1

Хавфли рецидивист бўлгани аёл такроран фирибгарлик жиноятига қўл урди

ЖИНОЯТ 21.06.2018, 14:14
Хавфли рецидивист бўлгани аёл такроран фирибгарлик жиноятига қўл урди

Айримлар мушкул аҳволга тушиб қолса, фолбинлардан нажот излайди. Уларнинг “башорати” ёки қилган “илми-амали” билан вазиятдан чиқмоқчи бўлади.

Лекин кўп ҳолларда бундай ишни касб қилганлар одамларни алдаб, пулини шилиш пайида бўлади. Суд амалиётида ҳам ана шундай ҳолатлар тез-тез учраб туради.

Жиноят ишлари бўйича Вобкент тумани судининг жойларда бўлиб ўтаётган сайёр мажлисларида шу каби жиноятга қўл урганларнинг кирдикорлари фош этилмоқда.

Жумладан, 2017 йил 20 декабрь куни Вобкент шаҳридаги “Қурувчи” маҳалла фуқаролар йиғини биносида бўлган суд мажлисида олдин бир неча марта судланган, амнистия туфайли жазодан қутулиб қолган, аммо қилмишларидан тегишлича хулоса чиқармаган, Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида яшовчи, 6 нафар фарзанднинг онаси Гулнора Мирбобоева (исм-шарифлар ўзгартирилди)га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Гулнора алдаш ва фуқаролар ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, хавфли рецидивист бўлгани ҳолда, такроран фирибгарлик жиноятини қасддан содир қилган.

Чунончи, у 2017 йил 2 октябрь куни эрталаб Қурувчи маҳалласи Арабон кўчасида яшовчи фуқаро Зулхумор Хўжаеванинг уйига келиб, унга турли кўнгилсизликлар ҳақида гапириб, агар у айтган ишларни бажармаса, нохушликлар содир бўлишини айтади. Аёлни қандайдир илоҳий қудратга эга эканлигига ишонтириб, алдаб, ишончига кириб, ундан 640 минг сўм пул, 2 дона жами баҳоси 1 миллион 350 минг сўмлик узук ҳамда бир дона хўроз ва товуғини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Бундан ташқари, у ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, З.Хўжаеванинг уйига қайтиб келиб, унинг уйида бўлган барча пулларга “дам” солиб беришини айтиб уни алдаб, ишончига кириб, ундан 5 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Суд жабрланувчига етказилган зарарлар тўлиқ қопланганини инобатга олиб, Г.Мирбобоевани Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан айбли деб топди, қарийб 3 миллион сўм жарима жазоси тайинлади.

Қилмиш-қидирмиш, дейди доно халқимиз. Г.Мирбобоева ҳам нодоннинг ишини қилиб, бир аёлни “чув” туширди. Лекин у узоққа боролмади, қонун посбонлари томонидан тўхтатиб қолинди.

Бу мақолани ёзишдан мақсадимиз битта: содда, ишонувчан юртдошларни яна бир бор огоҳликка чорлаш.

М. Орипов,

Жиноят ишлари бўйича

Вобкент тумани суди раиси

ЎзА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1