1

Ҳаёт лавҳалари

МУТОЛАА 22.02.2018, 23:05
Ҳаёт лавҳалари

Биринчи лавҳа

Ёшим йигирмада, аниқ биламан. Ўн ёшлигимда онам вафот этган... Бу ерга келганимда, ўн еттида эдим, ҳисоблаб чиққанман: ҳар йили биттадан пальма кўчати ўтқазганман. Бу ерга келганимга уч йил бўлди. Буни отамнинг ташрифидан биламан: ҳар рамазон ойида у мени кўргани келарди, уч марта келди...

Иккинчи лавҳа

Бугун арафа. Байрам — эртага. Биномиз безатиляпти, байрам учун эмас, инспектор келади…

Мен қоғоз-қалам сўрадим, узундан-узоқ хат ёзмоқчиман… онамга, кейин табрикнома ҳам… Беришмади… Шикоятнома ёзиб, инспекторга беради, деб қўрқишди… Қотиб-қотиб кулдим, ахир мен ёзишни билмайман-ку…

Бошқа лавҳа

Амалдорга қараб туриб, қорнимни чангаллаб кулдим: гердайган, ўзини басавлат тутади… Санитарлар икки ёнига сафланиб олишган… Менга яқинлашганда, бош шифокор унинг қулоғига: “У хавфли!” деб шивирлади… Эшитиб қолдим!

Мен унинг абайясига[1] қўл чўздим… У ўзича кулган бўлиб:

– Нима истайсан? – деб сўради.

– Абайянгизни ушлаб кўрмоқчиман…

– Нега?

Берироқ келишини сўраб, аста шивирладим:

– Қанча пулга арзишини чамалаб кўрмоқчиман… Қишлоғимдаги болаларга ширинлик жўнатишга етармикин?

У мийиғида кулиб, ташқарилади... Бош шифокор бақрайганча, қўрқувдан қалт-қалт титрарди…

Сўнгги лавҳа

Бош шифокор… Унинг турқ-атворидан кулгим қистайди… Афти башараси шилинган… Буни мен қилдим… тирноқларим билан ўйволдим… У ғуруримни синдирмоқчи бўлди… Мен эса унинг бурнини синдирмоқчи бўлдим… бўлмади… Фақат башарасини ўзининг қонига бўяганим қолди…

Кичкина лавҳа

Санитар аёл менга овқат олиб келди. Лекин мен ҳеч нарса сўрамагандим. У менга:

– Гўштни қўшнимнинг итига бердим… роса оч экан… – деди.

– Тўғри қилибсиз, ит шунга муносиб…

Ибратли лавҳа

Ҳамшира, одатдагидек, эмлагани келиб турибди… Қўлида шприц, лекин қўлимга игна санчмайди: суюқликни бошқа бир шишачага тўкиб, кўксига яшириб олиб кетади… Менга барибир… Тўғри. шундан кейин чексиз фазоларга учаман… аммо кейин қоронғуликка қайтиб, бошим зирқираб оғрийди…

Ҳамширага:

– Менга пальма тиканларидан келтириб бер… – дедим.

– Нега? – деб сўради у лоқайдлик билан.

– Қорним қаппайиб қолмаслиги учун тўшагимга ғов ясайман…

Унинг қорнини ушлаб кўрдим… Чуқур хўрсиниб, ҳамшира ўрнидан турди-да, халатини тўғрилаб, чиқиб кетди…

Дилсиёҳ лавҳа

Бир куни отам менга билагузук сотиб олиб берди. Ўзимда йўқ хурсанд бўлиб, дугоналаримга кўрсатдим. Ўгай онам ўзига маржон, узук, бир қанча билагузук сотиб олди… Менга нима?! Отамнинг бойиб кеганига суюндим, холос.

Маржонимда қуёш нурлари товланаётганига маҳлиё бўлиб ўтиргандим. Бирдан ваҳимали гумбур-гумбур эшитилди: каттакон мошина боғимизни вайрон қилаётган экан, пальмаларимга аста-секин яқинлашяпти… Чинқирганча, чопиб бориб, мошинанинг олдига ўтириб олдим… Ўгай онам қўлимдан судраб:

– Боғни сотдик. Бу ерга кўча тушади… – деди.

Мен унинг сочларини юлиб, юзига чанг солдим…

– Бу билагузугинг қайси пулга келганини биласанми ўзи?!

Билагузукни мошина тагига ташладим… Кейин… мени шу ёққа олиб келишди.

Яна бир сўнгги лавҳа

Фаррош менга:

– Сен ҳақингда газетада ёзишибди… – деди.

– Нега?

– Инспектор қишлоғингдаги болаларга ширинликлар жўнатибди…

– Хурсанд бўлишибдими?

– Ҳа! Улар миннатдор бўлиб телеграмма юборишибди… инспекторга…


Шарифа ШАМЛАН (Ироқ)

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси.



[1]Абайя — узун енгли кўйлак (тарж).

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1