1

Қабристон ёнидан ўтаётиб юзга фотиҳа тортса бўлади...ми?

ҲИДОЯТ САРИ 02.05.2018, 15:18
Қабристон ёнидан ўтаётиб юзга фотиҳа тортса бўлади...ми?

9 май – Хотира ва Қадрлаш куни арафасида зиёратгоҳлар, қабристонлар аждодларимизни хотирлаб, уларнинг бугунги саодатли кунларга етиб келишимиздаги беқиёс хизматларини ёдга олиб юзига фотиҳа тортаётган юртдошларимиз билан гавжум бўлади.

Кўчада тобут кўтариб кетилаётган бўлса, барчамиз – пиёда ҳам, уловга минган ҳам дарҳол тобутга елкамизни тутиб, камида етти қадам кўтаришамиз. Марҳумни Аллоҳ раҳматига олсин, дея юзимизга фотиҳа тортамиз. Қабристон ёнидан ўтсак, дуо қиламиз. Хўш, аслида, қабристонни зиёрат қилишда нималарга эътибор қаратиш зарур, зиёрат одоблари нималардан иборат, аёллар ҳам марҳумлар мангу қўним топган масканларни зиёрат қилса бўладими?

Ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида ЎзА мухюири Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Шайх Абдулазиз МАНСУРга мурожаат қилди.

– Ассалому алайкум, ҳурматли шайх ҳазратлари! Юртимизда ҳар йили Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Шу куни юртдошларимиз ўтганларни ёд этиш мақсадида қабристонларни зиёрат қилади. Муқаддас динимизда қабристон зиёрати тўғрисида нима дейилган?

– Ваалайкум ассалом. Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “Қабрларни зиёрат қилиш одоби ҳақида” фатво қабул қилинган. Унга кўра, қабристонни зиёрат қилиш чоғида қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Аввало, қабристонга кирилганда “Сизга салом бўлсин эй қабристон аҳли”, дея салом берилади.

Қабрларни зиёрат қилиш – суннат амал. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Энди қабрларни зиёрат қилаверинг. Зеро, у сизларга охиратни эслатади” (Имом Муслим ривояти), деганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) исломнинг илк даврида қабрларни зиёрат қилишни тақиқлаган эдилар. Чунки бу пайтда жоҳилият даврининг баъзи одатлари сақланиб қолган бўлиб, айрим қабилалар мақтаниш ҳамда ғурурланиш учун ўликларнинг қаҳрамонликларини санаб, бақир-чақир, ошкора йиғи-сиғи қиларди. Ислом одоб ва ахлоқи инсонлар қалбига ўрнашгач, қабрлар зиёратига рухсат берилди.

Азиз авлиёларнинг мақбараларини, яқинларимизнинг қабрларини зиёрат қилиш савоб амаллардан. Аммо бунинг ҳам ўзига яраша тартиб-қоидалари бор. Масалан, азиз авлиёларнинг мозорига борилганда одоб билан тиловат ва дуо қилиниб, савоби марҳумга бағишланади.

– Қабристон ёнидан ўтаётиб юзимизга фотиҳа тортамиз. Баъзан машинада кетаётиб қулоқни қоматга келтирадиган мусиқа садолари остида ҳам шу ҳолат такрорланади. Динимизда бу ҳақда нима дейилган?

– Қабристон ёнидан ўтаётган киши, агар вақти бўлса, уловидан тушиб Қуръон тиловат қилиши ва унинг савобини марҳумларга бағишлаши лозим. Борди-ю, вақти зиқ бўлса, у ҳолда “Марҳумни Аллоҳ раҳматига олсин”, дея фотиҳа қилиб ўтиб кетаверади.

– Ўтган ҳафта оилам билан Зангиота зиёратгоҳига бордик. У ерда бир аёл йиғлаб Зангиотадан фарзанд сўраётган экан. Авлиёлардан ҳожат сўраш мумкинми?

– Шуни унутмаслигимиз керакки, зиёратчи қабрда ётган авлиё ёки бошқа зотлардан мадад сўраб, ундан ҳожатини раво қилинишини талаб этмайди. Ҳар қандай ҳожатларни раво этишни бевосита фақат Парвардигорнинг ўзидан сўралади.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, қабрлар зиёрати охиратни эслаш учун, аммо қабрлар зиёратининг асл моҳиятини унутиб, улуғ авлиёлар қабрларига бориб, ҳожатларини сўрайдиган, бахтини сўраб, бефарзандлар фарзанд талабида, ишига ривож тилаб борадиганлар, истакларини соҳиби қабрлардан сўрайдиган бўлиб қолишган. Ҳар қандай истак, тилакларни фақат ёлғиз Аллоҳдан сўралиши керак.

Бундан ташқари, азиз-авлиёларга атаб қабристонларда қурбонликлар қилиш, қабрларни тавоф қилиш ҳам бидъатдир.

Айрим кишилар шифо тилаб, бефарзандлар фарзанд талабида ёки бошқа ҳожатларини марҳумлардан сўраб, қабрларни тавоф қиладилар. Устун ва бурчакларни силаб, юзларини суриб, остонасини ўпадилар, нола қилиб: “Олдингизга умид билан узоқдан келдим, дуоларимни қабул қилинг”, дея илтижо қиладилар. Бундай қилиш мумкин эмас.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиганларга илтижо қиладиган кимсадан кўра ким ҳам адашганроқдир?! Ҳолбуки, у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофил (бехабар)дирлар» (Аҳқоф сураси, 5-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларининг муборак ҳадисларида марҳамат қилганлар: “Ким Аллоҳдан бошқага дуо қилиб вафот этса, дўзахга киради”.

– Бобом Маҳмадиёр Яхшилиқов Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. У киши бундан 15 йил аввал вафот этди. Ҳар йили Хотира ва қаддрлаш куни арафасида бобомнинг қабрини зиёрат қиламиз. Умумхалқ хайрия ҳашарларида сағана атрофини тартибга келтириб, гуллар, кўчатлар экамиз. Беш йил аввал ерга қадаган ниҳол бугун кўкка бўй чўзиб, улкан дарахтга айланди. Яқинда қабристонга борсам шу дарахтга турли латталар илиб ташланибди. Бу қанчалик тўғри?

– Тилаклар ижобат бўлади, дея қабристондаги дарахтларга латта боғлаш, қабрлар ёнига шам ёқиш, қабр тошларини ўпиш бидъат ва хурофот амаллардан. Бу ишларни қилган киши гуноҳкор бўлади. Ахир, ҳеч нарсага ярамайдиган оддий бир латтани дарахтга боғлаб, ҳожатим раво бўлади, дейиш мантиққа ҳам тўғри келмайди-ку.

Баъзи кишилар ҳожатларини рўёбга чиқишини сўраб қабристондаги дарахтларга, қабр панжарасига латта боғлайди.

Мусулмон киши ўзининг имон ва эътиқодига биноан барча ҳожатларини фақат ягона Аллоҳ таолодан сўраши шарт.

Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: «Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!» (Каҳф сураси, 110-оят).

Аллоҳдан бошқага атаб қурбонлик қилиш – катта гуноҳ. Жонлиқ сўйиш гоҳида икки ҳаром нарсани ўзида жамлайди: Аллоҳдан бошқа учун сўйиш ва Аллоҳдан бошқанинг номи билан сўйиш. Бу мақсадда сўйилган жонлиқнинг гўштини истеъмол қилиб бўлмайди.

“Раддул Мухтор” китобида шундай дейилган: “Авом халқ тарафидан ўликларга атаб назр қилиш, Аллоҳнинг дўстлари қабрларига уларга яқин бўлиш мақсадида тангалар ташлаш, шам, чироқлар ёқиш ботил ва ҳаромдир”.

– Ислом динида қабрга тош қўйишга рухсат этилганми?

– Қабр йўқолиб кетмаслиги учун белги сифатида унинг устига тош ёки тахта қўйиш жоиз. Тошларга марҳумнинг исмини ёзиб қўйишга ҳам рухсат этилади. Аммо қимматбаҳо тошларга ўйиб ёзиш, дабдабали қилиб ўрнатиш мумкин эмас. Бу исрофга киради. Динимизда исроф қаттиқ қораланади.

– Баъзилар аёллар қабристонга бориши мумкин эмас, дейишади. Бу қанчалик тўғри, динимизда бунга қандай қаралади?

– Қабристонларни зиёрат қилиш савоб ишлардан бўлиб, қалбларни юмшатади, кишига охиратни эслатади. Шу боис аёллар ҳам қабристонга борса бўлаверади. Олимлар аёлларга зиёрат қилиш одобларини бузмаслик шарти билан қабрларни зиёрат қилишлари жоиз дейишган.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қабрнинг олдида йиғлаб ўтирган бир аёлнинг ёнидан ўтиб қолдилар ва: “Аллоҳдан қўрқ ва сабр қил”, дедилар. У аёл пайғамбар алайҳиссаломни танимай: “Кет, сенининг бошингга мусибат тушмаган” деди. Кейин у аёлга бу зотнинг пайғамбар эканини айтдилар. У пайғамбар алайҳиссаломнинг уйларига келиб: “Сизни танимабман”, деб (узр сўради). Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳақиқий сабр мусибатнинг илк лаҳзасида (билинади)”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳазрат Фотима ҳар жума куни амакиси ҳазрат Ҳамзанинг қабри зиёратига борар, у ерда амакиси учун дуолар қиларди.

Қабристон зиёратига бораётган аёллар авратларини бекитиб, либос ва зийнат бобида камтарона бўлишини унутмасликлари лозим.

Толибжон Низомов ёзиб олди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1