1

Cитора Фармонова ноҳақ танқидлар, ҚВЗдаги иштироки ва орзуидаги роль ҳақида гапирди

ШОУ-БИЗНЕС 30.05.2018, 14:22
Теглар: Фото
Cитора Фармонова ноҳақ танқидлар, ҚВЗдаги иштироки ва орзуидаги роль ҳақида гапирди

"Қувноқлар ва зукколар клуби" (КВН) ўйинлари "Осиё MIX" жамоаси иштирокчиси, хонанда, гўзал актриса билан "Кунутун" суҳбат уюштирди. Эътиборингизга ушбу суҳбатни ҳавола этамиз.

— Ҳаётингизни санъат билан боғлашингизни қачон тушуниб етгансиз?

— Ёшлигимдан орзуим дизайнер бўлиш эди. Бир куни таниқли дизайнер Валентин Юдашкиннинг бир гала концертда ўз либослар намойишини ўтказгани эътиборимни тортган. У пайтда мен бир- икки марта фильмларда суратга тушиб улгурган эдим, лекин ҳаётимни санъат билан боғлаш ҳақида жиддий ўйлаб кўрмагандим. Шу намойишни кўргач, «аввал санъат орқали танилиб, сўнг ўз либослар тўпламимни чиқарсам қандай бўларкин» деб ўйлаб қолганман.

— Мактабдан сўнг модельер дизайнерлик соҳаси бўйича таълим олгансиз. Ҳозир ҳам либослар яратиб турасизми?
— Шу кунгача барча оқшом либосларимни ўзим тикканман. Дизайнерлик фаолиятимни ҳеч қачон тўхтатмаганман. Бу менинг хоббим, болалигимдан энг катта орзуим десам ҳам бўлади. Ва мен орзу қилишдан ҳеч қачон тўхтамайман.

— Орзуингиздаги роль?
— Орзуимдаги роль «Зулмат» фильмидаги Рани Мукхерджи яратган образ. Ҳам забонсиз, ҳам кўзи ожиз, лекин унинг ҳаётда интилиши, бу образни чиқариб бериш катта маҳорат талаб қилади. Шундай амплуадаги роль насиб қилса мамнуният билан ижро этган бўлар эдим.

alt

— Кўпгина фильмларда суратга тушгансиз, қўшиқ ҳам куйлагансиз, ҚВЗда иштирок этдингиз. Қайси бири сизга яқинроқ?
— Камера қаршисида роль ижро этиш менга қизиқроқ. Ҳар бир актёр ва актрисалар роль ижро этганда ичидаги бор ғуборини чиқариб ташлайди. ҚВЗ ҳам актёрлик маҳоратини кўрсатишга киради. Шундан келиб чиқиб, актёрлик маҳорати менга яқинроқ десам тўғри бўлади.

Ҳозирги кунга келиб, шу ролни ижро этмасам бўларкан деган фикр ҳаёлингиздан ўтганми?
— Шу кунгача ижро этган ролларимдан хафа эмасман. Чунки энг бошда сценарийни ўқиб, менга ажратилган ролни англаб, ўзимни шу образда тасаввур қила олсам розилик бераман. Яқинда жуда яхши сценарий келди, агар шу фильм экран юзини кўрса катта муваффақиятга эришади. Лекин менга ажратилган роль ёқмаганлиги туфайли рози бўлмадим. Мен бирор бир ролга розилик беришдан аввал ўзимни премьерада томошабин ўрнига қўйиб кўраман. Агар шу ролга рози бўлганимда, кейинчалик пушаймон бўлишим аниқ эди. Ҳар қандай ролни ижро этишдан аввал жуда пухта ўйлаб кўраман. Шу сабабли яратган образларимдан ҳозирча пушаймон бўлмаганман.

Ижодингизда нима янгиликлар бор?
— Анча вақтдан бери янги картина суратга олиш ишлари учун тайёргарлик кетмоқда. Тез кунда суратга олиш жараёни бошланади. Мен шу кунгача ижро этган образларга умуман ўхшамайди. Бу орзуимдаги рольдан бир парча десам ҳам бўлади. Ситора Фармоновани ҳали халқ бунақа образда кўрмаган.

— Азия MIXдаги иштирокингиздан таассуротлар билан бўлишсангиз.
— ҚВЗ инсонни ўзига шундай жалб қилади, кейин унинг таъсиридан чиқиш жуда қийин. Унда ғаразлик йўқ, қувноқ кайфият ҳукмрон, барча жамоалар катта бир оиладек, бир-бирига ёрдам бериб, қўллаб-қувватлаб, шодлик ва қайғуни бирга баҳам кўради. Албатта, ҳар бир соҳада бўлгани каби, бу ерда ҳам ўзига яраша қийинчиликлари мавжуд, машаққатлари катта, лекин ҚВЗ ичидаги ҳаёт жуда чиройли.

— ҚВЗга катта умидлар билан қўшилгансиз, лекин ундаги иштирокингиздан сўнг танқидий фикрлар ёғилди. Сизга бу қандай таъсир қилди?
— Маълум бир сайт нотўғри информация тарқатиб, номимни қорага чиқарди. Мақола сарлавҳаси «Ўзбек миллатини устидан кулгани учун лицензиясидан маҳрум бўлди» қабилида ёзилган эди. Ваҳоланки, мен ўз халқимни, миллатимни устидан асло кулмаганман, кулмайман ҳам. ҚВЗнинг ҳар бир сони YouTube’да жойланган, мен керакли жойларга олиб бориб, буни исботлаб ҳам бердим. Мазкур сайт шов-шувли сарлавҳа билан ўзига пиар қилмоқчи бўлган, халқ эса биз санъаткорларни ижро этган ролимизга қараб баҳолайди. Минг афсуски, халқ бу гап-сўзларга ишонди. Тушкунликка тушдим, лекин айнан ҚВЗ мени шу тушкунлик ҳолатидан чиқишимга кўмаклашди.

alt

Сиз кутмаган инсон сиз ёмонлик қилганми?
— Бўлган. Энг яқин дугонам, ҳаттоки бир нечта дугоналаримдан панд еганман. Чин дилдан яхши кўриб, энг яхши тилакларни соғинган дугонам кутилмаганда ҳиёнат қилган. Орада кўп гап-сўзлар бўлиб ўтди. У ҳам туҳматга учраганини, бундай иш қилмаганини айтган. Лекин бир нарсани айтишим керак, мен уни аллақачон кечирганман. Ушбу вазиятни юрагимдан чиқариб ташлаганман. Ўша вақтда жуда катта зарба бўлган. Турмушга чиқишим керак бўлган пайтда, куёв тарафнинг оиласига мени ёмонлаган. Аллоҳга шукр, орадан бир ой ўтмай номим оқланиб, ўша қиз кимларни орасида менга туҳмат қилган бўлса, уша инсонлар ичида унинг яқин дугонаси бор ҳақиқатни гапириб берган. Туҳмат гапларга ишонганлар келиб кечирим сўрашган, шунинг учун бу вазиятни қўйиб юборганман. Инсон кечиримли бўлиши керак.

Панд еган инсонингизга яна ишона оласизми?
— Йўқ! Мен энди ота-онам ва Аллоҳдан бошқасига ишонмай қўйганман.

Доим қулоғингиз остида жаранглайдиган насиҳат. Ким томонидан айтилган?
— Дадам ҳар куни бир насиҳатни қайтарадилар: «Болам, юлдузлик касалига чалинма. Одамларга бўлган муносабатинг ҳеч қачон ўзгармасин».

alt

— Ситора Фармоновани актриса сифатида танилишида кўмаклашган роль қайси деб ўйлайсиз?
— «Мафтуна» сериалидаги Мафтуна образи мени жуда ҳам яхши танитган. Фильм режиссёри, раҳматли Нуриддин Қосимов мени кастингга чақирганларида, «Ситора, мана шу Мафтуна образи сизни бутун ўзбек халқига танитади», - дегандилар. Иккилангандим. Лекин, мана ҳозиргача мени шу ролим орқали танишади. Кўча-кўйда кўриб, одамлар мени Мафтуна деб атаган пайтлари ҳам бўлади. Ва яна, аҳамият берган бўлсангиз, бу сериал қайта-қайта эфир юзини кўрмоқда.

— Машҳурлик сиз учун қанчалар муҳим?
— Инсон зоти қизиқ мавжудот. Танила бошлаганингизда, эл назарига тушиб, машҳурликни татиб кўрганингиздан сўнг сиз ундан воз кеча олмай қолар экансиз. Машҳурлик, халқнинг эътибори мен учун нафасдек муҳим. Сал эътибор камайганини сезсам ўзимни ҳаво етишмаётгандек ҳис қила бошлайман.

alt

Машҳур бўлганингиздан афсусланган вақтингиз бўлганми?
— Таъқиққа тушган пайтимда у ер бу ерга борсам дарров одамлар пичирлаб, ғийбат қилишга тушиб кетишарди. Шу пайт машҳур бўлганимдан афсусланганман.

Машҳур бўлиш учун ташқи гўзаллик қанчалар муҳим?
— Санъатда ташқи кўриниш энг муҳим омиллардан бири. Лекин иқтидор бўлмаса, тарбиянгиз ҳавас қилгудек бўлмаса, бор гўзаллигингиз ҳам кўзга кўринмайди.

Гўзаллигингизни қачон тушуниб етгансиз?
— Болалигимда бу ҳақда ҳеч ўйламаганман. Ўйлашга вақтим ҳам бўлмас эди. Мактаб давриданоқ бир нечта чет тилларини ўрганишни бошлаганман. Араб, тожик, немис, инглиз тилларини биламан. Мактаб даврида онам қандай кийимни тайёрласа кийиб кетаверганман. Сочимни майда қилиб ўришса ҳам ҳеч қачон норозилик билдирмаганман. Шуни тўғри деб қабул қилганман. Балоғатга етгач атрофдаги дугоналаримга назар солиб, сочимни бошқача турмаклашни, бироз пардоз қилишни бошлаганман.

Инсонлардаги қайси хислатни кўпроқ ҳурмат қиласиз?
— Самимийлик ва оддийликни. Кайфиятим йўқ бўлган пайтда оддий, содда дугоналарим билан кўришсам, уларнинг самимий суҳбатидан кайфиятим дарров кўтарилади.

alt

Ўзингизни қандай инсонлар қаторига қўшасиз?
—Жуда ҳам позитив инсонман. Ҳаттоки дўстларим “Ситора, ҳеч йиғлайсанми ўзи?”, - деб сўрашади.

Ижтимоий тармоқларнинг ҳаётингиздаги роли?
— Ижтимоий тармоқ ҳозир актёрлар ва режиссёрларнинг ишини жуда енгиллаштирди. Аввал бирор бир ролга тасдиқдан ўтиш учун сарсон бўлиб, бир неча бор бориб, келиб юрардик. Ҳозир ижтимоий тармоқларда мунтазам равишда суратларимизни жойлаб борамиз ва режиссёрлар уша суратлар орқали типажимиз бўлажак образга тўғри келадими, йўқми биладилар. Ижтимоий тармоқдан ишим учун фойдаланаман.

Бир кунда ўзингизга қанча вақт сарфлайсиз?
— Авваллари салонларга борар эдим. Маълум, салонга борсангиз уч-торт соат вақтингиз кетади. Лекин ёшим улғайган сари, ота-онамнинг сочларига оқ оралагани, юзларига ажин туша бошлаганини сезгач, уша вақтни оиламга сарф қилишни бошладим. Сочимга ниқоб қилиб, бемалол уй ишлари билан банд бўлишим ёки яқинларим билан суҳбатлашишим, биргаликда фильм кўришимиз мумкин.

— Шахсан танийдиган мухлисларингиз борми?
— Жуда кўп мухлисларим билан телеграм орқали гаплашиб турамиз. Мен мухлисларим билан гаплашганимда кайфиятим кўтарилади. Уларнинг мен ҳақимдаги ижобий фикрлари янада кўпроқ ишлашга ундайди.

Мухлисларга тилакларингиз.
— Авваламбор юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлишини тилайман. Қолаверса, барча – барчага оилавий ҳотиржамлик, саломатлик ва яхши кайфият ҳамроҳ бўлишини тилаб қоламан.

Шарҳлар

Солиҳон домла 15 суткага қамалди

01.04.2024, 16:31

Ижтимоий тармоқларда Солихон домла номи билан танилган Солихон Ортиқхўжаев 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари Darakchi.uz га хабар берди.2024 йил 30 март Тошкент...
Педагогларни 3 йил куттирган қонундан қайси имтиёзлар “тушиб” қолган?

21.02.2024, 17:28

Хабарингиз бор, 2024 йил 1 февраль куни “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун имзоланди. Ундаги педагоглар учун энг асосий ўзгаришлардан бири – энди мактабга янги ишга кирган...
⚡️iPhone 16 кўриниши эълон қилинди

13.02.2024, 09:36

Твиттерда Majin Bu тахаллуси остида яширинган таниқли Apple инсайдери янги авлод iPhoneлари ҳақида янги маълумотлар билан бўлишди. Инсайдер хабаридан маълум бўлишича, компания бир вақтнинг ўзида...
Вайрон бўлган уйлар, жароҳат олган одамлар ва уларга ёрдам бераётган ходимлар… Сергелида отган машъум тонг (фотожамланма)

29.09.2023, 00:10

Бугун, 28 сентябрь куни соат 02:43 да Тошкент шаҳар Сергели тумани "Қурувчилар" даҳасида жойлашган омборхоналарнинг бирида кучли чақнаш оқибатида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берган...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1