1

Сайёрамизнинг турли бурчакларида қандай ифторлик қилишади?

ДУНЁ 28.05.2018, 15:13
Сайёрамизнинг турли бурчакларида қандай ифторлик қилишади?

Даставал шуни такидлаш жоизки ифторликни иложи борича эътиқоди бир бўлган жамоа ва оила даврасида қилган афзал. “Якка ўзинг ва қоронғуда овқатлан” - бу мусулмонлар ҳақида айтилган гап эмас. Ва, албатта, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) нинг кун ботгандан сўнг овқат тановул қилиш борасидаги тавсияларини унутмаслик лозим. Ҳадисларга мувофиқ ифторликни вақти кириши билан қилган яхши. Расулуллоҳ шом намозини бир қултум сув ичиб бўлса ҳам кейин адо қилганлар.

Албатта, аксарият эътиқод қилувчилар оғизларини сув ёки хурмо билан очишади. Сўнгра турли-туман егуликларни истеъмол қилишади.

Сайёрамизнинг турли бурчакларида ифторлик дастурхони ҳам турлича.

Бир нечтаси билан танишиб чиқамиз. Эътиборингизга турли мамлакат ва минтақаларда яшовчи мусулмонларининг ифторлик қилиш анъаналарини ҳавола этамиз.

Турк таомлари таъсиридаги славян ошхонаси.

Славян давлати бўлмиш Босния ва Герцоговинада Ислом кенг тарқатилган. Бу ерда Усмонийларнинг анъаналари нафақат тилда балки маданиятларида ҳам акс этади. Булқон ҳалқлари ва турк истилочиларининг урф-одатларини ўз ичига олган таомлар ҳам истисно эмас. Боснияликлар ифторликни хурмо ва шарбат билан бошлашади (биз ўрганган газланган шарбат эмас, балки бир оз шакар билан аралашган лимон шарбати). Рамазонда тухум, сметана, пишлоқ ва ёғдан иборат таом тайёрланади. Уни қора седана сепилган махаллий нон билан газак сифатида истеъмол қилишади. Кейин эса биринчи таом – шўрва ёки бошқа суюқ овқат тортилади. Сўнгра зиёфатнинг энг муҳим ва зарурий таоми – гўшт тортилади. Мол, қўй, товуқ гуштларини қайнатилган, дудланган, пиширилган, қовурилган ҳолда катта ва кичик бўлакларда тортилади. Дўлма таоми ҳам Болқон ярим оролига турклар билан бирга кириб келиб дастурхонда ўз ўрнини топган. Овқатдан сўнг эса усмонийлар даврини эслатиб турувчи серёнғоқли пахлава тортилади. Туфахия (пиширилган ёнғоқли олма) ва смоквара (анжирдан тайёрланади) ҳам турклардан мерос қолган таомлардир.

Пахлава билан кока-кола

Шимолий Кипрнинг Турк Республикаси деб тан олиш масаласи 40 йилдан буён ҳал қилинмай келмоқда. Шунга қарамасдан Ўртаер денгизидаги бу сиёсий тузилма йўқ бўлиб кетмади ва ҳозирда яхши ривожланмоқда. Аҳолининг кўп қисми турклардан иборат бўлганлиги сабабли бу ернинг ошхонаси ҳам туркийдир. Рамазон ойини бу ерда ўтказганлар (каминага ҳам Шимолий Кипрда бир неча йил яшаш насиб этган) кипрликларнинг таомларида баъзи камчиликларни ҳам сезишган. Маҳаллий таомларда юнон таъсири ўз изини қолдирган.

Одатдагидек оғиз сув ва мева билан очилади. Кўзингизга турли - туман ичимликлар ташланади – табиий шарбатлар, айрон, жажжик (қирғичдан чиқарилган бодринг ва ялпизли айрон) ва... Кока-кола. Ҳа, бу америка ичимлигини катталар ҳам, болалар ҳам бирдай севиб истеъмол қилишади. Жазирама иссиқдан кейин ошқозон учун газланган ичимликлар тавсия қилинмаса-да аммо турклар барибир кока-кола ичишади.

Пишлоқ, мевалар, сабзавот, ёнғоқдан тайёрланадиган мезе - газаги кичик миқдорда тортилади. Умуман олганда байрам дастурхонида одатда пишлоқнинг турли навлари, ёнғоқ ва зайтун бўлади. Денгиз маҳсулотларини ҳам учратиш мумкин. Лекин деярли ҳеч қайси зиёфат гўштсиз ўтмайди. Турклар эса гўштли таомлар тайёрлашнинг ҳақиқий усталаридир.

Энг содда таом – қовурилган қўй ёки мол гўшти. Гарнир сифатида гуруч ёки димланган сабзавотлар тортилади (айниқса гарнир учун яшил ловия кўп тортилади). Зиёфат пайтида дастурхонда албатта сув ёки айрон бўлади.

Таомдан сўнг кипрликлар кўпинча пахлава истеъмол қилишади. Яна буғдой ёрмасидан қилинган кекс ҳам тортилади. Унинг оддий кекслардан фарқи – ичига ёнғоқ солинган ва устидан қиём қўйилгани. Ҳар бир ширинликни номлари бор, лекин содда қилиб уларни “тотли” деб аташади. Дарвоқе, Кипр аҳли пахлавани Рамазондан олдин катта яхлит бўлагини сотиб олишади ва ой давомида ўзлари ундан лаззатланиб мехмонларга ҳам илинишади. Барча ширинликлар чой билан ичилади.

Апельсин шарбати ва тожин

Марокаш ошхонаси ҳам ранг-баранг. У араб, барбарлар ва бир муддат хокимлик қилган французларнинг энг яхши анъаналарини ўз ичига олган. Марокаш азалдан савдо йўллари кесишмасида жойлашган бўлиб жуда бой маданиятга эга. Масалан, кун ботишидаги азондан сўнг сизни албатта хурмо ва янги тайёрланган апельсин шарбати билан мехмон қилишади. Мамлакатда цитрус мевалари кўп бўлгани эса айни муддао. Шу сабаб Марокаш дунёда апельсин, мандарин, клементин, грейпфрут ва лимонни экспорт қилиш бўйича етакчи ҳисобланади.

Шунингдек марокашлик оилаларда хурмо ва ясмик шўрваси (харира) билан ҳам оғиз очилади. Ифторликни эса мезе ёки сабзавотли салатлар билан бошлашади. Дастурхонга албатта зайтун қўйилади. Яхна овқат сифатида машҳур араб таоми – хумус (зиравор қўшилган дуккакли пюре) тортилади. Агар моддий имконият бўлса марокашликларнинг севимли таоми – тожин тортилади. Уни махсус сопол идишда (уни тожин деб аташади) қўй ёки товуқ гўшти ҳамда сабзавот қўшиб тайёрлашади. Агар тожин берилмаса унда рагу тортишади. Уларнинг тайёрлаш усуллари жуда кўп. Мағриб юртида Рамазон шарофатидан меҳмонни истисно тариқасида кус-кус билан сийлашади. Шуни эътиборга олиш керакки четдан келганларга кўп таомларнинг таъми жуда ўткир туюлиши мумкин. Шу сабабли маҳаллий аҳоли таомларни шарбат билан истеъмол қилишади.

Марокашни зиёрат қилганлар ялпизли чойни ҳам ичган бўлишлари мумкин. Бу ичимликни чойнакдан шиша идишга бир метр баландликдан қуйиш маросими ҳам бор. Рағбат учун тайёрланиши мураккаб бўлган махсус қатламали пишириқ берилади.

Кокос сути ва қовурилган егуликлар

Индонезияда ифторлик таомномаси турлича бўлиб у турли ороллар, Ҳиндистон ва Хитой миллий ошхоналари таомларидан иборат. Иссиқ иқлимда гўштли овқатлар шимолий ўлкалардаги каби кўп тайёрланмасада, лекин товуқ ва мол гўштли егуликлар кенг тарқалган. Мусулмонлар намоздан аввал енгил тановул қиладилар ва ичимлик ичадилар.

Кокос сути – бу совутилган ёки музлатилган кокос суви, янги кокос мевалари ва қиёмдан тайёрланадиган ичимлик. Уни Индонезияда севиб ичишади. “Эс келапа муда” (Eskelapamuda, таржимаси “кокос музи”) дунёнинг 50 та энг мазали ичимликларига киради. Баъзилар уни кокос шакари ва муз билан аралаштириб ичишни хуш кўришади, бошқалар эса қиём ва мева бўлаклари билан. Қолганлар унга ҳеч нарса аралаштирмай кокос сутини ўзини ичишади. Бу ичимлик тезда ташналикни қондиради. Кокос бўлаги билан оғиз очсаям бўлади. Яшил ва ёш кокос мевалари кўпроқ қадрланади: улардан катта миқдорда сув олинади, таъми ҳам ширалироқ.

Бошқа машҳур ичимликлар турига муз солинган маҳаллий мандаринлардан тайёрланган шарбат, шакарқамишни сиқишдан ҳосил бўлган шарбат ҳамда занжабилли чой киради. Эҳтимол ифторликда сизни мевалар ва майдаланган муздан тайёрланган коктейль билан сийлашлари ҳам мумкин. Уни ананас, папайя, канталупа, сквош (қовоқлилар оиласига мансуб), жекфрут и коланг-калин меваларидан тайёрлашади. Ичимликга шакар ва баъзида сут қўшишади.

Колак/колек – пальма шакари ва кокос сутидан тайёрланадиган ширинлик. Унга хушбўй таъм бериш учун панлалус барглари қўшилади. Тайёрлаш усуллари кўп. Масаллиқ сифатида банан, сариқ сквош ва бошқа мевалар ишлатилади.

Бўтқалар (яшил соялик суюқ сули бўтқаси) намоздан олдин енгил тановул учун жуда қулай.

Индонезияликлар одатда шом намозидан сўнг дам олиб кейин таом тановулига ўтирадилар. Бўткаларнинг ҳазм қилиниши жуда осон. Уларга тез-тез кокос шакарини қўшишади. Яшил соялик бўтқа қора ёпишқоқ гуруч ва кокос сути билан аралаштирилади. Сули бўтқаси одатда жигарранг сувли шакар эритмаси билан аралаштирилади.

Қовурилган таомларни бу ерда барча севиб истеъмол қилади. Уларни “горенган” деб номлашади. Тофу, банан, жўхори, сабзи ва карамни қовуришади. Ушбу таомлар бу ерда оддий қўча таоми ҳисобланади. Индонезияликлар қарсиллатиб ейдиган ва қовурилган таомларни яхши кўришади. Баъзида улар горенган таомига ер-ёнғоқ қайласини солишади. Ёғли таомдан сўнг юзни артиш учун қўл остида салфетка бўлгани яхши.

Маҳаллий ошхонанинг яна бир машҳур таоми – сабзавот, соя донлари ҳамда мол ёки товуқ гўшти қиймаси қўшилган гуручли пирог “Лонтонг”дир (Lontong). Уни банан барглари билан ўрашади. Қандай қилиб истеъмол қилинади дейсизми? Бир бурчагини бўлиб ер-ёнғоқ қайласини қўшинг (индонезияликлар ер-ёнғоқни жуда яхши кўришади) ёки оддий кайен қалампирини. Ва, албатта, меҳмонни маҳаллий экзотик шўрва ёки қуймоқ билан сийлашади. Тайёрлаш усуллари ҳам ниҳоятда кўп.

Бошқирдча ёғ қуйилган олча

Россиянинг ҳар бир ҳудуди ўзининг урф-одатларига эга. Жануби-шарқий бошқирдларга тўхталамиз. Албатта, Бошқирдистон таомномасига рус, Европа ва Ўрта Осиё ошхоналарининг таъсири катта. Шунга қарамай маҳаллий аҳоли ўзининг кўпгина маданий хусусиятларини сақлаб қолган. Бошқирдистондаги уй бекалари куздан бошлаб тултирма, қази тайёрлай бошлашади. Рамазонга келиб алоҳида қилиб манти, чучвара, уй шароитида қилинган сосискалар, қиймали қалампир, жигар котлетлари тайёрлаб қўйилади. Бу ҳаракатлар муқаддас ойда ибодатга, биродарлар ва қариндошлар билан дийдорлашишга қўпроқ вақт ажратиш учун қилинади.

Шифокор ва бошқирдлик жамоат арбоби Гўзал Махмутова ифторлик учун “оғир” овқат қилишга мажбур бўлишини тан олди. Бошқа тарафдан меҳмонларни бир жуфт “енгил” таом билан кутиб олиш ҳам шарқ меҳмондўстлигига тўғри келмайди. У ифторлик учун “енгил” ва “оғир” таом тайёрлаш фикрига келди. “Енгил” таомни ифтор учун, “оғир”ини эса меҳмонга сахарлик қилиш учун туҳфа сифатида. Баҳор-ёз мавсумида кечалар жуда қисқа бўлади. Уйга меҳмондан қайтгандан сўнг сахарликка таом тайёрлашга ҳоҳиш бироз сўнади. Меҳмондорчиликда бериб юборилган таом эса айни муддао бўлади.

Бугун ифторликда кўпроқ угра оши (гўшти алоҳида тортилади) ва палов тайёрланмоқда. Қишлоқларда қичитқи ўтли шўрва ёки балиқ шўрва қилинади. Ва бошқирдларнинг энг машҳур таоми – бешбармоқ. Қозоқ бешбармоғидан фарқли ўлароқ бошқирдлар хамирни кичикроқ қилиб бўлаклашади. Хамир бўлакли шўрва ҳар бир одам учун алоҳида чуқур ликопчада тортилади. Унга қўрт қўшилади. Қўрт шўрвадаги ёғнинг таъсирини йўқотади. Дастурхонга пиёз ва қора мурч сепилган гўшт тортилади.

Табийки, ҳар бир зиёфат чойхўрлик билан якун топади. Миллий ширинлик сифатида устидан тоза ва эриган ёғ қуйилган резаворлар (олча, қорағат, шумурт) тортилади. Бу маҳсулотни узоқ сақлашнинг қадимий усулларидан. Ушбу ҳолатда резаворлар кейинги мавсумгача яхши сақланиб қоладилар. Дастурхонга бекажонлар қизил творог (қизилэремсак) ва бошқирд асали билан аралашган сариёғ, қатлама (мойикмак), чак-чак (бошқирдлар шакли каттароқ бўлганлиги сабабли уни “сак-сак” деб аташади) ва бўғирсоқ тортишади.

Сўзимиз ниҳоясида шуни таъкидлаш керакки, ушбу мақола учун маълумотлар шахсий тажриба ва дўстлар хикоясидан йиғилган. Аммо сайёрамизнинг юқорида номи келган бурчакларида бўлганингизда дастурхонга айнан шу таомлар тортилмаган бўлиши мумкин. Ҳар бир оила соғлом овқатланишга ўзгача ёндашиши мумкин ва урф-одатларидан келиб чиқиб таом тайёрлаши мумкин. Ифторнинг асл мақсадини ҳам эсдан чиқармаслик лозим. У “тўйиб ширин овқатланиш” учун эмас, балки диндошлар учрашиб кўпроқ Аллоҳ таолони зикрида бўлмоқликлари учун ўтказилади.

info.islom.uz сайтидан олинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1