Юртимиз мўъжизалари: Шамолларни бўйсундирган Бузрукхон ота

МОЗИЙДАН САДО 31.05.2018, 11:35
Юртимиз мўъжизалари: Шамолларни бўйсундирган Бузрукхон ота

Наҳотки, ким экан у дейсизми? Албатта, бу сўзнинг ростлигига ишора қилувчи ҳужжатлар ва воқеалар бор. Ушбу маълумотларнинг қанчалик рост эканлигини билиш мақсадида Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги «Ҳазрат мулла» жоме масжидига бордик, деб ёзмоқда ЎзА.

– Бу инсоннинг асл исми Неъматиллохон ибн Зайнобиддин Мағрибий бўлиб, Ҳазрати Али ворислари бўлмиш Ҳасан ва Ҳусайннинг набираси бўлганлар,–дейди Саҳобиддин Аҳатов.– Тақдир тақозаси билан Бузрук бобо мелодий 950 йилларда Бухородан Хўжанд шаҳрига йўл олган. Шу тариқа Бекободда ҳозир биз турган манзилгоҳ бунёд этилган.

59f6d7ca-3e93-4ab9-9b28-04e06ea59503.jpg

Халқ орасидаги ривоятларга қараганда, Бузрук бобо деҳқон бўлган. Абдуллахон подшолиги даврида ҳаммани йиғинга чақирганда Бузрук бобо келмаган, борган ясовулларга эса ҳандалак пишганда бораман деган жавобни берган. Икки кундан кейин яна қайтиб келган ясовулларга хонга тортиқ сифатида иккита ҳандалак бериб юборган экан. Подшо ҳандалакларни кесиб қараса, биридан асал, бошқасидан эса қон томган экан. Асал томгани-халқнинг ширин турмуши, қон эса подшонинг жабр-зулми рамзи экан. Подшонинг ғазаби ошибди.

Аммо, шу пайт эшак миниб олган деҳқон ҳассаси учига катта бир чўққини кўтариб келаётган эмиш. Оломон қочибди. Саросимада қолган Абдуллахон деҳқонга таъзим қилибди.

– Ўрнингдан тур! Энди одил подшолик қилгин!-деб уқтирибди келувчи.

Қўлидаги катта чўққини Такали қишлоғи ёнига отиб юбориб, «Сени тоғдан узиб олиб, етим қилиб қўйдим. Энди сен етим чўққи бўлдинг,-деб каромат қилибдилар.»

Ҳозирда Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида жойлашган катта бир чўққи Етим чўққи деб аталади.

– Бобокалонимизнинг ҳасса сеҳрли бўлган, уни ёрдамида кўпгина муқаддас булоқлар пайдо бўлган. – дейди 90 ёшли Умидхон бобо Аҳатов.– «Чаноқбулоқ», «Бобой-об», «Обигарм» каби булоқлар халқ орасида машҳур бўлиб, улар шубҳасиз бобоколонимиз номи билан боғлиқ. Арслонбоб ва Занги оталар ҳам ҳазратнинг шогирдларидан.

Ҳайрон бўлиб турганимизни кўрган Умидхон бобо далил келтириш учун набираларига асони олиб чиқишни буюрди. Улар каттагина ўралган матони келтириб қўйишди. Унда терига ёзилган авлодлар шажараси ва асо ўралган экан.

– Бу буюмлар авлоддан-авлодга ўтиб, сақланиб қолган, – дейди Умидхон бобо.– Булар авлоднинг ёши улуғида туради. Ҳассага эга бўлган одам халққа туя худойи қилади. Туядан бошқаси ўтмайди. Ахир, туя ўз номи билан ҳайвонларнинг бузруги.

Мағрибу Машриқдан келиб-кетувчи карвонлар учун ҳам ўзига хос қўнимгоҳ бўлиб келган, Бузрук бобо зиёратгоҳи йиллар давомида минглаб мўмин-мусулмонларнинг муқаддас манзилгоҳига айланган. Бу ерга Бухорои шарифдан, ҳаттоки Арабистондан ҳам зиёратчилар келиб турган. Зиёратгоҳ мелодий 12-13 асрларда обод маскан бўлган. Бироқ, Чингизхон қўшинлари унга катта талофат етказгани боис, зиёратгоҳ 16 асрга қадар қаровсиз қолган.

12de9895-9eea-40f8-b9f4-bc7a14f7b55f.jpg

1502 йилда Мирзо Бобур бу ерларга келиб, қабрни ғишт девор билан ўраб, дарахт кўчатлари экиб кетгани айтилади. 19 асрда Қўқон хони Худоёрхон қамишзорлар орасида қолиб кетган мақбара ёнида баланд минора қурдирди. Минг афсуски, кейинчалик бу минора ҳам бузилиб кетди.

Кейинги ўн йилда зиёратгоҳда яна таъмирлаш ишлари олиб борилибди. Ҳозирда вилоятнинг туризм дастурига киритилган бўлиб, унинг атрофини ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган экан.

Борганимизда билдики, Бекободнинг машҳур, бебош шамоли зиёратгоҳ атрофини кезмас экан. Айтишларича, ўйноқи ва кучли шамолдан безган Бузрук ота 2-3 метр наридан айланиб ўтишин истаб дуо ўқиган экан. Шамол ҳамон бу ҳудудга яқин келмас экан. Жуда қизиқ. Ишонмасангиз бориб кўринг.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1