Долзарб мавзулар Фото

Одамларга шифо берувчи Қўчқорли ота зиёратгоҳи

Теглар:
Добавлено: 23.06.2018, 11:45

Қўчқорли ота зиёратгоҳи ҳақида халқ ичида турли ривоятлар юради. Тарихий манбаларга қараганда, IX – X асрларда Дўстқора деган овчи шу ерни макон тутиб, атрофда ов қилган. Соғлиғи бироз ёмонлашгач, жўшиб турган булоқ сувидан ичиб турган. Бу ҳол бир неча бор такрорлангандан кейин Дўстқора бобо бутунлай соғайиб кетган.

Бу янгилик қишлоқ аҳлига тарқалган. Айтишларича, шифобахш булоқ сувидан ичган ҳар бир одам у ёки бу даражада тетиклашиб, даво топган экан. Шу-шу Қўчқорли ота зиёратгоҳига эътибор, унга бўлган эътиқод кучайган. Қишлоқлар аҳли, зиёратчилар бу маконни муқаддас деб билган.

– Дўстқора овчининг авлодлари бўлган отам Ҳасан бобо, онам Ойширин момолар (охиратлари обод бўлсин!) узоқ йиллар бу масканни обод сақлаганлар, – дейди уларнинг фарзанди, мазкур маскан раҳбари Равшан Назаров. – Ҳомийлар, қавму қариндошлар кўмагида зиёратгоҳга айлантиришган. Натижада Қўчқорли отага келувчилар сафи ортиб, бу ердан қайнаб чиқаётган бир ариқ булоқ суви Қўчқорли ота қишлоғи аҳлига деҳқончилик ва чорвачилик қилишлари учун етиб ортмоқда.
Нуробод ва Нарпай туманини ажратиб турувчи Қоратоғ этагидаги мазкур зиёратгоҳни кўриш учун йўлга тушдик.

Яхши ҳамроҳ суҳбатдошингиз бўлса, йўл узоқлиги билинмайди, дейишади. Ям-яшил кенгликларда турналар ҳам пастлаб-пастлаб учади. Гоҳ-гоҳида сурув-сурув қўй ва эчкилар кўзга ташланади. Катта йўлни гоҳ тошбақа имиллаб кесса, гоҳ типратикан ва калтакесаклар зипиллаб ўтади. Қирларда митти-митти бўлиб гуллаган, қизил, сариқ, оқ, сиёҳранг, кўк рангдаги митти гуллар моҳир гиламдўзлар яратган чаманзор кашталарни эслатади. Қўчқорли ота қишлоғи – жаннатмакон гўша. Мўъжаз зиналардан кўтарилиб, қўчқор ҳайкали қўриқлаб турган зиёратгоҳга етиб келдик. Ҳовлида ўзгача тароват ва файз мужассам. Зилол сувли ҳовуз устида қурилган сўриларда зиёратчилар дам олиб ўтиришибди. Бизга шу гўшанинг иш юритувчиси Равшан Назаров пешвоз чиқди. Равшан ака бу гўшанинг тарихи ҳақида айтиб: – Бизнинг авлодбошимиз шу ерда адашиб қолиб, булоқдан сув ичиб, намоз ўқиётса, ёнида соч-соқоли оппоқ бир нуроний ҳам бирга намоз ўқиётган экан. Ғойибдан келган нуроний бобомизга «Шу ердан маскан қур, обод қил кам бўлмайсан», дебди.

Бобомиз бу сирни ўзи хизмат қилаётган бойга етказади. Бой бу гапдан ҳайратланиб, унга қизини никоҳлаб беради ва "Бахтли бўлинглар, бу гапда бир ҳикмат бор", дейди. Ёш оила бу ерда яшаб қолишади. Худонинг амри билан харсангтош устида ҳар чоршанба қўчқор пайдо бўлади. Оила аъзолари қўчқорни сўйса, бир ҳафтадан сўнг яна қўчқор пайдо бўлаверади. Оиладаги болалар катта бўлгач, бу ҳол такрорланмайди. Шу-шу бу жой Қўчқорли ота бўлиб қолган. Халқ ичида бу каби жуда кўп ривоятлар юради.
Зиёрат қилишга ошиқдик. Дастлаб, балиқлар ўйнаган тип-тиниқ булоқдан эзгу ниятлар билан сув ичдик.

– Бу булоқ суви жуда фойдали, – дейди ҳамроҳимиз. – Айниқса, овқатни тез ҳазм қилади. Балиқларга эътибор қилинг, ҳаммаси майда, лекин бир қарич бўлгач, улар ғойиб бўлади. Қишлоқ нуронийлари бир балиққа қизил ип боғлаб синаб кўришса, ўша балиқ бу ердан бир неча чақирим узоқликдаги Нурота зиёратгоҳидан чиқади. Ўртада қандайдир сирли боғлиқлик бордек.

Эътиборимизни бир дарахтнинг антиқа томири тортди. Эл ичида бу туйнуксимон томир орасидан белини юқорига теккизиб ўтса, бел оғриғи даф бўлар экан. "Бу ердан ўтиб, тузалиб кетдим", дея хурсанд ҳолда қайта зиёратгоҳга келганлар кўп.
– Бу ерга фарзандталаблар кўпроқ келишади, – дейди нарпайлик зиёратчи Муяссар Сайфиева.
– Фарзандларимизнинг бахти-тахтини тилаб, ихлос билан ҳар йили бу қадамжога келиб турамиз, – дейди пахтачилик зиёратчи онахон Ойбўстон Шукурова. – Аввало, худога шукр, кам бўлганимиз йўқ.

Қўчқорли отага олис вилоятлардан, ҳатто чет эллардан ҳам зиёратчилар келиб туришар экан. Чунки тоза ҳаво, эртакнамо гўзал табиат, шифобахш булоқ суви танангизни яйратади. Ихлос ва ишонч кишига руҳий мадад беради. Биз ҳайрат ва тилсимлар манзилидан қайтар эканмиз, атрофни тун забт эта бошлади. Аммо бугунги кундан олган таассуротларимиздан қалбимиз тобора ёришиб борарди. Йўл тугади-ю, Қўчқорли ота хаёллари тугамайди. Кўрганларимизни сиз, азизларга илинишга шошилдик.

Маскан обод ва саранжом сақланмоқда. Туман ҳокимлиги маҳаллий ва чет эллик туристларни чорлаш учун андазалар асосида кўпроқ ўриндиқлар ўрнатиб, керакли йўл харитаси билан таъминлаб, қатнов йўлига озгина ҳаракат қилинса, нур устига аъло нур бўларди. Чунки Қўчқорли ота бу атрофдаги олтита катта зиёратгоҳлар – Нурота, Аработа, Остонабобо, Оқота, Кўкоталарнинг бири бўлиб, бориб кўришга, қалбларни поклашга, эзгу тилаклар билдиришга арзийдиган республикамиздаги жаннатмакон гўшалардан биридир.

zarnews.uzдан олинди

Google+
WhatsApp
VK
Telegram

Комментарии