Жорий йилнинг ўтган даврида Қашқадарё вилоятида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан 14 минг 575 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида маълум қилинди.
Маҳсулотлардан олма, гилос, помидор, пиёз, карам ва кўкат маҳсулотлари Россия Федерацияси, Корея, Латвия, Қозоғистон каби ўн бешдан зиёд давлатларга экспорт қилинди.
Айни кунда ҳам воҳада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти авжида бўлиб, вилоятнинг Косон, Чироқчи, Миришкор ва Ғузор туманларида етиштирилган хуштаъм қовунлар “Oltin voha agro invest” ва “Gold fruit exim” МЧЖлари томонидан Россия Федерацияси, Латвия ва Қозоғистон Республикаларига пешма-пеш жўнатилмоқда. Рақамларга кўра, июнь ойида 149 тонна қовун экспорти амалга оширилган.
Экспортёрлар вақтини ва маблағини тежаш учун божхона расмийлаштирувлари интернет тармоғи орқали масофадан туриб онлайн тарзда тезкорлик билан амалга ошириб берилмоқда. Олиб борилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар ўз самарасини кўрсатиб, июнь ойининг ўтган 17 кунида қарийб тўрт минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортига эришилди.