1

Хўжакўрсинга қилинган ҳисоботлар, ёлғон тарғиботларга чек қўйилди

ЖАМИЯТ 08.06.2018, 10:50
Хўжакўрсинга қилинган ҳисоботлар, ёлғон тарғиботларга чек қўйилди

Хўжакўрсинга қилинган ҳисоботлар тайёрлаш амалиёти бўлгани сир эмас. Тарғибот тадбирлари ҳам номигагина уюштирилган. Оқибатда фуқароларнинг, айниқса, қишлоқ аҳолисининг ҳуқуқий онги, маданияти пасайиб кетди.

Бундай салбий ҳолатларга барҳам бериш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

– Мазкур ҳужжатда адлия органлари ва муассасалари олдида турган аниқ вазифалар белгиланди, – дейди Адлия вазирлиги қонунчилик бош бошқармаси бошлиғи Худоёр Мелиев. – Жумладан, ҳуқуқий тарғибот ва фуқароларнинг ҳуқуқий онгини оширишнинг замонавий, таъсирчан услубларини жорий қилиш топширилди. Қабул қилинаётган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг оммага етказиш, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш каби чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Адлия вазирлиги томонидан ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қисқа муддат ичида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу борада ўзини оқламаган, самарасиз усуллардан воз кечилиб, тарғибот тадбирларини амалга оширишда замонавий механизм ҳамда услублардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Жумладан, интернетдаги барча оммабоп ижтимоий тармоқларда вазирликнинг саҳифалари ташкил этилди. Уларда янги қабул қилинган ва амалдаги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти, қонунчиликдаги янгиликлар хусусида тезкор маълумотлар, аҳолини қизиқтирган масалалар юзасидан савол-жавоб тарзидаги ҳуқуқий маслаҳатлар бериб борилмоқда. Ҳафтанинг ҳар жума кунида вазирлик мутахассислари иштирокида қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятидан аҳолини хабардор қилиш мақсадида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ташкил этилмоқда.

Тизимда юз берган энг муҳим ўзгаришлардан бири – туманлар (шаҳарлар)да адлия бўлимлари ташкил этилгани бўлди. Адлия бўлимлари ҳокимларга ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг туманлар (шаҳарлар) тузилмаларига қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш масалалари бўйича маслаҳатлар бериб бормоқда. Қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини туманлар тузилмаларидаги ижрочиларга етказиш, “республика – вилоят – туман – маҳалла” принципи бўйича ҳуқуқий тарғибот ва аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш борасида самарали тизим йўлга қўйилди.

Жумладан, Самарқанд вилояти адлия бошқармаси тизимига кирувчи туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари томонидан май ойи охиригача жойларда 250 га яқин ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди. 1641 норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг давлат идораларига етказилиши таъминланди. 594 ҳуқуқий маслаҳат берилди. Фуқаролардан келиб тушган 113 мурожаат кўриб чиқилди.

Жиззах вилояти адлия бошқармаси ҳамда унинг туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари томонидан ҳам қонун ҳужжатларини ижрочиларга етказиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, барча адлия бўлимларининг интернет тармоғига тўлиқ уланиши таъминланди. Вазирлик билан тўғридан-тўғри ёзишмалар олиб бориш мақсадида corp.uz электрон дастурига уланди.

Айни пайтда адлия бошқармаси ташаббуси билан вилоятдаги барча ташкилотларга етказилаётган қонун ҳужжатлари матнини ўз вақтида қабул қилиш бўйича алоҳида масъул ходим бириктириш, интернет тизимига уланиш, e-xat ва бошқа электрон почта манзилларини очиш каби ташкилий масалалар ҳал этилмоқда.

Бу борада эътиборга молик яна бир масала шундаки, вилоят ва ҳар бир туман бўйича "telegram" ижтимоий тармоғида адлия ходими бошқарувида ташкилотларнинг масъул ходимлари аъзолигида “Янги қонунлар” номли гуруҳ очилиб, у орқали адлия органлари томонидан қонун ҳужжатларининг тўлиқ матни ва қонунчиликдаги янгиликларни бериб бориш йўлга қўйилди.

Бу каби чора-тадбирлар туфайли иш самарадорлиги сезиларли даражада ошди. Масалан, келиб тушган ҳар бир қонун ҳужжати бир кун муддатда расмий хат билан тумандаги барча ташкилотларга e-xat, электрон почта манзили орқали етиб бормоқда. Маълумот ўрнида айтиш керакки, жорий йилнинг 1 январидан 31 майига қадар қабул қилинган 503 қонун ҳужжатининг барча туман ташкилотларига етказилиши таъминланди. Шунингдек, адлия бўлимлари қонун ҳужжатларининг ижрочиларга ўз вақтида етиб боришини таъминлаш билан бирга, ушбу масала юзасидан мониторинг ўтказишни ҳам йўлга қўйган.

Юқоридаги каби амалий ишлар билан бирга, туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари томонидан қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини маҳаллалар ва меҳнат жамоаларида тегишли соҳа мутахассисларини кенг жалб қилган ҳолда тарғиб қилиш юзасидан 100 дан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил қилинди. Жойларда аниқланган долзарб ижтимоий-ҳуқуқий муаммолар инобатга олинган ҳолда қонун ҳужжатларининг моҳиятини аҳолига тушунтириш бўйича вилоят адлия бошқармасининг манзилли тарғибот дастури ишлаб чиқилди.

Вилоятдаги туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари томонидан 16 идорада ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилди. Қонунбузилиши ҳолатлари содир этилишининг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик мақсадида ташкилот раҳбарларига 46 огоҳнома киритилди. 17 ташкилотда юридик хизмат фаолияти ўрганилиб, аниқланган 62 қонунбузилиши ҳолатлари ва камчиликларни бартараф этиш бўйича қонуний чоралар кўрилди.

Ўтказилган сайёр қабулларда 145 нафар фуқаронинг муаммолари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар, ташкилотларнинг масъул ходимларига қонун ҳужжатларини қўллаш масаласида маслаҳатлар берилди.

Хулоса қилиб айтганда, фармонда белгиланган вазифаларнинг тез ва аниқ бажарилаётгани қабул қилинаётган қонунлар ва норматив ҳужжатларнинг ўз вақтида ижрочиларга етказилишига, фуқаролар ҳуқуқий онги ва маданиятининг ошишига, ҳар бир фуқаронинг қонуний ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинишига хизмат қилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1