Ўзбекистонда 15 июлдан энг кам иш ҳақи миқдори оширилиши мумкин

ЖАМИЯТ 02.07.2018, 16:40
Ўзбекистонда 15 июлдан энг кам иш ҳақи миқдори оширилиши мумкин

Ўзбекистонда 15 июлдан энг кам иш ҳақи миқдори тахминан 7 фоизга оширилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон иқтисодиёт вазири ўринбосари Мубин Мирзаев «Газета.uz»га маълум қилди.

Мубин Мирзаев 2017 йил декабрида берган интервьюсида Ўзбекистонда иш ҳақининг инфляция оқибатида йўқотилган қисмини ҳар олти ойда компенсация қилиш тизими жорий этилиши, иш ҳақининг ўсиш суръатлари инфляция даражасидан паст бўлмаслигини маълум қилган эди.

Халқаро пресс-клубнинг 2 июль, душанба куни бўлиб ўтган навбатдаги анжуманида Ўзбекистон молия вазири Жамшид Қўчқоров 2018 йил биринчи ярим йиллигида инфляция 6,2 фоизни ташкил этганини маълум қилди.

«Илк бор прогноз кўрсаткичларга эришилди ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ушбу рақамларни шубҳа остига олмади. Бунгача ХВЖ бизнинг баҳолашларимизни ҳеч қабул қилмаган», — дея тан олди Молия вазирлиги раҳбари.

Шундай қилиб, энг кам иш ҳақининг кутилаётган индексацияси (тахминан 7 фоиз) биринчи ярим йилликдаги инфляция даражаси (6,2 фоиз)дан юқори бўлади.

Мубин Мирзаевнинг таъкидлашича, йил охирида иш ҳақи — иккинчи ярим йилликдаги инфляция даражасидан келиб чиқиб — яна бир бор индексация қилинади. «Бу бюджетда кўзда тутилган», — деб айтган у.

Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистонда энг кам ойлик иш ҳақи миқдори — 172 240 сўмни ташкил қилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1