Тескари феълнинг тадбири

МУТОЛАА 05.04.2018, 17:47
Тескари феълнинг тадбири

Халқимизда бежиз “Эрга тегиш осон, этигини ечиш қийин” дейилмас экан. Шаҳзоданинг турмуш ўртоғи жавобгарлиги ўта кучли бўлган, қатъий режимли ишда ишлайди. Янги турмуш қурган кезлари бошлиғи билан арзимаган сабаб билан тортишиб қолибди. Шундан сўнг “бор-эй” деб ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб келаверибди. Бутун оила ҳайрон. Шундоқ яхши ишдан воз кечиб бўладими? Маоши юқори бўлса. Катталар уришиб кўришди, тушунтириб кўришди — фойдаси йўқ. Охири “мотам тутиб, аразлаб ётган” турмуш ўртоғининг олдига ўзи кирди.

– Барибир ишга бормайман, кўндиришга уринма, – деди қўполлик билан, хотини нима мақсадда кирганини сезган эри.

– Борсангиз-бормасангиз, менга нима, – деди Шаҳзода гўё бошқа бир юмуш билан кирган каби.

– Оч қолишдан қўрқмайсанми?

– Нега оч қоламан, ишлайман-у, – деб жавоб қайтарди.

– Олган ойлигинг атир-упангдан ортмайди-ку!

– Келажакда менинг шу арзимас ойлигим билан катта рўзғор тебратишга тайёр туринг! – деди хўжайинининг жиғига тегиш учун.

– Нафсониятимга тегмоқчи бўлма, барибир бўшайман! – жавоб берди нияти қатъийлигини билдириб.

Агар хўжайини ишдан бўшаса, оилада ҳаммага қийин бўлишини сезиб турибди. Чунки қайнукалари ҳали ёш, қайната-қайнанаси нафақада, ўзининг топгани бир нави. Тўғри тушунтирганидан бирон иш чиқмаслигини билиб, тескари йўлни танлади:

– Бўпти, бўшанг шу ишингиздан, жонимга тегиб кетувди ўзи базмдан бўшамайдиган ҳамкасб улфатларингизам, ҳар минутда телефон қилиб тергайдиган бошлиқларингизам.

Хўжайини сал бўшашди.

– Улфатларинг ёмон дейсан-у, бўшаганимдан кейин бунақа одамохун кишиларни қаердан топаман? – деди.

– Ана, қўшнининг эри ҳеч қаерда ишламайди. Лекин намунали “уй бекаси”: бола қарайди, овқат пишириб, ойимтилласи савдодан келгунча уй йиғиштириб ўтиради. Ўша билан дўстлашасиз. Баҳонада иш тажрибасидан сизгаям ўргатарди.

– Мен унақа эркакларданмасман.

– Ишдан бўшагунга қадар уям унақамасди, сизам қўрқмасдан бўшайверинг, – деди бурро-бурро қилиб.

– Бўша-бўша дейсан, стажим нима бўлади? Эртага қариганимда яхши пенсия олишим мумкин. Мен ишламасам, топганинг нимагаям етарди? – деди турмуш ўртоғи шаштидан анча-мунча тушиб.

– Мендан хавотирланманг, акамга айтсам, ҳар ой оз-моз пул бериб турар. Янги келин бўлсам, кўпроқ пул топай деб тўрт томонга чополмайман-у, – деди.

Эри ҳеч нарса демади. Афтидан хотини акасидан пул олишиниям, мўмай пул топиш учун эртаю кеч ишлашиниям истамади-ёв. Индамай кийиниб, ишга жўнади.

* * *

Фарзандли бўлганларидан сўнг олдингидай барча ишларни ўз вақтида қилишга улгуролмай қолди. Хўжайинининг гоҳ пайпоғи ювилмай қолиб кетса, гоҳ овқат вақтида пишмасди. Табиийки, эътиборсиз қолган эрнинг минғир-минғири кўпайди. Баъзан арзимаган нарсага жаҳл қилиб уйдан чиқиб кетади. Бор кучи билан ҳаракат қилсаям, кўп нарсага улгурмасди. Қайнана-қайнатасидан алоҳида яшаётгани учун ўн дақиқага бўлсаям чақалоқни қўлидан олиб турадиган одам йўқ. Баъзан эри билан сан-манга ҳам бора бошлади. Агар турмуши шу тарзда давом этса, яхшиликка олиб келмаслиги билиб, қўшнисидан маслаҳат сўради. “Уйингиздаги барча жиҳозларни янгиланг, пардалар ва чойшабларниям”, деди қўшни дугонаси.

Чақалоғини чириллатиб, кунда бозорма-бозор санқий бошлади. У бир ҳафта бозор айлангунича боланинг йиғидан ичаги узилди, бозорчиларнинг қулоғи тешилди. Энди навбат тикувчиларга! Ҳамма хоналарга элита пардалар тиктирди, яхши матолардан олиб, чойшабу ёстиқларгача янгилади. Ёпинган одам ичида музқаймоқдай эриб кетадиган четнинг кўрпасидан ҳам олди. Уйни бутунлай ўзгартириб, кечқурун хўжайини ишдан келишини пойлади, роса хурсанд бўлар деб. Аммо у кутганидай бўлмади. Шунча янгиликни кўриб, эри пинагини ҳам бузмади. Охири сабри чидамай, ўзи сўради:

– Ёқдими?

Аммо жавоб ёқимли эмасди. “Жами қанча пул ишлатдинг?” деган саволга дуч келди. Табиийки, у бу суммани айтолмасди. Пулли масалаларда эрининг қон босими тез-тез ошиб туради. Яна касали қайталамасин деб, индамай қўя қолди.

Ухлагани кирган эрининг устига юмшоққина ётсин деб янги кўрпани солиб қўйди. Бироқ кўп ўтмай “Ўзимнинг кўрпам қани?” деган бақириқдан ўзи ҳам, ухлаб ётган чақалоғи ҳам чўчиб тушди. Югуриб борди. Эри жаҳлдан ўзини қўйгани жой тополмаётганди. Унга бу жуда сифатли ва қимматбаҳо кўрпалигини, муҳими, чет элники эканлигини тушунтира бошлади. У бўлса баттар тутақиб, “Бунингдан на ҳаво ўтади, на устингда борлигини сезасан, топ, ўзимнинг пахта кўрпамни”, деб синтепондан қилдирган юмшоққина ёстиқларини ҳам юзига қарата отди. Бу ўзгаришларнинг оқибатими, ё эрида оқибат йўқми, билолмади. Шундай қилиб, кўрпа қимматбаҳо бўлгани билан эри учун бир пулга қиммат чиқди.

* * *

Яна қўшниникига маслаҳатга чиқди. “Ўзи турли пишириқлар қилиб, мазали овқатлар билан эрнинг кўнглини олишни биласизми?” – деди қўшниси. “Бўғирсоқ қилишни биламан”, деди. “Аттанг!” – деди қўшниси бошини сарак-сарак қилганича. Қўлига бир дунё масаллиқнинг рўйхатини тутқазди. “Шунча чиқим қилиб, яна пишириб ўтираманми, тайёрини олақолай”, деди. “Кўчанинг нарсаси билан эрнинг кўнглига йўл топиб бўлмайди”, – деди қўшниси. “Э, кўнглининг кўчасидан ўргилдим”, деб йўлга тушди. Ўша куни қўшниси кечгача уникида турли пишириқлар қилди. Кечқурун уйга келган хўжайини пишириқларни кўриб, “Қайси қўшни олиб чиқибди?” – деб сўради.

– Ўзим қилдим, – деди.

– Бўлиши мумкин эмас, – ишонмади у.

– Телевизорда тайёрлаб кўрсатди, қизиқиб тайёрлаб кўрдим, – деб ёлғонлади, – энди биринчиси унчаликмас-у, майли-да.

– Йўқ, биринчиси бўлсаям зўр чиқибди, бунақасини ҳеч емаганман. Эртага яна пишир, – деб қолди ялинганнамо.

Ўлди. Боя қўшниси пишираётганда ўғли билан бўлиб қандай тайёрланишини кўриб ҳам олмаганди.

– Масаллиққа кўп пул кетаркан-да, – деди иккиланиб.

– Ҳечқиси йўқ, қанча пул керак бўлса, тортинмай ишлатавер.

Қўшнисидан рецептини ёзиб олиб, беш мартача пишириб кўрди. Итга ташласа, ит емайдиган бир нарсалар бўлди. Кечқурун олдига қўйди. “Бугун ўғлингиз кўп инжиқлик қилди, пиширганларим ўхшамади”, деб баҳоналади. Хўжайини бўлса “Ҳечқиси йўқ, бўп туради”, деб ҳаммасини паққос туширди. Емаса керак деб ўйловди, ўзидан уялиб кетди. Чунки ейдиган даражада эмасди. Усти хом, ости кўмир. Турмуш ўртоғи уйда қилинган пишириқларни бу қадар яхши кўришини билмасди, рости. Егани учун ҳам виждони қийналиб, пишириқ қилишни астойдил ўрганди. Яна қўшнининг маслаҳати билан анча-мунча нарсаларни ўрганиб олди. Кечаси билан ухламаса ҳам уй-жойини озода тутиб, ош-овқатни вақтида қиладиган бўлди. Эрининг унга муносабати кундан-кунга яхшиланиб борарди. Азбаройи оиласига меҳри ошиб бораётганидан яна “ишдан бўшайман”га тушиб қолди. Эски одатларини бошламаса бўлмайди, шекилли.

* * *

Қўшниси турмуш ўртоғи билан жуда аҳил яшайди. Рўзғордаги ахлат тўкишми, нон олиб келишми, хуллас, кундалик барча ишлар эрининг зиммасида. Шаҳзода бўлса, бозор-ўчарни ҳам ўзи қилади. Хўжайини маошини тийин-тийинигача олиб келиб беради-ю, бошқа ҳеч нарса билан иши йўқ. Унинг наздида шунинг ўзи энг катта қаҳрамонлик. Ундан ортиқ хотинига яна қандай ёрдам бериш мумкин? Ҳатто киядиган кийимларини ҳам бозордан хотини олиб келиб бериши керак. “Бирга юринг”, деса, “Сенинг дидингга ишонаман, бозорга борсам бошим оғрийди”, дейди. Тавба, бола йиғласа боши оғрийди, бозорга борса боши оғрийди, пул сўраса қон босими ошади, эрталабдан-кечгача, кечдан-эрталабгача “ур-қир” киноларни кўриб эса ҳеч боши оғримайди.

Шуларни ўйлаб, боши қотиб юрган кунларнинг бирида қўшниси чиқиб, уларникидан хўжайинига телефон қилди. Атай тингламаса ҳам, овози қулоғига чалиниб турарди. Бир чиройли муомала қилар эканки, оғзи очилиб қолди. Охирида “Дадажониси, бўпти чарчаманг, қайтишингизда иложини топсангиз, иккитагина нон олакелинг”, деди.

Қойил қолди. Ахир ўзи эрига телефон қилганида ҳамиша “Телефонингиз доим банд бўлади, қайси хушторингиз билан гаплашяпсиз?” деб чақиб олишдан бошлайди-да. “Ишим шунақа-ку!” деб тушунтирмоқчи бўлса, “Баҳона қилманг”, деб жеркиб ташлайди.

Булардан хулоса чиқариб, хўжайинининг рақамларини терди. “Да” деган жаҳлдор овоз эшитилди (хотини телефон қилса асабийлашадиган бўлиб қолган). Бу гал шунчалик мулойим гапирдики, эри ҳайрон. “Бола билан чиқолмадим, қайтишингизда иккитагина нон олакелинг”, деди. Хўжайни бу муомаладан шошиб қолди. “Хўп-хўп, албатта обораман”, деди. “Майли, чарчаманг”, деб гўшакни қўйиб, қотиб-қотиб кулди. Чунки ҳалигача бунақа яхши гапириб кўрмаганди.

Кечқурун эри иккита эмас, тўртта нон кўтариб кириб келди. “Бўларкан-у”, деди ичида. Шу куни атайлаб ахлатни кеч соат ўн бир яримгача тўкмади. Рус тилида қандайдир детектив кино кўриб ётган эрининг олдига кириб, “Болани зўрға ухлатдим, энди ахлат тўкиб келақолай”, деди секингина мулойим мушукдай. Беш йиллик турмуши давомида бирон марта ахлат тўкмаган хўжайини пинагиниям бузмади. Шаҳзода ҳам имиллагандан имиллади. Бир маҳал эри: “Қўявер, кеч бўлди, эрталаб тўкарсан!” – деди виждони оз-моз қийналганидан. “Йўғ-ей, баракали уйни баракасиз қилиб турмасин”, деди ўзини бир оз ақллироқ кўрсатиб. Энди лифт тугмасини босувди ҳамки, ичкаридан эри чиқиб келди.

– Қўявер, ўзим тўкиб келаман, қўрқиб юрма, – деди у.

Ноилождан айтганини билиб:

– Қўрқмайман, дам олаверинг, чарчаб келгансиз, – деди мулозамат билан, гўё ўзи кун бўйи бекор ўтиргандай.

– Ўзи чекишга тушмоқчи бўлиб турувдим, бир йўла ахлатни ҳам ташлаб келаман, – деди.

Хуллас, ахлат ҳам тўкилди. Кўпинча қўшни дугоналари доим эрлари томондан эъзоздалигини кўриб, ўзидан хафа юрарди. Улардан кам жойим борми, деб ўйларди. Энди қараса, йўқ экан. Чунки эри бозор-ўчарни ҳам ўзи қила бошлади. Лекин ҳамма нарсани энг қимматидан, кўп-кўпдан олгани ёмон-да. Увол бўлиб қолади. Илгари ўзи рўзғорига лойиққина қиларди. Шунинг учун қийналсаям, олдинги вазифаларини яна ўз зиммасига олди. Аммо бундан норози эмас. Чунки энди эр-хотин жанжаллашмаяпти. Бир-бирини ҳурмат қилишни ўрганди. Шуни айтадилар-да, “яхши гап — жонга озиқ” деб.

Хосият РАЖАБОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1