1

Уришиқсиз уй қайда?..

СУҒДИЁНА 27.02.2018, 12:01
Уришиқсиз уй қайда?..

Ўзи доим шундай бўлади: яшайдиган, оила қурадиган бошқалар-у, бирон низо чиқса унинг сабабини аниқлашга тушадиганлар бошқалар – ота-оналар, қариндошлар, олимлар, жамоатчилик бўлади. Бир донишманд ҳамма бахтлилар ўз бахти билан бир-бирига ўхшайди-ю, бироқ бахтсизларнинг ҳар бири ўз ҳолича бахтсиздир деган экан. Бу гапда ҳақиқат бордир. «Уришиқсиз уй қайда?» дейди доно халқимиз. Олимларимиз оилани, уйни уришиқлик қилувчи, унинг соҳибларини бахтсизликка олиб келувчи сабабларни туркумлаб уларни қуйидагича шарҳлайдилар.

Олимларнинг фикрича, оилавий низоларнинг келиб чиқишига айрим эрларнинг ишга муккасидан кетиши, хотинининг маданий ҳордиқ чиқаришига, уй-рўзғор ишларига, бола тарбияси ва бошқаларга етарлича эътибор бермаслиги сабаб бўларкан. Дарҳақиқат, эътибор бериб кўринг, айрим эркаклар ўз уйларини бир ётоқхонадай тасаввур қиладилар.

Биз, аёлларнинг кўпчилигимиз учун эса уй, оила, турмуш – табиатан бутун бир олам. Ишга бораётиб ҳам оила ҳақида ўйлашимиз, уй-рўзғор ташвиш-қувончлари хаёлимиздан нари кетмаслиги ҳам рост-а? Тушлик вақтидан фойдаланиб, тўрвамизни рўзғоримизда йўқ нарса билан тўлдирамиз. Ишдан кейин боғчага югурамиз. Йўл-йўлакай яна «компьютер»ни ишга соламиз: уйда нима қанча бор, нима йўқ – тез ҳисоблаб беради, қандай овқат тайёрлашимизни дастурига киритади.

Биз ишда ўзимизни «меҳмон»дек ҳис қиламиз. Айниқса душанба кунлари айни ишда бироз ҳаловат топамиз, «дам оламиз». Эрларимиз бунинг акси – улар уйда ўзларини хўжайиндек ҳис этадилар. Диванга ёнбошлаб газета ўқийдилар, телевизор кўрадилар. Маданий дам олиш деб шуни тушунадилар. Биз ишдан оилага – уйимизга шошилсак, эрларимиз оиладан ишга қочишади. Нега уришиқли вазият туғилмасин? Устига-устак, бизнинг бир оғиз ширин сўз гадоси бўлиб турганимизни сезмай, ишда ҳамкасб аёллар билан оғизларидан бол томиб гаплашишади. Дам олиш кунларида болалар тарбиясига, уй-рўзғор ишларига боғлиқ вазифаларини қўлга олишлари-ку амалга ошмайдиган орзу бўлиб кўринади. Жилла бўлмаса, «аёл киши қулоғи билан севади», деганларидек бизни вақтида мақтов билан сийлаб туришса-ку, олам гулистон! Яхши гап билан илон инидан чиқади, ёмон сўз билан пичоқ қинидан, ахир! «Ҳа, уй зиндон, кўча хандон!» дейсиз-да.

Оилавий низоларга «тахт талашув» ҳам сабаб экан. Шуниси муҳимки, бундай кураш бир-бирларини яхши билган, севиб-севилган ёш оилаларнинг кўпчилигида мутлақ сезилмайди. Улар бу масалани никоҳгачаёқ ошкора ёки хуфия ҳал қилган бўладилар.

Ўзбек оилаларининг аксарияти совчилар воситачилигида юзага келиши сир эмас. Ўз жуфти ҳалолимизни ота-она маслаҳати билан танлашимиз маълум. Бундай оилаларда даставвал муҳаббат етакчи ўрин эгалламаслиги мумкин. Лекин ўша муҳаббат оилавий ҳаёт жараёнида юзага келишига ишониб, ўзаро ҳурмат ва бурч асосида ширингина оила бунёд этилган ҳоллар жуда кўп.

Эр-хотиннинг ёши орасидаги фарқнинг камайиб бораётганлиги ҳам улар муносабатларига таъсир қилади. Илгарилари хотинлар эрларидан ўртача 5-8 ёш кичик бўлган бўлса, ҳозирги вақтларда бундай фарқ аксарият 2-3 ёшдир. Маълумки, қизлар йигитларга нисбатан анча эрта улғаядилар. Агар эр-хотиннинг ёши ўртасидаги фарқ жуда кичик ёки тенгдош бўлсалар, айрим аёллар ўзларини эрларидан ақллироқ қилиб кўрсатиб, яшай бошлайди. Бундайлар ҳеч кимга тобе эмасликларини намойиш этиш учун ҳам бўлар-бўлмасга мунозара-баҳсга киришадилар. Ўзларининг ҳақ эканликларини исботлаш учун айрим ҳолларда ҳатто овозларини кўтариб, дўқ уришгача бориб етадилар. Бу ҳол эрларнинг иззат-нафсига қаттиқ тегади. Тўғри, оила бор экан, эр-хотиннинг адибади айтишувини, сен-менга боришини ҳам истисно қилиб бўлмайди. Бироқ «аёлларнинг кучи уларнинг заифлигидадир» деган синалган ҳикматга риоя этиб асосан аксарият ҳолда доно аёллар бир гапдан қолиб муросаи-мадора ўрнатиб кетадилар.

Бинобарин, «оила тахти учун кураш» эрга ҳам, хотинга ҳам фойда келтирмаслигини, аксинча ҳар бир жанжал гуллаб турган оила дарахтига урилган болта каби эканини, бир кун жанжал кирган уйдан қирқ кун барака қочишини яхши билиб олишлари керак.

«Косов узун бўлса, қўл куймайди» деган мақолни эслаганимизнинг боиси аксарият оилавий низолар келинларнинг уй-рўзғор ишларини бажаришга тайёр эмаслиги, уй бекалигини ўрнига қўёлмаслиги натижасида юзага келади. Бугунги кунда, айниқса, шаҳар оилаларида кўпгина ота-оналар ўз қизларини ҳам ақлий, ҳам эстетик, ҳам жисмоний жиҳатдан камолотга етган инсон сифатида шакллантиришга ҳаракат қиладилар. Қизлар мактабда таълим олиш билан биргаликда турли бадиий тўгаракларда, мусиқа мактабларида шуғулланадилар, турли спорт секцияларига қатнайдилар. Маълумки, ота-оналар ўзлари ёшлигида эришолмаган ниятларига болалари муяссар бўлишини истайдилар. Бу, албатта, яхши. Лекин яхши бека бўлиш учун буларнинг ўзи ҳали оз эканда. «Эпликкина экан», дейишади уй-рўзғор ишларига, бекаликка, ўзлари мустақил оила яратишга қобил бўлган келинлар ҳақида. ҳар қалай, улар қоқилмайдилар. Янги уйда низоларга ҳам ўрин қолмайди.

Янги турмушга чиққан келин онаси ёки қайнонасидек сифатли, лаззатли овқат пишира олмаслиги мумкин. Бундай кўникма мустақил оилавий ҳаёт давомида шаклланади. Лекин, ҳар қандай келинчакда уй-рўзғор ишларини бажаришга, бекалик қила олишга маълум даражада тайёргарлик бўлиши зарур. Ёш бека овқат қилиши, ошхонадаги фаолиятидан завқланиши, қониқиши лозим. Агар келинчак онгига олдиндан «ошхонаям гап бўптими», қабилидаги тушунча сингдирилган бўлса, у оилавий ҳаётдан тез толиқади. Ошхонада қанча ўралашмасин, бари бир пазандаликни жойига қўя олмайди. Қизлар ота-она уйидалигида овқат қилиш, дастурхон ёзиш, меҳмон кутиш, уйни тоза тутиш ва шунга ўхшаш қатор ишларни бажаришни қай даражада ўрганса, келажак ҳаётида ўзи ҳам ўшандай рўзғор тутади. «қуш уясида кўрганини қилади», деб бежиз айтишмаган.

Айрим эркаклар ўз жуфтларининг жинсий, руҳий, эмоционал ҳолатини билмаслиги ёки ҳисобга олмаслиги оқибатида ҳам оилавий низолар келиб чиқиши мумкин. Аёл кишилар ўрта ҳисобда 28-30 кунда ой кўради. Шу сабабли уларнинг руҳияти, эмоционал ҳолати ой давомида ўзгарувчан бўлади. Ой кўриш даври тугагач, тахминан икки-уч ҳафта ўтгандан сўнг аёл ўзини бирмунча лоҳас сезади, тез жаҳли чиқади, бўлар-бўлмасга хафа бўлаверади. Ой кўриш даврида эса ўзларини бемордек ҳис этишлари, айрим аёллар эса тўрт-беш кун кўрпа-тўшак қилиб ётишлари ҳам мумкин. Кўпгина эркаклар ой кўриш олди белгиларини, унинг аёл руҳиятига, эмоционал ҳолатига таъсирини билмайдилар ва буни тасаввур ҳам қилолмайдилар. Натижада ўз жуфтларининг гаплари, эмоционал ҳолати уларга қўполлиқдай, ҳурматсизликдай, норозиликдай туюлади. Оқибатда эр-хотин ўртасида низо чиқади.

Болаларни тарбиялашда эр-хотин, яъни ота-она бир фикрда бўлиши, бир хил нуқтаи назарда туриши зарурлиги ҳаммага маълум. Лекин ҳамма ҳам бу муҳим қоидага амал қилавермайди. Баъзи оилаларда она боласини урса, жазоласа, ота болани ўз ҳимоясига олади ёки аксинча. Ота-оналарнинг бундай «заиф» томонларини пайқаб олган бола гоҳ отадан, гоҳ онадан ҳимоя қидиради. Натижада, бундай ота-оналарнинг тарбияси болалар учун таъсир кучини йўқотади. Болада ўз хулқ-атвори, хатоларига танқидий қараш шаклланмайди. ўзини гоҳ ота, гоҳ она томонидан асоссиз жазоланган ҳисоблайди. Тарбия борасидаги тортишув айрим эр-хотинлар ўртасидаги шахсий муносабатларга салбий таъсир этади, улар орасида кўнгилсизликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Бунда тарбия объекти бўлмиш бола четда қолиб, эр-хотин бир-бирларига адабиётлардан, ота-оналарининг ҳаёти, ўз шахсий тажрибаларидан мисоллар келтириб, ўзларининг ҳақ эканликларини исботлашга тушадилар. Айрим ота ёки она турли йўллар билан болани ўзига «яқинроқ қилиб олишга», ўзига нисбатан ортиқроқ меҳр уйғотишга ҳаракат қиладилар. Бу билан қайтага бола тарбия-сини бузадилар.

Баъзи оилаларда фарзанд тарбияси билан кўпроқ шуғулланган она болада отага нисбатан салбий муносабатни шакллантиради. Бундай оилаларда отанинг обрўсига путур етади. Бундай муҳитда тарбияланган болалар улғайгач, ота ёки онасига қўл кўтаришгача бориб етиши мумкин. Аслида ўз экканларини ўрган ота-оналар, оқибатда «мана, сенинг тарбиянг натижаси», дея бир-бирларига таъна қиладилар. Эр-хотин ўртасидаги низо кучайгандан кучаяди.

Шу ўринда эр-хотин ўртасидаги можаролар, қўйди-чиқдиларнинг кўпчилиги эркак ва аёлнинг жинс психофизиологиясини билмасликларидан, жинсий саводсизликдан келиб чиқишини эслатиб ўтмоқчимиз.

Жинсий жиҳатдан бир-бирига бутунлай мос келадиган кишини топиш ниҳоятда мушкул. У шарт ҳам эмас. Энг муҳими, яқин кишисининг психофизиологик ҳолатини ҳисобга олиш, жуфтининг хоҳиши учун ҳар бир нарсага, шу жумладан, ораларида катта ёш тафовути бўлган чоғда ҳам унинг эҳтиёжларини қондиришга интилиш лозим. Шу ўринда жинсий алоқанинг меъёридан ортиқ бўлиши жуфтларнинг бир-бирларидан зада бўлиб қолишларига, улар орасидаги муҳаббат эҳтиросларининг барвақт сўнишига олиб келиши мумкинлигини эслатмоқчимиз.

Жинсий ҳаётда эр-хотиннинг асаб системаси бўйича «зағча», «бойўғли», «аралаш» тоифаларига кириши ҳам улар орасида турли жанжалларни келтириб чиқариши мумкин. Масалан, эр «бойўғли», хотин эса «зағча» типига киради, дейлик. «Зағча» учун эрта ётиш қулай. Чунки кечаси соат ўнлардан сўнг унинг психофизиологик тонуси кескин пасаяди ва эрта ухлаб қолади. Шу билан бирга «зағча» мижоз киши эрта уйғонади ва эрталабки соатларда ақлий, жисмоний иш қобилияти максимал даражада бўлади. «Бойўғли» гуруҳига кирувчилар эса бунинг бутунлай тескариси. Бир-бирларини тушунмаслик оқибатида келиб чиқадиган жанжаллар бундай эр-хотиннинг ҳатто ажралиб кетишларига ҳам олиб келиши мумкин.

Оилавий низоларнинг кўпи фарзандсизлик туфайлидир. Йиллар ўтиб, бола кўрмаган эр-хотин фарзандли, бахтиёр ота-оналарни кўрганларида руҳан эзиладилар. Бефарзанд эр-хотин орасида жинсий алоқалар болали оилага нисбатан кўпроқ бўлади. Бу эса бир-бирларидан тўйинишни тезлаштиради. Ота-оналари, таниш-билишлар бундай эр-хотин орасига совуқчилик сола бошлайдилар. Оқибатда улар орасида турли келишмовчиликлар келиб чиқиши мумкин. Бундай оилаларнинг истиқболи, аввало эр-хотин ўртасидаги муҳаббат даражасига, садоқатга, уларнинг маданий савиясига, болага бўлган муносабатига, ҳаётий қадриятлар мазмунига боғлиқдир.

Манба: Хотин-қизлар энциклопедияси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1