1

Бош прокуратура: Қурилиш материалларининг нархлари бир йилда 26,3 фоизга ошган, бунга чора кўрилади

ЖАМИЯТ 08.06.2018, 15:35
Бош прокуратура: Қурилиш материалларининг нархлари бир йилда 26,3 фоизга ошган, бунга чора кўрилади

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва нархларни барқарорлаштириш бўйича видеоселектор мажлиси бўлиб ўтди.

Унда асосий эътибор Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 5 июнь куни ўтказилган видеоселектор мажлиси Баёни ижросини таъминлашга оид чора-тадбирлар кўрилишига қаратилди.

Қайд этилганидек, Давлатимиз раҳбари ҳақли равишда танқид қилиб ўтганидек, қурилиш материаллари нархи асосcиз равишда ошиб бормоқда ва қурилиш материалларига бўлган ҳақиқий эҳтиёж аниқ эмас.

Мажлисда замонавий Tashkent ва Samarqand city, Нурафшон шаҳри, Тошкент халқаро аэропорти, Тошкент ҳалқа йўли, Юнусобод метро линияси, Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги ўнлаб кўприклар, намунавий уй-жойлар, хусусан хизмат уйлари, кам таъминланган оилалар учун уй-жойлар қурилишини ҳисобга олган ҳолда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва нархларни барқарорлаштириш масаласининг долзарблиги ва стратегик муҳимлиги қайд этиб ўтилди.

Ушбу ва бошқа қурилиш объектларининг барпо этилиши катта ҳажмдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиши ва ички бозорда бўлишини тақозо этади. Бироқ, охирги вақтда қурилиш материалларига бўлган талабнинг кескин кўпайиши, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланилмаётгани, қурилиш материаллари ишлаб чиқарилишида зарур бўлган газ ва электр энергияси тарифлари ошгани ҳамда бир қатор бошқа сабаблар қурилиш бозорида нархлар ўсишига олиб келди.

Мисол учун, республика бўйича жорий йилнинг май ойида қурилиш материалларининг нархлари 2017 йил декабрь ойига нисбатан умумий ҳисобда 15,6 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 26,3 фоизга ошган.

Бугунги кунда республикада фаолият юритаётган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи 7 минг 316 тадбиркорлик субъектларининг 5 минг 145 таси, яъни 70 фоизи мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланмаяпти.

Мажлисда қурилиш материаллари ички бозорида юзага келган салбий вазият сабаби бўлган айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги танқид қилиниб, тегишли давлат органлари, идоралари ва ташкилотлари раҳбарларининг тушунтиришлари эшитилди.

Бош прокурор, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, Тошкент шаҳар, вилоят ҳокимларининг ўринбосарлари, вилоят прокурорлари ва Департаментнинг вилоят бошқармалари бошлиқлари ходимлари иштирок этган мажлис якунида зарур чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, мамлакатимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва қурилиш материалларининг энг муҳим турларига (цемент, пишиқ ғишт, ойна, тахта-ёғоч, металлопрокат ва бошқалар) бўлган нархларни барқарорлаштириш, қурилиш материалларининг нархлари ўсишига олиб келган сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга қаратилган аниқ чоралар кўриладиган бўлди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1