1

Молиявий қийинчиликга дуч келганларга солиқ таътили берилади

САВОЛ-ЖАВОБ 26.04.2018, 14:45
Молиявий қийинчиликга дуч келганларга солиқ таътили берилади

— Корхонамизнинг асосий фаолият тури темир-бетон ишлаб чиқариш. Биласиз, қишда бу турдаги материаллар харидоргир бўлмайди. Яъни, бу мавсумда ишлаб чиқарган маҳсулотларимиз реализация қилинмаганлиги сабабли ойлик ҳисобланган солиқ ва ажратмаларни тўлаш учун етарли маблағимиз мавжуд эмас. 2018 йилдаги солиқ қонучилигидаги ўзгаришларда қийинчиликка дуч келган тадбиркорлик субъектларига солиқ таътили берилиши тўғрисида мутахассислар айтган эди. Ушбу имтиёз ыандай тадбиркорларга нисбатан қўлланилади? Солиқ таътили олиш учун кимга мурожаат қилишимиз керак? Шулар ҳақида батафсил маълумот берсангизлар

Рустам Абдуллаев, корхона ҳисобчиси.

Ушбу саволга Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Эркин ЖУМАЕВ жавоб беради.

— Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 30 декабрдаги “Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунига асосан, Солиқ кодексининг 54, 55 ва 354-моддаларига хўжалик юритувчи субъектларга солиқ таътилларини бериш тартибини белгиловчи ўзгартиришлар киритилди.

Илгари солиқ қонунчилигида “солиқ таътиллари” тушунчаси мавжуд бўлмаган. Ўзгартиришга асосан солиқ тўловчи энди солиқ мажбуриятини бажариш муддатини ўзгартириш ҳисобига тўлаши лозим бўлган солиқ тўловларини муайян муддат давомида камайтириш ва кейинчалик тўлаб бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Солиқ таътиллари вақтинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келган инсофли солиқ тўловчиларга – 24 ойгача ҳамда ягона солиқ тўлови - ЯСТни тўловчиларга, (бундан Солиқ кодексининг 350-моддаси биринчи қисми 2 –бандида кўрсатилган солиқ тўловчилар мустасно) давлат рўйхатидан ўтган пайтдан эътиборан бир йилгача муддатга берилади.

Шу ўринда “Инсофли солиқ тўловчи ким?” деган табиий савол туғилади. “Инсофли” солиқ тўловчиларга охирги 2 йил ичида солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариб келган хўжалик субъектлари киради.

Инсофли солиқ тўловчиларга солиқ таътиллари, шунингдек солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш Ҳукумат ёки у ваколат берган орган томонидан берилади. ЯСТ тўловчиларга таътиллар эса – солиқ ҳисобига олинган жойдаги солиқ инспекцияси томонидан берилади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, агарда сизнинг корхонангиз “инсофли” деб топилса, ҳеч қандай эътирозсиз “солиқ таътили” имтиёзи қўлланилади.

Солиқ таътилларини олиш учун хўжалик юритувчи субъект солиқ ҳисобига олинган жойдаги давлат солиқ инспекциясига белгиланган шаклда ариза тақдим этиши керак. Унда солиқ тўловчи солиқ таътиллари даври ва қандай солиқ тури бўйича сўралаётганини кўрсатиши шарт. Давлат солиқ инспекцияси ариза келиб тушган кундан бошлаб, 3 иш кунида мурожаат қилувчининг “инсофли солиқ тўловчи” мақомига мувофиқ келишини текширади. Солиқ таъттилари суммасидан келиб чиқиб, тегишли органга хулоса тақдим этади. Ваколатли орган эса 10 иш кунида солиқ таътили бериш ёки рад этиш тўғрисида қарор чиқаради. Қабул қилинган қарор тўғрисида солиқ тўловчи 3 иш кунида ёзма ёки унинг шахсий кабинетига юбориш йўли билан хабардор этилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1