1

Ситора Алимжонова: «Менга чоҳ қазиганлар ҳамкасбларим экан…»

ШОУ-БИЗНЕС 17.04.2018, 14:46
Ситора Алимжонова: «Менга чоҳ қазиганлар ҳамкасбларим экан…»

У – энг хушчақчақ актрисалардан бири. Мухлислари шунинг учун ҳам яхши кўришади. Бугун уларнинг айримлари Ситора АЛИМЖОНОВА оғир касалга чалинибди, дея ташвишда юргани ҳам рост. Барига ойдинлик киритиш мақсадида акстриса билан учрашдик.

— Турмуш қурдингиз. Ҳаётингизда яхшиўзгаришлар бўлди!

— Ҳа, яхши ўзгаришлар кўп. Асосий вақтимни уйда, оилам билан ўтказяпман. Ўзим билмаган ҳолда «уй қизи»га айланиб қолдим. Хабарингиз бор, тўйдан кейин анча гап – сўзлар бўлди. Шу воқеалар сабаб, ён-атрофимдагиларнинг қай бириҳақиқий дўсту кимлар носамимий муносабатда эканини билдим.

— Ҳақиқатан ҳам, ижтимоий тармоқларда сиз ҳақингизда айтилмаган гап қолмади ҳисоб. Уларга жавобан, «Бу ҳамкасбларимдан бирининг иши», дедингиз. Хўш, сизни ёмонотлиқ қилмоқчи бўлганлар ким?

—Мени тўғри тушунинг, уларнинг кимлигини ошкор қилолмайман. Муҳими, ўзим учун керакли хулосага келдим. Қасдлашиш фикридан йироқман. Кимки бировга ёмонлик тиласа у асло жавобсиз қолмайди. Менга чоҳ қазиганларни Яратганнинг ҳукмига ҳавола қилиб қўя қолдим. Ҳар кимга ЎЗИ муносиб мукофоту жазони бераверади.

—Шунча машмашалардан кейин ҳам йўқ бўлиб қолмаганингизни кўришяптими улар?

—Ҳа. Дўст – дугоналар орасида гап қилишга уринишди-ю, аммо ниятларига ета олишмади. Худойим ҳаммасини кўриб, билиб турибди-ку, ахир, нега одамлар буни ўйлашмайди, ҳайронман.

— Тўй билан боғлиқ гап – сўзлардан кейин «энди Ситорани кинога чақиришмайди», дейилганини ҳам эшитдик...

— Буни қарангки, акси бўлди. Тўйдан сўнг бир ҳафта ўтиб давлат буюртмаси асосида суратга олинган «Ёлғон гирдоби» номли фильмда роль ўйнадим. Сўнг «Ёш оила» сериалида суратга тушдим. Ҳозир сериалнинг иккинчи фаслига тайёргарлик ишлари кетяпти. Бу орада съёмка ишлари билан Тайландда бўлиб қайтдим. Ижод билан бандлигим ҳам кимгадир ёқмади чоғи «Турмушга чиққан бўлса, нега яна съёмкама-съёмка юрибди», деганлар бўлди. Очиғи, одамларга тушуниб бўлмайди, нима қилсангиз ҳам албатта, гап топишади.

— Ҳа-да, уйда келинлик вазифаларини бажарса бўлмайди, деб қизиқишади.

— Ҳаммасига улгуряпман. Аммо ҳадеб кишининг шахсий ҳаётига аралашавериш нотўғри. Тўйдан кейин фильмларда суратга тушган бўлсам-да, салдан кейин бироз танаффус қилишимга тўғри келди. Сабаби тобим бўлмади. Ҳозир анча яхшиман. Яқинда Баҳром Назаровнинг «Ҳижрон» клипида суратга тушдим.

— Дарвоқе, сизни оғир дардга чалинибди, деб эшитгандик?

— Жуда ҳам озиб кетганимгами, кўпчилик бирор дардга чалинган бўлса керак, деб ўйлади. Баъзилар қаттиқ сиқилганидан шу кўйга тушиб қолган ҳам деди. Аммо озганимнинг сабаби бу эмас. Буйрагим хасталанган экан. Бир фурсат муолажа олишимга тўғри келди. Ҳалигина тобим бўлмади, деб шуни назарда тутгандим.

— Али Отажонов билан экранда бир – бирингизга мос жуфтликсиз ва «Ҳижрон» клипида бу яна бир бор ўз исботини топган.

— Али билан бир – биримизни яхши тушунамиз ва экранда идеал жуфтлик эканимизни кўпчилик эътироф этади. Унинг актёрлик маҳорати зўр!

— Клипда ўз мақсадига эришиш учун оиласига хиёнат қилган актрисани ижро этгансиз. Томошабин нотўғри фикрга бориши мумкин, деб қўрқмадингизми?

— Рости жуда кўп ўйладим. Клип режиссёрига: «Шунча гап – сўз айланаётган бир пайтда сиз менга шу ролни таклиф қиляпсиз», дедим. Аммо у ролнинг тарбиявий аҳамияти ҳақида тушунтириб, ҳеч нимадан қўрқмаслигимни тайинлади. Єаҳрамоним актриса эмас, у орзусига етиша олмаган бир қиз, холос.

— Дурдона Тўлаганова билан ҳамкорлик қилмай қўйдингиз, нега?

— Дурдона опа кино олмаяпти. Билишимча, бир нечта кўрсатувларда ишлаётган экан. Шу боис аввалгидек ҳамкорлик қилмаяпмиз. Янги фильм суратга олинадиган бўлса, эҳтимол, яна бирга ишлаш насиб қилар.

— Сизни уятга қўйган иш бўлганми ҳеч?

— ... Аниғини айтолмайман-у, менимча бўлган. Ка-а-атта воқеа бўлмаса-да, «нега шундай бўлди», деб қилган ишимдан уялган пайтларим бўлади.

— Сиз энг кучли, деб билган актрисаларнинг учтасини санаб беринг. Улар кимлар?

— Дилноза Кубаева, Зарина Низомитдинова ва Юлдуз Ражабова.

— Ситора Алимжонова дегани ҳам бор, эшитганмисиз. Хўш, нега у рўйхатда йўқ?

— (кулиб) Ўзим ҳақимда профессионал актрисаман, деёлмайман. Ҳали ўрганишим керак бўлган нарсалар кўп. Пайти келса, кучли актрисалар сафидан жой оламан, деган умиддаман.

— Сиз билан суҳбатлашиб шуни биляпманки, ишингиздан, ҳаётингиздан мамнунсиз.

— Ҳа!

— Бахтлимисиз?

— Шукур, бахтлиман.

— Асосийси ҳам шу.

— Ҳар кимнинг гап – сўзига эътибор қилаверсам, ўзимга жабр бўларкан. Яхшиси, ўзим тўғри деб билган ҳаётда бахтли яшаганим афзал.

— Тўғри айтасиз, бахтли бўлинг!

— Раҳмат!

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди

Фотомухбир: Ғайрат УБАЙДУЛЛАЕВ

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1