Етти мактубдан иборат севги қиссаси

МУТОЛАА 08.06.2018, 07:19
Етти мактубдан иборат севги қиссаси

Биринчи мактуб

Эҳ, унинг дилбарлигини айтмайсанми, Жорж, қандай дилбар-а! Имоним комилки, агар кўрган кўзни куйдирадиган Аделни ҳатто қишда ҳам чаманзор, безаклари кўзни қувнатадиган ва тасаввурни-да ўйнатиб юборадиган ҳужрасида кўрганингдами; уни ҳарир кўйлакда, муаттар атирга бурканиб юрганини кўрганингдами; сен уни гуллар ифорида учиб юрмиш Паризод деб атаган бўлардинг; ҳар бир сўзи дилкаш, боқишлари маъноли. Ҳазилни бир четга суриб айтишим керакки, азиз дўстим, сенинг башоратинг амалга ошмади, яъни мен чинакамига севги дардига мубтало бўлмадимми, деб қўрқаман. Илк бор эгнимдаги мундир кўксимга торлик қиляпти, бу эса юрак қурғур учун яхшилик аломати эмас. Гарчи у тушларимга тез-тез кириб турса-да, шундай мириқиб ухлайманки, бугун яна сайрга кеч қолибман. Ўтган сафарги балда кечлик дастурхони атрофида Аделга қарама-қарши ўтириб қолдим ва иштаҳам хиппа бўғилди. Билиб турибман, бу худди фаранг кадрили[1] забтига олганда оловланадиган ҳамда бир ёки икки котильон[2] ҳаракатидан сўниб қоладиган ҳар кунги зобитлар эҳтиросига оид иштиёқ дея, мийиғида кулганча, ҳукм чиқаряпсан. Тан олишим лозимки, биргина эсноқ туфайли кўринишидан офтобдек порлайдиган (ушлаб қололмайсиз, оҳудек ҳуркак; бир нигоҳ ташласа, эриб кетасиз; бир оғиз гапидан мум тишлаб қоласиз) бир қанча моҳпоралардан, эҳ-ҳе, неча марта кўнглим қолган... Лекин Аделга келганда, бунақаси кетмайди – у билан бутун Ер шарини айланиб чиқиш мумкин, шундай аққли, шундай назокатлики! “Бу гаплар жуда гўзал ва мароқли, – дерсан балки, – аммо бу ойимқиз ўзингни унга бахшида қилишингни ёқлайдими ўзи?..” Марҳамат қилиб, бунақа саволлар билан безор қилаверма; булар қандай рўй берганига ўзим ҳам ҳайронман. Унинг менда кўнгли борлигига кўп ҳам ишонавермайман. Бу ердаги совуқ муомалаларни, суҳбатлар қанчалик зерикарли эканини ўзинг яхши биласан; устига устак, устингдан мағзава ағдариш учун минглаб кўзлар лўқ бўлиб туради, яна шунча қулоқлар бир оғиз сўзингни илиб олиб, пашшадан фил ясашади; шу боис барча ошиқлар каби “Умид қиламанки...” ёки “Менимча...”дан у ёғига ўтолмайман. Шубҳасиз, нафсониятимиз кўпинча бизни алдайди ва бу аччиқ ҳақиқат. Лекин... ё у ҳаммага нисбатан жонкуяр, ё мен ғирт аҳмоқман, агар адашмаган бўлсам.

S.

Иккинчи мактуб

(Бир ойдан сўнг)

Адель мени севади! Агар шу ерда бўлганингда, Жорж, бундайин хурсандчилик учун шампань виносига эрирдим. Бир тасаввур қил, у мен ёқтирган рангдаги либосларни кияди, мутолаа учун менга романлар танлаб беради, ўқиб белгилаган саҳифаларимни ёдлаб олади. Албатта, балки сен: “У сен ёқтирган рангдаги кийимни сени эмас, ўша рангни ёқтиргани учун кийиб юрибди; у сенинг бадиий танловингга суянмоқда, шунинг учун ҳам дидларинг бир хил келмоқда; хўш, нимага таяниб, сизларнинг қалбларинг туташ, дея хулоса чиқариш мумкин?” дейишга ҳақлисан. Майли, сен айтганча бўла қолсин, дўстим, бироқ чопарлик сафаридан қайтганимдаги унинг қувончини, ҳаяжондан қизарган ол яноқларини, энтикиб-энтикиб нафас олишини бир кўрганингдайди, ҳеч қандай муғомбирлик бундайин даражага етолмаслигини тан олган бўлардинг. Ўша дақиқадан бошлаб у мен учун энг қадрли ва энг суюклига айланди, ҳеч бир аёл унингчалик маҳбуба бўлолмайди, дедим ўзимга ўзим. О, у билан рақс тушаётганимда еттинчи фалакка кўтариламан, теварак-жавониб гўё буғланиб кетади. Фаҳмлаётган бўлсанг керак — у билан рақс тушишдек қулай фурсатни сира қўлдан бой бермайман ва бундан бахтиёрман. Бекорга балларни ёқтирмайсан: бундай ўйин-кулгуларсиз қизларимиз байрамларда зерикиб ўлишарди, негаки театрларимизда таниш-билишлар аранг бир-бирига бош ирғаб қўйишади, зиёфатларда эснаб ўтиришади. Эртага мен у билан котильон рақсига тушаман, бачканалигим учун маъзур тутгайсан... Аллақачон балга қандай тараддудланишимни тасаввур қиляпман, ўзимни кўзгуга соламан, шоша-пиша қўлқопларимни кийиб-ечаман... дақиқалар имиллайди, соатлар тўхтаб қолган гўё! Ниҳоят, соат ўнга бонг уради ва: “Княз Г.никига кетдим!” дея қичқираман, файтонда кета туриб тилимга кўчмайдиган ибораларни такрорлайман. Етиб бораман ҳам... Зинапояни туширишади, файтондан сакраб тушаман, икки одим ташлаб, даҳлизда пайдо бўламан, сочимни тўғрилаб, тугмаларимни кўздан кечираман ва юрагим дукурлаб, юзимга хотиржам тусни берганча, мусиқа янграётган, кенг-ёруғ залга кираман. Хонадон бекасига таъзим қилиб, кўзларимга эрк бераман — ёруғлик тезлигида балга келишимга сабабчи бўлган ҳурлиқони излайман. Нигоҳларим гуллардан сакраб ўтиб, шолрўмолу малласочлар узра сирғалади — тополмайман... Ана, афтидан, унинг сумбати, унинг қадам олишлари... йўқ, янглишибман, у эмас.. лекин сал нарироқда... О, унинг дийдорини кўраман!

S.

Учинчи мактуб

(Икки ҳафтадан сўнг)

Қўлимга тутқазган альбомига нима деб ёзаман? Ўзи нимани ёзишим мумкин? Ундан: “Қайси тилда ёзишим керак?” деб сўраганимда, “Ҳақиқат тилида”, – деб жавоб берди. Ҳақиқат тилида! Айтишга осон, эҳтимолки, ёзиш ҳам осондир, аммо-лекин бу ёруғ дунёда ҳақиқатни кўтаришолармикин ва мен юрак ютиб: “Адель, мен сизни севаман!” деб баралла айтоламанмикин? Аммо мен ўзгаларнинг ҳис-туйғулари олдида товусдек эшилишни ёмон кўраман, ҳавойи хушомадлардан кўнглим айнийди, буларнинг бари инсоний ҳақирликнинг оний нишоналари. Боз устига, рус тилида келиштириб ёзишни менга ўргатишмаган, ёт-бегона тилда дил изҳор қилишга эса ғурурим йўл қўймайди. Адель ватанини хўб яхши кўради ва бу нарса унга ёқмаслиги турган гап. Қандай йўл тутишни ўргат, Жорж. Ёзишдан қўлинг чиқиб қолган бўлса-да, ҳар ҳолда асарларинг чоп этилган; шеърларинг гўзалларнинг папильоткаларига[3] битилган, гусарлар[4] трубалари узра янграган. Қалбимдан тошиб чиқаётган туйғуларни ифодалаш учун ўзимизнинг тилимиз фақир, совуқ. О, ўтли муҳаббатимни ифодаламоқ-чун нечун оловли лаҳжа яратолмайман ёхуд нега бошқалар каби жўнгина севолмайман? Бундай кайфиятда Аделнинг альбомига биронта бемаъни сўз ёзиб, бамайлихотир уйқуга кетишим мумкин эди. Лекин энди ҳаммаси ўзгача: фикрларим ҳис-туйғуларим оловида эриб битди, бу туйғулар муҳаббат жилғасига қуйилди... Бутун борлиғим юракка эврилди. Илтимос, Жорж, менинг онгимга айланиб, ҳеч қурса тафаккур учқунимни уйғот. Ўзгача ёзмоқ қўлимдан келмайди, ҳақиқатни эса айтолмайман!!

S.

Тўртинчи мактуб

(Бир ярим ойдан сўнг)

Дўстим! Хатингни олдим, маслаҳатларингни юрагимга жо қилдим; маслаҳатларинг жўяли, аммо шунчалик совуқки, шамоллаб қолиш ҳеч гап эмас. Сен севгига фалсафа заррабинидан қараяпсан; айни вақтда қалбимдан севги деганларини зулукдай суғуриб олишинг даркор эди; дўстинг учун бу туйғу ҳалокатли бўлган бир аснода сен уни ҳазил-мутойиба чойшаби ила ёпяпсан. Эҳ! Ҳеч қандай дори-дармон қалбимга санчилган оташин севгига малҳам бўлолмади!

Баттол қисматга ён берганманми-йўқми, ўзинг яхши биласан, Жорж. Хўш, энди қандай қилиб мени курашмай севги асирига айланди, дейиш мумкин? Асло йўқ! мен ўзимнинг майлларимга қаттиққўлман. Ўзимни ўзим айбладим, тийдим, аммо мағлуб бўлиш навбати меники эди — мен бу нозик ҳилқатнинг малоҳати олдида тиз чўкдим. Ҳайҳот, доим ўзим устиларидан кулиб, қуёнюрак деб атайдиган оҳ-воҳ қилувчиларнинг кенг сўқмоғидан қадам ташлаш нақадар аламли! Мендайин бир эркак, ҳарбий нафасини ичига ютиб, ширин бир сўзга муштоқ бўлиб, ойимқизнинг ҳар бир нигоҳига титраб-қақшаб мўлтираб, вақтини ўлдириб, пуч хаёлларга берилганча, хизмат вазифасини унутиб, севгининг қўлларида ўйинчоқ бўлаётганим учун ўзимдан ўзим уялиб кетдим! Менинг жўшқин ёшимда аразлаганча хонасига қамалиб олган ёш боладай чириб-занглаб ўтиришим, қуролдошларим ғалаба тожини кийишаётган бир пайтда қўй-қўзиларнинг юнгини қирқиб, исмимни тарих китобига эмас, хотинлар векселида қолдиришим нимаси?! Бу даҳшат, Жорж, бефойдалиги учун ҳам даҳшат. Ошиқ дилим шуҳратпарастлигимга тоқат қилиб турибди, бинобарин, пинҳона кўз-ёшлар ила эмин-эркинлигимни умидсиз бахтга сотдим. Уйқуда чўкиб кетаётган денгизчининг тақдири ҳавас қилса арзигулик, аммо мен қаёққа қараб интилаётганимни кўриб-билиб турибман, ўзимни тўхтатишга куч тополмайман: Аделга бўлган муҳаббатим ҳаммасини еб битирди — бирон сатр ҳам ўқиёлмаяпман, ундан ўзга хаёл йўқ, унга бўлган мубталоликдан ўзга машғулот йўқ. Кела қолсанг-чи, дўстим, мени ўзимдан қутқар!

S.

Бешинчи мактуб

(Бир ҳафтадан сўнг)

Йўқ! Камина жазоланмай туриб устидан куладиганлар тоифасидан эмасман. Агар шубҳа-гумонларим тўғри чиқса, Адель менга қонли кўз ёшлари билан товон тўлайди... Рақибим эса ҳалокатга элтувчи ўққа дучор бўлади. Аммо-лекин нима учун Адель ўзининг ҳис-туйғулари борасида сенга ҳисобот топшириши керак экан, деб сўрашинг мумкин. Қайси бурч-мажбурияти учун менга садоқатли бўлиши керак?.. Ў, йўқ, албатта, агар гап ташқи томондаги хулқ-атвор ҳақида кетаётган бўлса. Лекин улуғвор, олийҳиммат қалблар учун муқаддас қонун ягона. Мен уни содда муғомбирлик билан йўлдан урмадим, жўшқинлигимни яширмадим, қандай бўлсам, шундайлигимча ўзимни намоён этдим. Эҳтимол, бу бевафолик рашким туфайлидир... О, менинг заиф юрагим! Аделнинг юрагидаги ёлғонни кўрмаслик учун алданишга орзумандсан. Ўзимни ўзим анча фурсатгача алдаб юрдим, бироқ мени алдаш осон эмас!! Йўқ, менинг қисматим нақд. Эраст иккаламиз рўпарама-рўпара келиб қолганимизда, Аделнинг саросималаниб қолганини кўрмадимми? Аделнинг жавобларида ётсираётганини, зўрама-зўракиликни сезмадимми? Эраст отдан йиқилганини хабар қилишганда, унинг узун киприкларидан думалаган ёшни пайқамадимми?.. Аввалбошда Адель йигитларнинг саломига совуққонлик билан алик олиб, буни мен учун қилаётганини билдириб турди; энди эса Эраст билан ўрин алмашдик. Тўғри, Эраст олийжаноб, илтифотли йигит... Бироқ мендан чиройлироқ, илтифотлироқ одам Аделнинг диққатига сазовор бўлавериши керакми? Нечун юрагим унинг учун уриб туради, кўзим нечун фақат уни кўради? Фақат уни деб, унинг учун яшайман!

Рақибим, афтидан, мен билан дўстлашишни истаяпти, қолаверса, менга ачингандек туюляпти!.. Дилни ранжитадиган дадиллигини қаранг! Башарти ғанимларим раҳм-шафқатига зор бўлганимда, ўзим учун ночору нотавонга айланардим. Суюкли бўламанми ёки нафратга дучор бўламанми, у дўстликни эмас, менинг ажалимни қидириши даркор! Аламлидир, шафқатсиздир рашк азоби: қуёш иситмайди, тунда уйқу қочади, чор атроф дўзахга айланган гўё.

Бироқ Адель уни чиндан ҳам севса-чи? Унда баттар бўлишсин: мен севган қизни меҳробга олиб боришига жимгина қараб турарканманми? Аделни суйиб-эркалаб мени таҳқирласинми, бутун шаҳарда омадсиз қаллиқ деган ном орттириб, ғуруримни ерга урсинми? Э, йўқ, бунақаси кетмайди! Нима бўлса, бўлар, рашк азобидан адойи тамом бўлгандан кўра, қасос ҳузурини эслаб яшаган афзал.

S.

Олтинчи мактуб

(Бир ҳафтадан сўнг)

Тамом. Ярим соатдан сўнг Эраст билан отишаман — жонни аямай: бунга важ-карсон излаш аҳмоқлик. Афсус, Жорж, ёнимда эмассан-да, сенга айтадиганларим бир дунё; бироқ хоҳиш-истак учар гилам эмас. Бу ерда бўлмасанг-да, чин дўстлигинг учун қалбимнинг тубидан сенга миннатдорчилик билдираман. Сенга ўхшаганлар камдан-кам топилади, қолаверса, дўст ягона бўлади; сенга доимо меҳрим баланд бўлган!.. Афтидан, хатга томган кўз ёшларим билан дўстлигимиз учун сўнгги қурбонлик келтирётгандирман... Сенга бир муқаддас туйғуни, яъни ватанга бўлган муҳаббатни васият қилиб қолдиряпман; ватан учун яша! Ватан учун ҳалок бўлмаётганимдан афсус-надоматдаман. Ўламан, деб айтяпман, сабабки, биринчи бўлиб ўқ отмасликка аҳд қилдим... рақибимни ранжитдим. Туғишган жигарларимга нома юбордим — уларга тасалли бер; сенга Иванимни ишониб топшираман — унга паноҳ бўл. Агар Аделни кўриб-нетиб қолсанг, айтгинки, мен уни севардим ва ҳеч кимга нисбатан нафрат ҳиссини туймаганман. Секундантлар шу ерда, ўқлар жойланди, тўппончалар шай; мен кетдим. Кечир, дўстим!

S.

Еттинчи мактуб

(Орадан тўрт кун ўтиб)

Мен уни ўлдирдим, бу олийжаноб одамни ўлдирдим! Мени қанчалик ниятимдан қайтаришга интилмасин, ўз фикримда собит туравердим: сохта шуҳратпарастлик юрагимни музлатганди, сўқир тақдир мени қотилликка, ёвузликка ундади. Нега ўзимни ёзғираётган ички овозимга қулоқ тутмадим-а! Ҳа! Тунов куни юрагим ғашлиги келгуси виждон азобининг акс-садоси эмасмиди? Биз йигирма қадамдан бир-биримизга қараб яқинлашиб келавердик, мен ҳеч нарсани ўйламай, шахдам одим ташлайвердим. Олти қадамда, негалигини ўзим ҳам бимайман, тепкини босиб юбордим — ўқ худди юрагимдан отилиб чиққандай бўлди!.. Эрастнинг илкис сапчиб тушганини кўрдим... Тутун тарқагач, Эраст қонга беланганча қорда ётарди. Бу манзарани кўзимдан йўқотинг, йўқотинг, бу ҳақдаги хотирани миямдан юлиб олиб ташланг! Мен чопиб бордим... у нарироқ сурилди... менга ҳеч бир нафратсиз қараб, қўлини узатди, қўлига бойланган жиякни лабларига босди — бу Адельнинг жияги эди. “Адель!..” – дея олди у аранг ва кўзларидаги нур сўнди, кўксига қулоқ солдик — жимжит; нафас ҳам олмаяпти: у ўлди!

Ўзимни энг яқин дўстимни, оғамни ўлдиргандек ҳис қилдим. Ниҳоят виждон алангаси онгимни ярқ этиб ёритди: ҳаёт ва ўлим ўртасига тушиб қозилик қилишга нима ҳаққим бор эди? Юракка буйруқ бериб бўларканми? Адель уни севарди ва албатта, у билан бахтли бўларди...

Аллақачон авахтадаман. Ҳарбий суд белгиланди... мени шафқатсиз ва адолатли жазо кутяпти; аммо Худонинг қаҳри мен осий бандага ёғилиб турганда, бу нима бўлибди!.. Ҳозир тун — ҳамма ширин уйқуда, бироқ мен бедорман, ич-этимни ғашлик кемирмоқда. Виждон азобидан қийналиб кун санайман; тун қоронғуси ваҳимага тўла... ишонасанми, дўстим: ҳар бир тиқ этган овоз, соқчининг ҳар бир ҳайқириғидан чўчиб тушаман. Чарчоқдан кўзим илинай-илинай дейди — чор атрофда арвоҳлар изғиб юрибди, шекилли, қулоғимга алланималарни шивирлашади. Даҳшатли тушлардан юрагим пўкиллайди: машъум ўқ овози, ўлим олди ингроқдан қулоғим том битади; гоҳ юракка ваҳм солгувчи сукунат, гоҳ мотам марсияси, устимга ботмонлаб тупроқ ташлашаётгандай бўғилиб кетяпман, гўристон тупроғи бурун катакларимни ачиштиряпти... тобут тахтаси кўксимни эзмоқда... юз-кўзларимда қурт-қумурсқалар ўрмаламоқда... Туйқус инграб уйғониб кетаман, пешанамдаги совуқ тер худди қон томчиларидек туюлади... О, ким ҳаёт деб аталмиш неъматнинг нафратига учраган қотилни даф этолади?! Нима учун урушда эмасмиз-а... нима учун мени тезроқ отиб ташлашмаяпти-а!

Александр БЕСТУЖЕВ-МАРЛИНСКИЙ (Россия) (1797-1837)

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси



[1]Кадриль – жуфт-жуфт бўлиб ижро этиладиган бал рақси ва унинг мусиқаси.

[2]Эски рақсларнинг бир тури ва унинг мусиқаси.

[3]Папильотка – сочни жингалак қилиш учун ишлатиладиган қоғоз.

[4]Гусар – Чор Россияси ва баъзи хорижий армияларда: венгер формали енгил кавалерия аскари, сувориси.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1