"Китобни севувчи ва унга мунтазам тарғиб этувчи зот эдилар"

ЖАМИЯТ 22.06.2018, 17:24
Теглар: хотира
"Китобни севувчи ва унга мунтазам тарғиб этувчи зот эдилар"

Рамазон – Аллоҳ таоло Ўзи улуғлаган, ҳар сонияси раҳмат ва баракотларга тўла ой. У яна келди ва яна жуда тез ўтди. Мўмин киши учун Рамазоннинг тугаши қайғу бўлса, юртимиз мусулмонлари учун бу хотима икки ҳисса қайғуни уйғотди. Рамазонни хуш кўрадиган, унинг фазилатлари ҳақида экранларда, масжидларда жўшиб сўзлайдиган, “Бу ой уйқу билан ўтказадиган ой эмас”, дея огоҳ этадиган Анвар қори домла Турсунов суйгани билан: Рамазон билан бизни тарк этдилар.

Боқийлик, мангулик ёлғиз Аллоҳга хосдир. Ўлим ҳар бир жонзот бошида бор. Ўлим тириклар ва ўликлар орасига тўсиқ солади: тирикларни тор оламда қолдириб, ўлганларни кенг оламга олиб ўтади. Ҳаёт қонуни шу. Аммо ўлим жасадни олса ҳам, қалблардаги муҳаббату вафони ҳамда эзгу хотираларни ҳеч қачон олиб кета олмайди!

Ҳижрий 1439 йил, Рамазон ойининг 28 куни, милодий 2018 йилнинг 13 июн куни тонгида таниқли уламо, имом-хатиб, машҳур нотиқ, Навоийшунос олим Анвар қори домла Турсуновнинг вафоти миллат мусулмонларига катта мусибат бўлди. Ўша кунларда унинг вафоти халқ орасида ва ижтимоий тармоқлардаги энг улкан ҳодисага айланди.

Шу куни Тошкент аҳли ўзининг бош имом-хатибини сўнгги манзилга кузатиш учун кўзларда ёш, қалбларда изтироб билан “Минор” жоме масжидига йиғилди. Хонақоҳни аллақачон тўлдириб ўтирганлар меҳроб томонга боқар, гўё ҳозир аср намозига азон айтиладию, Анвар домла жамоат олдига қўллари кўксида, ним табассум билан савлат тўкиб, меҳроб ортидаги хонасидан чиқиб келади… Ҳовлиларга сиғмай кўчаларнида тўлдирган жамоат атрофга жавдирар, гўё ҳайдовчиси билан муҳим тадбирдан масжидига, намозни адо этиб беришга шошиб келаётган Анвар домла автотураргоҳда тушиб қолиб, ўз хонасига яна юриб кетади….

Наҳот энди бу манзарага мухлис аҳли гувоҳ бўлмайди… Устоз яна ўзининг масжидига келди. Бироқ барчамиз унга тушувчи тўрт оёқлик чўбим отда келди…. Ҳаётликларида бўлгани каби барча устозга яна талпинар, энди бу сафар тобутларини кўтаришга ошиқар эди. Уламолар, имом-хатиблар, мусулмон аҳли устозни сўнгги манзилга ана шундай изтироб ила кузатиб, ҳаққларига тинимсиз дуолар қилдилар. Қуръони карим тиловатлари ҳалигача узилаётани йўқ.

Айни фурсатларда оз муддат устозимизнинг ҳузурларида хизматда бўлган ходим сифатида у киши ҳақидаги ёрқин хотираларимиз, қалб битикларимизни ифода этсак.

Тан олиш керакки, Анвар қори Турсунов сиймоси динимизга, халқимизга буюк хизмат қилган кишилар қаторида туради. Буни ҳар қандай инсофли киши эътироф этиши мумкин. Аллоҳ таоло у кишига шундай улуғликни насиб этди. Бу, албатта, у кишининг Аллоҳга, Унинг динига бўлган муҳаббати, серқирра фаолияти, маърифатга, китобхонликка бўлган самарали тарғибидан нишона эди. Зеро, Аллоҳ бу каби хизматларни ҳар кимга ҳам насиб этавермайди, бунинг учун ихлос, фидоийлик, сабр-матонат керак.

Кучли нотиқ, ўткир воиз эдилар. Аллоҳ таоло у кишига шундай бир теран тафаккур, равон нутқ ато этган эди. Гапирганда дона-дона сўзлар, сўзлари билан ҳар қандай кишини ўзларига ром этиб қўяр эдилар. Ваъзлари таъсирчан, эшитгувчини ҳеч ҳам зериктирмас, балки, яна кўпроқ эшитишга ундар эди. Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлардан гапирсалар, албатта уни содда тилда тафсир ва шарҳ қилар, воқееликка боғлаб тушунтирар эдилар.

Йирик анжуманлар, маънавий-маърифий тадбирларда сўзга чиқишларидан аввал мавзу юзсидан тезис тақдим қилинганда ана шу тезисга дарров кўз югуртириб олар, сўнгра ўзлари ҳеч қандай ёнларидаги қоғозга қарамай маъруза қилар эдилар. Айни пайтда аввалги маърузалар бироз аудиторияни зериктирган бўлса, устозимизнинг чиқишлари, содда ва лекин ниҳоятда мазмунли бўлиб йиғилганларни қайта “уйғотар” эди.

Жуда зийрак инсон эдилар. У киши ҳар бир одамни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллмнинг суннатларига мувофиқ ўз савиясига, ўз мақомига яраша сўзлашар ва суҳбатдошларининг барини хурсанд қилар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир саҳобалари Расулуллоҳ мени ҳаммадан яхши кўрар эдилар дейишар эди. Худди шу суннатни ул зот ҳам қилиб ҳамма билан ширин муомала қилиб, хушхабарлар айтиб кўнглини кўтарар, табиатига яраша меъёрида ҳазил-мутойиба билан шод этар эдилар.

У кишига бирор хабарни етказгаётганимизда сўзимиз ниҳоясига етмай туриб, бизни тушуниб бўлар, воқеа ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилар эдилар.

Давраларда, турли издиҳомларда сўз олганда атрофдагиларнинг юз кўзларига боқиб, уларнинг савияси, даражаларини билиб олар, ва ўша савияда, уларга зарур мавзуларда сўз юритар эдилар. Олимлар даврасида илмий мунозараларга киришар, халқ орасида эса халқона тилда мавъиза қилар эдилар.

Навоийшунос олим эдилар. Устозимизнинг энг улуғ фазилатларидан бири Ҳазрат Навоийни, ўзбек мумтоз адабиётини чуқур ўрганганликларидир. Бу албатта у кишининг салкам 20 йиллик бадиий адабиёт сохасидаги фаолиятлари билан боғлиқ. Устозимиз Тошкент давлат университетининг аспирантурасида таълим олган пайтлари «Навоий ва Ислом» мавзусида илмий ишни тайёрлаганлар. Лекин ўша давр тақазосига кўра, илмий ишни ёқлашга рухсат беришмаган.

Анвар қори домладек Навоийни ҳақиқий англай олган олимлар кам. У киши ислом илмларини билганликлари боис Навоий асарларидаги Қуръоний маъноларни тушунар, ҳадис матнларидаги ишораларни пайқай олар эдилар. “Қуръон ва ҳадисни билмасдан туриб Навоийни мутлақо тушуниб бўлмайди. Ҳазрат Навоий ижодининг ўқ илдизи иймондир. Ҳар байтида бевосита ёки билвосита ўша маъно келаверади”, деб таъкидлар эдилар.

«Хамса»дан:
Каҳфи бақо ичра алар бўлса гум,
Мен ҳам ўлай робиъуҳум калбуҳум.

(Шарҳ: Ҳазрат камоли камтарлик билан устозлари Низомий Ганжавий, Хисрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомийни бақо ғорига кирган Асҳоби Каҳфга қиёсламоқдалар. Мен уларнинг тўртинчиси – ит бўлиб, садоқат билан ғорга кирай дейдилар. Қуръони каримдаги Каҳф қиссасини ўқимаган, Аллоҳ таоло китобининг балоғатига тушунмаган киши бу байтларнинг асл маъносини англамайди. А.Турсунов)

Раъд сурасининг 28-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Улар иймон келтирган қалблари Аллоҳни зикр қилиш — эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур».
Бу оятнинг таъсирида Навоий шундай ёзадилар:
Мосиваллоҳ хотиримдин салб қил,
Анда зикрингни ҳузури қалб қил.
(Шарҳ: Яъни, менинг хотиримдан ўткинчи нарсаларнинг муҳаббатини йўқ қил. Қалбимни Сенинг зикринг ҳузур этсин. А.Турсунов)

“Навоий китобларини кўп чиқаряпмиз, лекин уни тушунтириб бериш керак. Уни қандай таъсир қилишини ҳам ўйлайлик. У болаларимиз қалбини юмшатиш керак. Мен айрим ўзига тўқ, давлатманд кишиларни китобдан бебаҳра ўтиб боришаётганидан ачинаман. Масалан, Ҳазрат Навоийнинг бир байтини тушуниш завқини ҳис этиш, бу – катта бахт. Бу инсон ўз юртдошимиз эканлигидан фахрланамиз. Ва мана шу фахр бизни тарбиялайди. Ўз тарихимизга, Ватанимиз, халқимизга меҳримиз яна ортади. Китобнинг буюк тарбиячи эканлигига амин бўламиз.” А.Турсунов

Навоийшунос олима Суййима Ғаниева айтган эдилар: “Навоий ўз давридан илгарилаб кетган шахс бўлган. Уни замондошларининг ҳаммаси ҳам тушунавермаган.” Ҳа, устозимиз Навоийдек валий зотга ихлосу муҳаббат қўйиб, уни тушуна олган кам сонли тафаккур эгаларидан бири эдилар.

Устозимизнинг Навоийни англаш ҳақида китоб ёзиш режалари бор эди. Афсус бунга улгурмадилар. Насиб бўлса бу шарафли вазифани у кишининг бадиий адабиётда устозлари, ҳаммаслаклари ёрдамида адо этилишига умид билдирамиз.

Китобни севувчи ва унга мунтазам тарғиб этувчи зот эдилар. Устоз ҳар қандай бойликни китобда, маърифатда деб билар ва буни такрорламасдан чарчамас эдилар. “Уйингизда қўша-қўша машиналар, тилло зарлар бўлсаю, агар унда китоб бўлмаса, сиз камбағалсиз. Китобсиз уй нурсиз, зимистон уй”, дер эдилар. Ҳар сафар устозимиз ҳузурларига кирганимизда деярли бир ҳолатда: китоб мутолааси жараёнида топар эдик. У кишига китоб совға қилинса бошқача хурсанд бўлар эдилар. Кўрсатувларда амру маъруфлар, тадбирлар, суҳбатларда халқимизга, айниқса ёшларга янги нашр этилаётган сара китобларни севинч билан эълон қилар, гўзал суратда улардаги мазмун-моҳият таърифини келтирар эдилар. Бу даражадаги фидоийлик, миллат тарбиясига жонкуярлик фақат Аллоҳ Ўзи насиб этган матонат соҳибларидагина бўлади. Ўтган йили Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойиши чиққанида қанчалар хурсанд бўлган эдилар.

Биз ҳайрон қолар эдик, шунча юмушлар: диний идора иши, тадбирлар, кўрсатувлар, фуқаролар билан мулоқотлардан ортиб устоз мутолаага, яна даврий нашрларни ҳам кузатиб боришга қандай вақт ажратар эканлар деб. Ул зот ҳаммасига улгурар эдилар. “Мен бир кун китоб ўқимасам бир нарсамни йўқотиб қўйгандек бўламан”, дердилар.

Ислом илмлари бўйича китоб ёзаётган олимлар, бошқа кишилар, шунингдек, бадиий ва бадиий-публицистик йўналишларда фаолият олиб бораётган ижодкорларнинг кўплари ўз китобларига тақриз ва сўз боши ёзиб бериш учун устозимизга олиб келишар эди. Устозимиз ҳар бир китобни ўзлари кўриб чиқар, шундан кейингина нашрга тавсия этилиши мумкин деб ҳисоблаганларига тақриз ёки сўз боши битиш мақсадида бизга оғзаки айтиб турар, биз уни оққа кўчирар эдик. Агар топширилган китобда айрим камчиликлар, илмий янглишувларни учратсалар, буни муаллифга босиқлик билан тушунтирар, мавзу доирасида яна ўрганиб, изланишни, соха мутахассисларининг маслаҳатларини олишни тавсия этар эдилар. Буни мулойимлик ва табассум билан тушунтирар эдиларки, ҳузурларидаги кишиларнинг асло кўнгли чўкмас эди. Бироқ китоб қилишга муносиб бўлмаган ишларни кўрсалар, кайфиятлари тушар, хуноблари ортар эди: “Бугун ҳамма китоб ёзяпти. Бу ҳам бўлса ўз номини чиқариш ва бошқа мақсадлар учун. Ахир китоб ёзишга ўтмишда не-не буюклар ҳам ўта масъулият ва кучли талаб билан ёндошишганку. Шундоқ ҳам бизгача ёзиб қолдирилганларни ўқиб ўргана олсак ҳам катта гап”, дер эдилар.

Самимий, ҳожатбарор инсон эдилар. Устозимизнинг самимиятларини тил билан ифода этиш мушкул. Ул зот ҳамма инсонларга, айниқса шогирдларига, қўл остидаги ходимларига жуда самимий эдилар. Бутун идора ишлари елкаларида турган ҳолда бир кичик ходимларининг ғамига шерик бўлиб, унга ҳамдардлик қилар эдилар.

Шаҳар бош имом-хатиблари бўлганликлари боис Тошкент шаҳри, балки, вилоятлардан, хатто қўшни Республикалардан яқину узоқдагилар, каттаю‑кичик, бой‑у камбағал, муҳтож-у дардманд арзи ҳол қилиб келар эди. Ҳамманинг дардини сабр билан эшитиб, жонига малҳам бўлар эдилар. Бирор кимсани даргоҳларидан қаттиқ гапириб, койиб чиқарганларини кўрган ёки эшитган эмасмиз. Ҳузурлари том маънода арзхона эди. Бироқ, уларнинг кўпига ваколатлари, имконлари етса, муаммоларига ечим топишга интилар эдилар. Қанчадан-қанча инсонлар умрбод миннатдор бўлиб қайтар эди ҳузурларидан. Қанчадан-қанча бузулиш арафасида турган оилалар ярашиб, ҳаётини давом эттириб кетди. Қанчадан-қанча моддий имконияти чекланган толиби илмлар устозимизнинг воситаларида илмларини давом эттириш имконига эга бўлдилар. Ҳа, у киши ўз роҳатини халқнинг, мусулмоннинг дарду ташвишига алишган инсон эдилар.

Қуръонга, қориларга муҳаббатлари баланд эди. Қуръони каримни, тафсирларини кўп ўқир ва жамоатни Аллоҳ таолонинг энг буюк мўжизаси, икки дунёдаги нажот манбаи – Қуръонни ўқиб ўрганишга даъват этар эдилар. Қори Қуръонни ўқиса, “қироати жуда зўр экан, роҳат олдик” дейиш билан чекланмасдан, у нимани ўқиди? Қандай маънолар мужассам бунда, деб сўраб, ўрганиб олишликни кўп бора такрорлар эдилар. “Зотан, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг бизга юбораган мактуби, ҳаёт дастуридир. Уни фақат кўзга суртсагу, лекин ичини очиб ўқимасак, унга амал қилмасак биз учун бефойда бўлади”, деб такрорлар эдилар. Ўзлари “Минор” масжидида фаолият юритаётган даврларида ҳар куни пешин ёки аср намозларидан сўнг тиловат қилинган оятлар тафсирини батафсил баён қилиб берар эдилар. Эътибор беринг, қори Қуръонни исталган жойидан ўқиши мумкин. Намоздан олдин фалон оятни ўқинг деб айтиб қўйилмас эди. Шу йўсинда ўқилган жойидан оятларни бирин-кетин маъно таржималарини тушунтириб берар эдилар. Бу эса фақат етук Қуръон илмлари олимининг қўлидан келади. Қуръонга беҳурматлик бўлган жойда ғазаблари чиқиб кетар эди. Масжидда Қуръони карим ўқилаётган вақтда туриб чиқиб кетаётган кишиларни кўрсалар, ўзларини тутиб тура олмай ўша заҳоти микрофонни қўлларига олиб, уларни койийдилар: “Аллоҳ таоло Сизга гапириб турса қандай қилиб орқа ўгириб чиқиб кетасиз?!”, дея қаттиқ дашном берар эдилар.

Қориларни айниқса ўзгача яхши кўрар, юксак эҳтиром кўрсатар эдилар. Уларни Аллоҳ каломини қалбига жо этгани учун мақтаб, рағбатлантириб турар эдилар. “Қориларга ҳатто ёшлари кичик бўлса ҳам сенсираб гапирманг”, дер эдилар.

Салкам бир йил муқаддам “Маданият ва маърифат” телеканалида янги кўрсатув “Ислом маърифати” кўрсатуви йўлга қўйилаётганида кўрсатувга уламолар билан биргаликда қориларни ҳам олиб чиқдилар. Устозимизнинг шарофатлари ва ташаббуслари билан узоқ танаффусдан сўнг илк бор яна телевидиние дастурларида Қуръони карим янграй бошлади.

Ҳар даврда бўлганидек, айрим нокаслар, нодонлар устозга кўп азият етказишга уриниб келдилар. У кишига қарши суиқасд, турли фитна‑фасодлар, туҳмату адоватлар билан ғаламислик қилдилар. Аммо устозимиз уларга қарши ҳеч қандай чора кўриб ўтирмадилар. Ҳатто суд залида ўзларига суиқасд қилган жиноятчини калимаи тавҳидни айтса, исломнинг асл моҳиятини тушуниб етса, кечириб юборишларини айтдилар. Устозимизга: «Фалончилар сиз ҳақингизда ундай дебди, бундай қилибди», дейишса, хотиржамлик билан: «Биз ким бўлибмиз, одамлар Аллоҳнинг Пайғамбарларини ҳам, адолатсизликда айблашдан уялишмаган‑ку», дер эдилар. У кишидаги сабр‑бардош, ирода барчани лол қолдирарди. Қалбларида қандайдир изтироб, ғам бўлса ҳам буни умуман зоҳир этмас, билдирмас эдилар.

Ҳазрат Навоий айтганларидек: “Солиҳ кишилар эсланганда Аллоҳ таолонинг раҳматлари ёғилади”. Биз бугун устозимизни ёдга олиб қалбларимизда ажиб нурни, кўзларда ёшни тугмоқдамизки, буни сўз билан таъриф этиш мушкул….

Устозимизнинг бошқа фазилатларини яна кўплаб саҳифаларга жо этиш мумкин. Бу хотиралар Анвар қори домланинг атиги сўнгги уч йил давомида хизматларида бўлган бир ходимнинг ожиз баёни эди. Ул зотнинг яқинлари, ёру биродарлари, шогирдлари, бутун умрлик ҳамроҳларининг мўтабар хотиралари, қалб сўзлари катта бир китоб бўлади аслида.

Азиз устозимиз, Сиз инсонга берилган омонат умрнинг тез ўтишини кўп эслатар, уни беҳудага кетказаётганларга кўп ачиниб гапирар эдингиз. “Мени энг ранжитадиган нарса, кишиларнинг умри беҳуда низолар, уруш-жанжаллар билан ўтишидир. Эссиз умр…” дер эдингиз. Биз бугун айта оламизки, сизнинг олтмиш йилга ҳам бормаган умрингиз жуда мазмунли, самарали ва охиратингиз учун фойдали бўлди иншааллоҳ. Сиз туфайли бу эл маърифат топди, ўзини англади, Роббисини таниди. Сизнинг дашномларингиздан аввалда ўзича бироз хафа бўлиб, кейин сизни яхши кўриб қолган кишилар бўлди. Чунки, сиз уларни яхши кўрганингиздан, уларга иймонни илинганингиздан баъзида куюниб гапирар эдингиз. Сўнгги китобингиз “Инсон мукаррам зот” китобида битганингиздек, Ислом дини инсониятга унинг улуғлиги илму–маърифат билан, қалбнинг саломатлиги билан ўлчанишини англатди.

Сиз бутун умрингиз давомида барчани ана шуларга чақирдингиз. Дунё йиғмадингиз фақат илмни, китобларни, яхши номни мерос қолдирдингиз.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларнинг гуноҳларини, албатта, ўчирурмиз ва уларни қилиб ўтган чиройли амаллари билан мукофотлагаймиз” (Анкабут сураси, 7-оят).

Аллоҳим! Устозимизни Ўз раҳматингга олгин! Динимизга қилган хизматларини ва барча эзгу амалларини ўзларига ҳамроҳ қилгин, ажру савобларини кўпайтириб бергин! Қиёматга қадар қабрларини нурларга тўлдиргин!

У киши ўтганларни дуо қилганда Ўзингдан: “Жаннатларингга дохил этиб, жаннатдаги мақомларини сарбаланд айла”, дер эдилар. Роббим, Иззатингга қасамки, бугун шу дуони, шу тилакни ўзларига насиб эт! Ортларида қолдириб кетаётган солиҳ фарзандлари, шогирдлари, яқинлари, мухлисларининг устоз ҳақларига қилаётган дуоларини қабул этиб, то қиёматгача бу савоблардан баҳраманд айла! Омийн!

Зоиржон Содиқов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги мутахассиси

Шарҳлар

Давлат раҳбарлари Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди

29.11.2019, 19:10

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари 29 ноябрь куни расмий музокаралардан сўнг, даставвал Кўксарой қароргоҳидаги Фахрий меҳмонлар хиёбонига кўчатлар  экишди. Шундан сўнг, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик...
Ислом Каримов болалигида кимга ўхшагиси келган?

07.11.2018, 15:00

Ислом Каримов фонди Ўзбекистоннинг Биринчи президенти рафиқасининг хотираларини эълон қилди.Татьяна Каримова Ислом Каримовнинг болалиги уруш ва урушдан кейинги оғир дамларга тўғри келгани ҳақида ёзди:"Урушдан кейин...
Марҳума хонанданинг энг сўнгги интервьюси ва ҳамкасбларининг хотиралари

06.11.2018, 15:32

“Кишмиш қўшиб бол бераман – есангиз. Юрагимдан жой бераман – келсангиз...” Ушбу сўзлар билан эстрада йўналишида ўз дастхатини қолдирган Хоразм воҳаси вакили Азиза Ниёзметова 14...
Хотирангиз абадий бўлсин — Лола Каримова-Тиллаева Ислом Каримовни ёд олди (видео)

02.09.2018, 13:08

Бугун, 2-сентябрь Ўзбекистон Биринчи президенти вафот этган кун. 2017 йилнинг 25 январида ушбу кун расман Ислом Каримов хотира куни деб эълон қилинган эди.Ушбу муносабат билан...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1