1

Майиб-мажруҳлар онаси (ҳикоя)

МУТОЛАА 06.07.2018, 21:41
Майиб-мажруҳлар онаси (ҳикоя)

Шу кунларда чўнтаги қаппайганлар маконига айланган пляжда ёш, дуркун, ҳамманинг севгисию ҳурматига сазовор парижлик аёлни кўриб, ўша даҳшатли воқеани, ўша баттол хотинни эсладим.

Ўша воқеадан кейин анча сувлар оқиб ўтди, лекин ҳануз унутолмайман.

Провинциал шаҳарчадаги бир ошнам каминани меҳмонга чақирди. Ошнам ҳурмат-иззатимни жойига қўйиб, мени ҳар ёққа судраганча, қалъа, фабрика, шаҳарнинг кўҳна харобаларини кўрсатди; бир қанча ёдгорликлар, черковлар, эски ўймакор дарвозалар, азим ва шаклдор дарахтларни томоша қилдик. Шаҳарнинг барча диққатга молик жойларини томоша қилиб бўлганимиздан сўнг ошнам куйиб-пишганча бошқа борадиган жой қолмаганини айтди. Енгил тин олдим. Ана энди сояда дам олиш мумкин. Аммо чучварани хом санабман.

– Дарвоқе, “майиб-мажруҳлар онаси” қолиб кетибди-ку, сенга, албатта, кўрсатишим керак , – деб қолди ошнам.

– “Майиб-мажруҳлар онаси” деганинг ким бўлди?

– У ўтакетган разил, нақ иблиснинг ўзи, ҳар йили атайин майиб-мажруҳ, бадбашара болаларни дунёга келтириб, бояқишларни ажабтовур томошалар кўрсатадиган одамларга пуллайдиган ялмоғиз. Манфур томошалари билан кун кўрадиганлар вақти-вақти билан биронта тасқарани туғмадимикин, дея ялмоғизникига йўқлаб боришади, мабодо бола маъқул келса, олишади, онасига эса бадал тўлашади. Ўша хотиннинг бундақа болалари ўн бир нафар. Туваги тиллодан унинг. Мени ҳазиллашяпти ёки лоф уряпти, деб ўйлаётган бўлсанг, адашасан, азизим. Бор ҳақиқатни айтяпман. Юр, ўша хотинни бориб кўрамиз. Кейинроқ сенга уни қандай қилиб майиб-мажруҳлар корхонасига айланиб қолганини сўзлаб бераман.

Ошнам мени шаҳар чеккасига бошлади.

Ҳалиги хотин йўл бўйидаги мўъжазгина уйда тураркан. Ҳамма ёқ саранжом-саришта, ёғ тушса, ялагудек. Қийғос очилган гулларга тўла боғдан ҳушбўй ислар таралади. Бу ерда битта-яримта истеъфога чиққан амалдор яшаса керак, деган фикр келади кишининг хаёлига.

Оқсоч бизни қишлоқча жиҳозланган меҳмонхонага олиб кирди, шунда илк бор уй соҳибаси — ўша баттол хотинни кўрдим. Ёши қирқлар атрофида. Бўйдор, дағалбашара. Соғлом-бақувватлиги эса чайир деҳқон аёлини эслатади, сирасини айтганда, яриммаҳлуқ-яримаёл. Ён-атрофдагилар у ҳақда висир-висир гаплар қилишини билармиди, бизни қовоғидан қор ёғиб қаршилади.

– Сизларга нима керак? – деб сўради у.

– Эштишимча, охирги болангиз оддий болалардан фарқ қилмас экан, акаларига ҳам зиғирча ўхшамас экан. Шу ростми-ёлғонми, ўз кўзим билан кўрмоқчийдим, – деди ошнам.

Хотин хўмрайиб-ўқрайганча шундай деди: .

– Э, йўқ, тақсир! Йўқ! Кичкинам акаларидан ҳам баттар. Пешонам шўр экан. Ҳаммаси мажруҳ, тақсир, ҳаммаси. Қайси гуноҳим учун Парвардигор мен муштипар онадан марҳаматини дариғ тутдийкин-а?

У мунофиқларча бошини хам қилиб, шоша-пиша бидирлади. Қўполдан-қўпол овозини юмшотишга тиришар, ўктам товушда эшитилаётган бу мунгли сўзлар суякдор, бесўнақай, давангир жуссадан чиқаётганига ишониш душвор эди.

– Болангизни бир кўрсак бўлармиди, – деб сўради ошнам.

Хотин сал қизаринқирагандек туюлди. Ё адашдиммикин? Бирпас сукут сақлаб:

– Кўриб нима қиласиз?! – деди-да, бошини шаҳд-ла кўтариб, бизга чақчайган кўзларини тикди.

Ошнам сўзида давом этди:

– Нега уни биздан яширяпсиз? Баъзи бир одамларга кўрсатармишсиз-ку?! Кимларни назарда тутаётганимни яхши фаҳмлаб турибсиз.

Хотин фиғони фалакка кўтарилиб, бизга ўшқира кетди:

– Ҳа, демак, шунга келибсизлар-да? Мени ҳақорат қилиш учун, тўғрими? Болаларим ҳайвонсифат бўлгани учун устимдан истаганча кулиш учунми? Сизлар уни кўрмайсиз, йўқ, асло кўрмайсиз. Қани, туёқларингни шиқиллатинглар! Намунча қонимга ташна қиласизлар?

У қўлини биқинига тираганча, бизга ташланди. Шу чоғ қўшни хонадан қўпол овозга жавобан ингроқ, тўғрироғи, мушукнинг миёвлаши янглиғ телбанинг аянчли чинқириғи эшитилди. Этим жимирлаб кетди. Биз чекиндик.

Ошнам саннаб-саннаб:

– Эҳтиёт бўл, урғочи иблис (одамлар унга лақаб қўйишган экан), эҳтиёт бўл, бир кун келиб қилмишларингга жавоб берасан.

Хотин ғазабдан қалтираб, қўлларини пахса қилиб бўкириб берди:

– Даф бўлинглар! Ҳеч қанақа жавоб-павоб бермайман. Йўқолинглар! Аблаҳлар!

Сал қолса бўғзимиздан оларди. Дилимиз хуфтон бўлиб, қуённинг расмини чиздик.

Уйдан чиққанимизда ошнам:

– Хўш? Кўрдингми? Нима дейсан? – деб сўради.

– Бу ялмоғизнинг ўтмишини гапириб бер, – дедим.

Ўроққа келиб қолган, шабададан денгиз мисол шовуллаётган буғдойзор оралаб кенг сўқмоқдан ўтиб бораётганимизда ошнам менга қуйидаги ҳикояни сўзлаб берди.

Бир замонлар у фермада хизматкор бўлиб ишлайдиган меҳнаткаш, ибо-ҳаёли ва ўзига пишиқ қиз экан. Жазманлари борми-йўқми, ҳеч ким билмаган, қолаверса, ҳеч қандай иллати ҳам бўлмаган.

Аммо-лекин ўримдан сўнг, кишини лоҳас қиладиган дим ҳаводан йигитлару қизларнинг баданларидан маржон-маржон тер қуйиладиган қора булутли оқшомлардан бирида, буғдой боғламлари орасида иффатини йўқотади.

Тез орада бўйида бўлганини билиб, уят ва даҳшат ҳиссидан ич-этини ейди. Гумонасини яшириш учун арқон ва тахталардан махсус корсет ясаб, қорнини маҳкам боғлайди. Ҳомила улғайгани сари корсетни қаттиқроқ сиқиб боғлайверади, мислсиз азоб-уқубатларга дош бериб, сир бой бермаслик учун ўйнаб-кулиб юраверади.

Қиз қорнидаги митти вужудни исканжага олиб, майиб-мажруҳ қилади, уни эзиб, пачоғини чиқаради, маҳлуқ қиёфасига солади. Япасқи бошчаноқ чўзинчоқ шаклга киради, катта-катта бир жуфт кўз пешонага чиқиб қолади, танага чиппа ёпишган оёқчалар ток зангидек акашак, бармоқлар ўргимчак панжаларидек ингичка бўлиб қолади. Гавда эса митти ва юмалоқлигича қолади.

Баҳор кунларининг бирида, далада қизнинг кўзи ёрийди. Ёрдамга шошган ишчи хотинлар қизнинг қурсоғидан чиқиб келган маҳлуқни кўриб, додлаб қочиб қолишади. Иблисдан бола туққанмиш, деган миш-миш овоза бўлади. Ўшанда бери қизни “урғочи иблис” дейдилар.

Қизни фермадан ҳайдаб юборишади. У тиланчилик қилиб кун кўради, эҳтимол, яширинча танасини ҳам сотгандир, ахир ҳамма эркаклар ҳам дўзах азобларидан қўрқавермайди.

Ногирон боласини минг бир нафрат ила боқади, агар руҳоний суд билан қўрқитмаганда, ким билади, балки боласини бўғиб ўлдирармиди.

Кунларнинг бирида ажабтовур томошалар кўрсатадиган одамлар шу яқиндан ўтиб кетаётиб мажруҳ бола ҳақида эшитиб қоладилар ва онасидан уни кўрсатишини илтимос қиладилар. Мабодо тасқара уларга тўғри келса, ўзлари билан олиб кетишларини айтишади. Тасқара болакай уларга тўғри келади ва ўша заҳоти аёлга беш юз франк тўлашади. Аввалбошда аёл боласини кўрсатишга уялади, бироқ эвазига пул беришларини, мажруҳ боласи уларга зарурлигини тушунгач, ҳар бир тийин устида савдолаша бошлайди, гўдагининг майиб-мажруҳлиги билан уларни аврашга тушади. Чув тушириб кетмасликлари учун улар билан битим тузади. Шундай қилиб, улар гўёки болани хизматга олгандек аёлга йилига тўрт юз франк тўлашга ваъда беришади.

Кутилмаган омаддан она ақл-ҳушини йўқотиб қўяди, янада мўлроқ пул топиш илинжида бошқа бир майиб-мажруҳни дунёга келтиришни кўнглига тугади. Пушти иссиқ бўлгани учун ниятини амалга оширади ҳам. Кейинчалик ҳомиладорлик пайтида қорнининг бир ерини маҳкамроқ, бир ерини бўшроқ қисиб, туғилажак болаларига турли-туман шакл беришни ўрганиб олади.

Ундан найнов ва калтабақай, қисқичбақага, калтакесакка ўхшаган болалар туғилади. Баъзилари нобуд бўлганида, тушкунликка тушади. Суд аралашмоқчи бўлади-ю, аммо ҳеч нарсани исбот қилолмайди. Ахийри, янги-янги маҳлуқчаларни дунёга келтиришига қўйиб бериб, уни ўз ҳолига ташлашади.

Ҳозир унинг ўн бир нафар боласи бор ва улар оналарига ҳар йили, тахминан, беш-олти франк даромад келтиришади. Фақат биттаси, бизга кўрсатишни истамагани “ишга” жойлаштирилмаган. Лекин у ҳам онасининг қарамоғида узоқ қолмаса керак, эндиликда кўзбойлоғичлар аёлни, янги биронта тасқара йўқмикин, дея тез-тез йўқлаб туришади.

Агар боласи ўта тасқара бўлса, ҳатто кимошди савдоси ҳам ўтказармиш...

Ошнам ҳикоясини тугатиб, жимиб қолди. Мен ич-ичимдан нафратланиб, фиғоним фалакка кўтарилди, ҳали ёнимдалигида уйинг куйгур ялмоғизни бўғиб ўлдирмаганимга афсусландим.

– Уларнинг отаси ким? – деб сўрадим ошнамдан.

– Ким билади дейсан. Урғочи иблис буни сир тутади. Балки даромадга ҳам шерик қилгандир...

Шу кунларда пляжда ёш, дуркун, ҳамманинг севгисию ҳурматига сазовор парижлик аёлга кўзим тушмаганида, балки бу азалги воқеани ёдга олмасмидим.

Курортда шифокор бўлиб ишлайдиган дўстим билан соҳил бўйида сайр қилиб юрардик. Бир маҳал энага билан қумда ўйнаётган уч болакайни кўриб қолдим. Қумлоқда бир жуфт қўлтиқтаёқчаларни кўриб эса юрагимга симиллаган оғриқ кирди. Шунда учала болакай ҳам мажруҳ, букри, қўрқинчли эканини пайқадим.

  • Булар ҳозиргина кўрганинг — ойимтилланинг болалари, – тушунтирган бўлди дўхтир дўстим.

Бу аёл ва унинг болаларига раҳмим келиб :

– Эҳ, шўрлик она! Ўйнаб-кулиб юришга қаёқдан куч топяпти-я?!

– Ойимтиллага раҳминг келмасин, азиз дўстим, – деди дўхтир ошнам. – Ундан кўра манави норасидаларга ачин. Белни таранг тортиб, хипча қилиб юришнинг касрига мана шулар азият чекяпти. Бу ногиронлар — корсет тақиб юришнинг ҳосиласи. Хонимча корсет тақиб ўз ҳаётини ҳам хавф остига қўяётганини жуда яхши билади. Лекин унга барибир — қадди расо бўлса, уни севиб-ардоқлашса бас!

Алқисса, майиб-маҳруҳ болаларини пуллаган ўша баттол хотин, урғочи иблисни эсладим.

Ги де МОПАССАН (фаранг адиби)

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1