни белгилаб, энг намунали тажрибадан фойдаланиб, тўғри қарор қабул қилишингизни маслаҳат берамиз. Шу ўринда бир қоидани эслатиб ўтамиз: “Икки нуқта орасидаги энг қисқа йўл – тўғри чизиқдир”.

5. Кичик нарсаларни паст санаманг

Кичик масалаларни арзимас санаманг. Гоҳида озгина фикр катта муаммонинг ечими бўлиши мумкин. Шунинг учун муаммоингиз ҳар қанча катта бўлмасин, унинг ечими жуда оддий бўлади. Фақат бир шарти бор: тангликдан халос бўлишингиз ва муаммога кичик, ечими бор нарса деб қарашингиз керак. Ана шунда тезда ечим топилади. Муҳими шошмасдан фикрланг ва муаммога ўз ҳажмидан катта тус берманг.

6. Биринчи қадамнинг аҳамияти

Дунёдаги энг узун саёҳат ҳам биринчи қадамдан бошланади. Агар сиз шу қадамни қўймасангиз, йўлнинг охирига етолмайсиз. Шунинг учун олдингизда катта лойиҳа, қилиниши керак бўлган муҳим иш бўлса, илк қадамни қўйишга иккиланманг! Ана шунда қолган қадамлар унинг ортидан бирма-бир келади. Муҳими, сиз шу биринчи қадамни пайсалга солманг. Лойиҳани амалга оширишдаги, муваффақиятга эришишдаги муҳим омиллардан бири – биринчи қадамни қўйишдир.

7. Аниқ мақсад – муваффақият калити

Агар сизда мақсад бўлмаса, ҳеч қачон муваффақиятга эришолмайсиз. Мақсадни аниқ қилиб белгилаб олиш маррага эришишнинг ярмидир. Шунинг учун амалга оширмоқчи бўлган мақсадларингизнинг рўйхатини тузиб, унга эришишга сабаб бўладиган энг афзал йўлни ўрганиб олишингиз керак. Ана шунда Аллоҳнинг изни ила муваффақиятга эришасиз.

8. Ростгўйлик

Муваффақиятга эришмоқчи, омадли етакчи бўлмоқчи бўлсангиз, ўзаро муомалаларда ростгўйлик ва бошқаларни ҳурмат қилишни ўзингизга шиор қилиб олинг. Шунда атрофингиздаги инсонларнинг ишончини, ҳурматини қозонасиз. Айтадиган ҳар бир сўзингиз рост бўлишига эътибор беринг ва шунга урининг. Билингки, муваффақиятга эришиш ва яхши раҳбар бўлишнинг энг қисқа йўлларидан бири – ростгўйликдир.

9. Вазиятни ва ҳиссиётларингизни бошқаринг

Омадга эришишнинг энг муҳим омилларидан бири – атрофингиздаги вазиятни ва ҳиссиётингизни идора қилишингиздир. Агар шундай қилмасангиз, мавжуд вазиятнинг ўзи сизни истаган куйига солиши ва тойилтириши мумкин. Шунинг учун ҳис-туйғуларингиз ва фикрларингизни назорат қила олинг. Омадга эришишингиз учун муносиб вақт ва шароитни изланг. Ҳеч қачон тасодифан омадга эришаман деб ўйламанг!

10. Меҳнат қилиш

Ишлаш – мақсадга етишишнинг энг асосий йўлларидандир. Муваффақиятга эришган инсонларнинг таъкидлашича, омаднинг 95 фоизи мунтазам ва давомли меҳнатдир. Ақл-заковат эса муваффақиятга эришишга атиги 5 фоиз ҳисса қўшади. Шунинг учун аниқ мақсадни олдингизга қўйиб олинг-да, меҳнат қилинг, ишланг, изланинг. Яхши натижани истасангиз, тиришиб, сабр-бардош билан ишланг. Ана шундагина Аллоҳнинг изни ила меҳнатингизнинг самарасини кўрасиз.

muslim.uzдан олинди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1