1

Тўсиқ билмас одамлармиз...

ҲИДОЯТ САРИ 23.03.2018, 13:48
Тўсиқ билмас одамлармиз...

Ён қўшнимиз батартиб одам. Бир қаричгина ҳовлисини кўзи тушган кишининг ҳаваси келадиган суратда чиройли қилиб девор-дарахт билан ўраган. Нимагадир болакайлар шу девор-дарахтнинг орасини ёриб ўтишни ёқтиради. Ҳовличанинг ичида нима оҳанрабоси бор тушунмаймиз. Минг машаққат билан ўстирган “девори”нинг гоҳ уёғи, гоҳ буёғи ялпайиб қолганини кўрган қўшни кунда жиғибийрон бўлади. Тартиббузар шумтакаларга дўқ қилган киши бўлади-ю, яна қўшничилик мингйилчилик дея андишага боради. Жаҳлини босади. Кейин ”Бу болаларга нима бўлган ўзи, ичкарида олма-анор пишиб ётган бўлса ҳам майли эди, шу “изгирд”нинг орасидан тиконли сим тортиб, баландлигини одам буйи қилиб ўстириб юбормасам бўлмайди чоғи”, деб ўртанади. Баъзан эса пайҳон бўлиб узилиб ётган ҳўл новдани қўлига олиб: “Шугина новдани нимага узади, бу боланинг ота-онасига бориб шикоят қилмасам бўлмайдиганга ўхшайди”, дея чоғланади. Шунда унинг гапи менга нашъа қилади. “Шикоят қилманг, буларнинг ота-оналари ҳам тўсиқ билмайдиганлардан”, дейман. У ҳайрон бўлади. Сўнг гапимни мисоллар билан тушунтираман:

Қуйлиқ бозорининг ўртасидан воҳа-ю водийни боғлаб турувчи катта йўл ўтган. Серқатнов транспортлардан одамларни муҳофаза қилиш мақсадида пиёдалар учун ер ости йўли қазилиб ишга тушганига анча йиллар бўлди. Лекин ишонасизми-йўқми, ер ости йўли ишга тушган кезларда одамларни бу йўлдан ўтишга ундаш учун милиция ходимлари навбатчилик қилди. Шунда ҳам одамлар милицаларнинг кўзини шамғалат қилиб кўчани кесиб ўтаверишди. Кейин кўчанинг ўртасига бетон тўсиқ ўрнатилди. Тўсиқ билмаслар ундан ҳам бемалол сакраб ўтаверишди. Бу ҳам бўлмагач, бетон тўсиқнинг устидан баланд панжара ўрнатилди. Аҳён-аҳёнда кишиларнинг шу панжарага осилиб ўтаётгани ҳам кўзга ташланиб қолади. Сиз ҳам кўргандирсиз, шу воқеаларни? Ҳа, яшанг!

Хорижда бўлган юртдошларимиз ҳам шундай ажаб гапларни топиб келадки, эшитиб кулишни ҳам куйишни ҳам билмайсиз. Илгарироқ Санкт-Петербургга турмуш ўртоғи билан бориб келган бир аёл мақтанганди. “Светафорнинг қизил чироғи ёниб қолса, пиёдалар ҳам тўхтаб тураверар экан-ай. Мен эримни шундоғ қўлтиқладим-у кўчанинг ўртасидан шартта кесиб ўтиб кетдим. Ҳамма бизга қараб ҳайрон қолди”. (Ана фаросату мана фаросат!)

Германияга бориб келган бир юртдошимиз айтади: ”Меҳмонхонада ётиб уйқум қочди. Деразани қия очиб тунги шаҳарни томоша қилиб ўтирибман. Ярим кеча, кўчада ҳеч зоғ йўқ. Шу чоқ бир велосипедчи пайдо бўлди. У чорраҳага яқинлашганда светафорнинг қизил чироғи ёнди. Велосипедчи тўхтади-да яшил чироқ ёнишини кутди. Яшил ёнганидан кейин кўчани кесиб ўтиб кетди”.

Йигирма йилча бурун хориж газетларидан бирида бир ҳажвия босилган эди. Ҳажвиянинг сарлавҳаси эсимда йўғ-у, унда ёритилган воқеа жуда аломат: “Кўп қаватли уйлардан бирига қайриладиган йўлга болалар ўйнаб тўғри чизиқ тортиб қўйибди. Сўнг болалар бошқа ўйинга овуниб, кеч тушгач, уй-уйига тарқалиб кетган. Шу уйда яшайдиган одамлар кечқурун ишдан қайтса, уйнинг олдига чизиқ тортилган эмиш. Бу чизиқ нега тортилганини билмагани учун ҳеч ким ундан ҳатлаб ўтиб уйига етиб олишга журъат этмабди. Воқеадан хабар топган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам бир зумда етиб келибди. Улар чизиқ нима сабабдан тортилгани аниқланмагунча, кирди-чиқдини тўхтатиб, навбатчилик пости ташкил этибди. Ҳеч ким чизиқдан на у ёққа, на бу ёққа ўта олмас эмиш...”

Бу бир ҳажвия энди. Муаллиф гўёки одамларнинг гўллиги, соддалигини ҳажв қилгандай бўлса-да, унинг замирида тартиблилик, интизомлилик, жамиятдаги мавжуд тартиб-қоидаларга ҳурмат маъноси ҳам бор аслида.

Ҳар сафар сизнинг кўриб қолишингиздан ҳадиксираб девор-дарахтнинг орасини ёриб ўтаётган болаларни ёки милицалар кўриб қолмасинда ишқилиб, деган хавотирда атрофга аланглай-аланглай Қуйлиқдаги икки метрдан ошиқ баланд тўсиқдан ошиб ўтаётган, борингки, светафорнинг қизил чироғида ўтаман деб катта тезликда келаётган машиналарнинг олдида жонини ҳовучлаб чопқиллаб бораётган кишиларни кўрганда, хорижликлар бунчалар анқов бўлмаса, деб қўяман.

Мана, билдингизми, бизникиларга чизиқ дегани, сизнинг ярим метр девор-дарахтингиз нима бўлибди. Умуман, бизда тақиқловчи белгилар ва пастак ҳимоя тўсиқлари мутлақо ортиқча. Ўтиш мумкин эмас жойларга бирданига баландлиги камида уч метр ойнадай силлиқ девор ўрнатиш керак. Хорижлик анойиларга битта чизиқ тортиб қўйсангиз, бас. Икки чақирим наридан айланиб юраверади. Биз эса икки метр баландликдаги девордан ҳам бемалол ошиб кетамиз. Уч метр, бўлак гап. Шу ерга келганда одоб-ахлоқни ёдга оламиз, “тўғри йўлимизни тўсган нобакорларни” боплаб бир сўкамиз-да, гўёки жамоат тартибини сақлагандек бўлиб тўсиқни айланиб ўтамиз.

Дарвоқе, бу ҳали якуний ҳисоб эмас. Бу – бугунги ота-оналар яъни катта авлоднинг кўрсаткичи, холос. Эҳтимол, ҳозирги ота-оналарнинг тарбиясини кўриб улғаётган, ҳозирда ярим метр девор-дарахтдан ошиб ўтишни машқ қилаётган авлод учун эртага уч метр баландлик ҳам ҳеч нарса бўлмас. Балки мўъжиза юз бериб улар ҳам бир кичкина чизиқчани айланиб ўтар. Кошкийди, шундай бўлса-ю, ҳар хил тўсиқлар ўрнатишдан, бунга кўпдан-кўп маблағу вақт сарфлашдан, энг муҳими, асаббузарликдан қутулсак. Ана шунда сизнинг девор-дарахтингиз ҳам тиши синган дандондай кемшик бўлиб турмасдан кўркамлашиб қолади.

Бинобарин, Парвардигоримиз Ўз Каломида: «Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар эса, шак-шубҳасиз - Биз (улар каби) чиройли амаллар қилган кишиларнинг ажр-мукофотини зое қилмасмиз» (Каҳф, 30);

«Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилувчи зотлар билан биргадир» (Наҳл, 128), деб марҳамат қилганки, ибодатларимизга монанд амалларимиз ҳам чиройли бўлса, бир-биримизнинг ишларимизга, ҳаракатланишимизга ноқулайлик туғдирмасдан, жамиятимизда мавжуд қонун-қоидаларга итоат қилсак, бундан фақат ва фақат ўзимиз фойда кўрувчи бўламиз.

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1