1

​«Пашша, чивин дастидан дод!»

СУҒДИЁНА 21.06.2018, 11:46
​«Пашша, чивин дастидан дод!»

Қуёшли кунларда деразаларни ланг очиб, гуллар ифоридан маст бўлгингиз келади. Аммо бу кичик орзумизнинг амалга ошишида бизга тўсқинлик қилувчи муаммо бор. Ҳа, топдингиз, бу пашшаю чивинлар! Ғинғиллаб асабингизни эговлайдиган ҳашоротлар соғлиғимизга жиддий муаммо туғдириши билан ҳам хавфлидир. Хўш, нима қиламиз дейсизми? Пашшаю чивинлар билан курашамиз!

Ишни деразалардан бошланг

Пашшалар ҳужумидан ҳимояланишнинг энг оддий ва самарали усули – деразаларга майда тешикчали маxсус қоплама ўрнатишдир. Бундай қопламалар безарар ва хамёнбоплиги билан ҳам қулай. Қопламани ҳар икки ҳафтада деразадан олиб, ювиб туришни одат қилинг, шунда тешикчаларида йиғилган чангдан xалос бўласиз.

Фумигаторлар ҳақида эшитганмисиз?

Йўқ дейсизми унда диққат қилинг, фумигатор бу пашшаларга қарши курашувчи замонавий мосламадир. Ҳозирги пайтга келиб фумигаторларни исталган дўкон растасида учратишингиз мумкин. Кечга яқин фумигаторни электр токига уласангиз, ичидаги маxсус пластинкаси хона бўйлаб флюид моддасини тарқатади. Ҳавотирланманг, ушбу модда соғлиқ учун безиён. Фақат ёшига тўлмаган болалар хонасида қўлламасангиз бўлгани. Фумигатор ускунасини бир марта сотиб олсангиз етади, кейинчалик пластинасини йўриқномага қараб алмаштириб турасиз.

Қўрқитамизми?

Ана энди қўлбола усуллар ҳақида гаплашамиз. Фақат бир нарсани билиб қўйинг, айрим ҳидлар пашшаларни қиришга хизмат қилса, бошқалари уларнинг ҳаётини чўзиши мумкин. Масалан, намлик ва тер ҳиди.

1. Агар сиз кўп қаватли уйда истиқомат қилсангиз, гултувакка помидор кўчатини, экинг. Ҳосил бермаса ҳам майлига, асосийси, баргларидан таралаётган ҳид пашшаларни шошириб қўяди.

2. Райҳон ҳам экинг, ёки бўлмасам бозордан ўсимликни сотиб олинг-да, уйнинг ҳар ерига илиб чиқинг.

3. Эвкалипт ва лаванда мойларини эса уxлашдан бир неча дақиқа аввал, кроватингиз четларига суртиб чиқинг.

4. Ваниллин ҳидига аллергиянгиз бўлмаса, уxлашдан аввал, битта кичик халтасини ярим стакан сув билан аралаштиринг. Сўнг ванилинли аралашмани қўл, оёқ ва бўйин соҳасига суртиб уйқуга кетинг.

5. Бир нечта саримсоқ пиёзни майдалаб, очиқ дераза олдида қолдиринг, шунда бир ўқ билан иккита қуённи урасиз қўясиз. Сизни на пашша ва на вируслар безовта қилади. Саримсоқ пиёзни ҳар 12 соатда янгилаб туришни унутманг.

Ховлида яшайдиганлар учун...

Ўз қўлларимиз билан пашша учун қопқон тайёрлаймиз. Бунинг учун 2 гр хамиртуруш, 200 мл иссиқ сув, 50 гр шакар ва битта пластик идиш керак бўлади.

Пластик идишни иккига бўлинг-да, ичига шакар ва сувни солиб аралаштиринг, сўнг хамиртурушни қўшинг. Пластик идишнинг «оғиз» тарафини идиш ичига қаратиб ёпинг, идиш ёнларини қоғоз билан қопланг. Ҳовлининг бирор бурчагига қўлбола қопқонни жойланг. У ўзидан карбонат ангидрид газини тарқатади, бу ҳид эса нафақат пашша балки барча ҳашаротларни ўзига оҳанграбодай тортади ва сизни муаммодан xалос этади.

Томорқаси борлар эса яшил армияга мурожаат қилишлари мумкин. Томорқангизга ялпиз, помидор ва чиннигулдан кўпроқ экиб қўйинг, шунда ҳовлингизда мазза қилиб дам олаверасиз.

Чақиб ташлади дейсизми?

1. Истеъмол содасининг 2 ош қошиғини 1 стакан сув билан аралаштиринг. Аралашмани дока ёрдамида чивин чаққан жойга суртиб чиқинг. Тери қичишиши ва қизаришидан асар ҳам қолмайди.

2. Яна бир усул эса, лимон бўлаги билан зарарланган тери устини артишдир.

Анора ҒУЛОМОВА тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1