1

«Энди уруш бўлмайди!»

МУТОЛАА 08.05.2018, 14:28
«Энди уруш бўлмайди!»

Ҳар йили 9 май куни бобомнинг туғилган кунларини нишонлардик. Агар ҳаёт бўлганиларида бу йил юзни қаршилардилар. Улар учун бу кун ҳақиқатда ҳаётга қайтадан келган кунлигини ўн йиллар олдин, мактабимизда ўтказилган тадбирда англаб етгандим...

Тадбир бошланишига беш дақиқалар қолганида залга кириб келдик. Қаторлашиб, қиқирлашиб. Равшан Озоданинг сочидан тортган, Шамсияни ўқитувчимиз оғзидаги сақичини ташлаб келиш учун изига қайтарган, Нурилло орқа қатордаги саккизчи синф ўқувчиларини жойидан турғизган — «Ҳали ёш боласизлар, олдинги қаторда ўтириб, яхшилаб эшитинглар!». Болалар қўрққаниданми ё қаршилик қилиш бефойдалигини билибми, ўринларидан туриб кетишди. Аввал Нурилло зўр иш қилган катта одам бўлиб ўзини ўриндиққа ташлади, ундан кейин биз жойлашдик — ҳартугул, олд қаторда киприк қоқмай ўтириш балосидан қутулдик. Шамсия энсасини қотирганча жойига келиб ўтириши билан сумкасидан бир ўрам сақич олди, икки дугона унга шерик бўлдик. Тадбирлар ташкиллаштириш бўйича донг чиқарган адабиёт ўқитувчимиз залдаги ғала-ғовурни зўрға тинчитгач, кўксига медаллар таққан уч киши зал тўридаги, атлас мато ёпилган стол ёнига келиб ўтиришди. Бири менинг — бобом!

— Ия, бобонг ҳам келибдими? — деди Шамсия.

— Ҳа, кеча айтмагандилар, кўришга боргандик, — дея оғзимга қўл югуртирдим. Бобомнинг нигоҳи ўткир, узоқдан бўлса ҳам, сақич чайнаб ўтирганимни кўришидан чўчидим.

Негадир, бола пайтимдан бобомдан ҳайиқиб тураман. Урушда қатнашганларини билганимдан бери янаям аниқроғи. Жуда тартибталаблар. Уларнинг уйида телевизор соатли кўрилади, чироқлар беҳуда ёниқ қолмайди, қолган овқатни ташлаб юбориш қатъиян ман этилади, каравотлар устига чиқиб сакраш, томдан сомон уюмига ўзингизни отиш, ҳовлини бошга кўтариб шовқин қилиш умуман мумкинмас. Кичик келинойимнинг айтишича, бобомнинг асаблари чатоқмиш. Ким билади, жуда камгаплар, балким юқоридаги қоидалар бузилса, жаҳли чиқиб уришар... Аммо уларнинг уйига боришнинг ёқимли томони ҳам бор. Уйларига боргач, бирпас ўтиришим билан бобом қўлимга пул тутқазади. Музқаймоққа. Бувимга, жиянларимга, ўзимга биттадан музқаймоқ олиб келаман. Бувим ҳам, бобом ҳам томоғинг оғриб қолади, дейишмайди, муздек ширинликни маза қилиб паққос тушираман. Кечга довур эса бобом қишин-ёзин бисотида бўладиган олмалардан олиб чиқади, фақат санаб, ҳар биримизга биттадан. Ўзлари ювиб, қўлимизга тутқазади. Ортиқча эркаламайди, умуман гапирмайди, десак ҳам бўлади.

Мана, ҳозир ҳам қўлига тутқазилган чойни раҳмат деганнамо бош қимирлатиб олдилар-у, жим ўтирибдилар.

Адабиёт ўқитувчимиз эса меҳмонлар билан таништира бошлади.

Жуманиёз ота, бобомнинг ўртоғи, бир қўли йўқ, урушда уч жойидан яраланган эканлар. Ўқитувчимиз улар ҳақида гапираяпти-ю, мен Жуманиёз отанинг бобомнинг уйига серқатновликларини эслайман.

— Эй, бу болалар!.. — бир куни ота кўйлагининг ўнг енгини ҳилвиратганча кириб келди. Бобом миқ этмай ўтирса ҳам, унинг кўнгли тошиб кетаётган чоғи гапиришда давом этди, — Бугун эрталабдан уйда тўполон. Ўғилларим қўшни билан ер талашишаяпти. Қўшни солаётган деворларингиз мен тарафга ўтиб кетаяпти, деса, бизнинг болалар ер ўлчайдиган метр билан сантимертлаб девор қуриладиган жойни ўлчашаяпти. Қарасам, ўғлим билан қўшни ёқалашаяпти, бир қўллаб зўрға ажратдим. Гапирсам, сиз нимани тушунардингиз, одамлар ҳозир бировнинг ҳақини ейишга уста бўлиб кетишган, нега энди биз ўзимизга тегишли ерни уларга беришимиз керак, дейди болам.

Ўша куни чуқур уҳ тортиб гапирган Жуманиёз отанинг кайфияти бугун тамоман бошқа. Хурсанддек.

Навбат бобомга келди. Ўн тўққиз ёшида урушга кетган эканлар. Отам сал-пал гапириб беради-ю, ўзлари ҳеч уруш йиллари ҳақида сўз очмайди. Дадам ҳам бизга ундан-бундан эшитганини айтади чоғи.

Акром ота уларнинг ичида энг ёши каттаси. Тўрт йил урушда қатнашиб, кейин йигирма йил бедарак кетган эканлар. Бу воқеани сал-пал биламан. Чунки неваралари билан бирга тикувчилик курсига қатнайман. Бувиси раҳматли рус аёл бўлган, бобоси урушда яраланганида шу аёл парваришлаган экан. Уруш тугаб, йигирма йилча ўтгач, бувисини олиб уйига қайтган экан. Онамга ҳаяжонланиб шу воқеани айтиб берганимда, «Ҳа, биз Акром отанинг маҳалласида ўсганмиз-ку», дедилар. Онамнинг ҳам боболари урушда бедарак кетган. Бобом раҳматли узоқ йиллар отасини излаган. Ҳатто, онамлар туғилиб, эсини таниган пайтларида ҳам. Шундай кунларнинг бирида қишлоқда «Акром қайтибди, тирик экан, рус аёли, икки боласи бор экан», деган гап оралайди. Бобом оёғини қўлига олиб Акром отанинг уйига чопган — балким отамнинг дарагини билар, деб. Онам ва холаларим эса «Бизнинг ҳам бобомиз тирик бўлса, рус аёллари билан келса, Надя холаникига ўхшаш кўйлак, пальтоларини кийиб юрардик», дея орзуга берилишганини кулиб эслашади.

Мана, Акром ота ўтирибди. Тўғрироғи, пинакка кетгандек. Надя холани икки йилча олдин тупроққа қўйишди. Шундан буён бобонинг чеҳраси ҳеч очилмасмиш, нуқул ўтирган жойида ухлаб қолармиш. Баъзилар ўзини ухлаганга солади, тўқсондан ошиб қолди, тинчлик истайди-да, дейишади.

Биринчи бўлиб Жуманиёз отага сўз берилди. У киши бир қўллари билан чой хўплаганча гапира бошладилар. Ўнг қўлларининг яралангани тўғрисидаги воқеани шундай сўзлаб бердики, гўё ҳаммаси кўз олдимизга рўй бергандик. Мана, мина тушган дала, тўрт томонга тутдек тўкилган аскарлар, қуюқ тутун, инграган овозлар. Эндигина йигирмага кирган аскар чап қўлини ушлаганча судралаяпти. Шунда кимдир уни даст кўтаради, икки юз метрлар четга, тинчроқ жойга олиб чиқиб дарахт панасига ётқизади. Деярли ҳушидан кетаёзган аскар душманни кийимидан таниб, ҳайрон қолади. У нима қилмоқчи? Асир олмоқчими? Ерга қўйгач, баттар ҳайрати ошади ва ҳушидан кетади. Ҳушига келганида эса ҳарбий шифохонада ётарди.

— У мени асраб қолган... Балким кейинги жангларда мени уни шу бир қўлим билан отиб ўлдиргандирман... — бобонинг кўзлари ёшланади... Буни биз — орқа қаторда ҳеч кимга кўринмай ўтиришни одат қилган, олдимиздаги ўриндиқларга фалончи+фалончи=севги ёки дугона дея ёзадиган ёшлар бир қўлининг енги билан ёшларини артганидан биламиз.

Бобом бир оғиз гапирди.

— Хотирам яхши эмас. У кунларни эслолмайман унча. Энди уруш бўлмасин. Уруш бўлмаслигига ишонамиз, — деди, холос.

Мен уларнинг хотираси ёмонлигига ишонмайман. Камгап бобом мактаб дарслигидан савол берсангиз ҳам, тўғри жавоб қайтаради. Яна жуда кўп ғазал-рубоийларни ёддан билади. Амаким сканворд ишлашга тушса, деярли барча саволларнинг жавобини бобомдан сўрайди. Шунчаки гапиришни истамайдилар. Демак, уруш биз ўйлагандан кўра оғир бўлган. Оғир из қолдирган. Улар тинчлик учун дўзах кечиб юрганида онаси, укаси ва синглиси очликдан вафот этишгани учун ҳам бўлса керак. Чунки уйга не умидлар билан, онам мени кўрса, хурсандлигидан қандай ҳолга тушаркан дея қайтганиларида бу хабарни эшитиб батамоман ўзларини йўқотиб қўйган эканлар.

Акром отанинг юмуқ кўзларига қараб ўқитувчимиз уларни безовта қилмаслик қарорига келди, шекилли, залга юзланди. Ўқувчилар савол бера бошлашди. Саволларга ҳам асосан Жуманиёз ота жавоб берди. Улар актёр бўлишни орзу қилган экан. Уруш деган бало чиқмаганида ҳозир Раж Капурдек машҳур актёр сифатида Жуманиёз отани учрашувга таклиф қилган бўлар эканмиз.

— Нечта фашистни ўлдиргансиз?

Акром отанинг кўзлари ярқ қилиб очилди. Жуманиёз ота ҳам, бобом ҳам индамай қолишди. Нуруллонинг дабдурустдан берган саволи уларга ёқмаганлигини нигоҳларидан уқиш қийинмасди.

— Улар ҳам инсон эди... — Акром отанинг овози титради.

Кутилмаганда бобом ўрнидан турди.

— Инсонларни ирққа, миллатга ажратманглар. Турларга ажратманглар. Шунда уруш кўрмайсизлар, болам... — бобом бутун зал эшитадиган овозда гапирди ва узоқ фурсат жойида тик турди.

Адабиёт ўқитувчимиз қарсак чалишни бошлаганди биз уларга жўр бўлдик. Ҳатто, Нурулло ўрнидан туриб қарсак чалди. Олд қатордаги йигит-қизлар қўлларидаги гулларни уруш қатнашчиларига бера бошлашди. Мен гарчи гулсиз келганимдан хижолат тортсам-да, бобомнинг ёнига шошдим ва биринчи марта уларни қучдим...

— Бобожон... биз сизни яхши кўрамиз...

Бобом пешанамдан ўпаркан, қўлларимга битта гулдастани тутқазаркан, «Қолганларини бувингга олиб бораман», дея оғир қадамлар билан эшик томон юрди.

Шоира ВАФОЕВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1