Кишига лақаб қўйиш мумкинми?

ҲИДОЯТ САРИ 22.02.2018, 17:18
Кишига лақаб қўйиш мумкинми?

Ўтган асрнинг 70-йилларида суратга олинган "Учрашув" фильмини ўрта ва кекса ёшдаги томошабинлар яхши эслайди.

Ўша фильмдаги Ўзбекистон халқ артисти, марҳум Эргаш Каримов ва севимли киноактрисамиз Роза Каримова ижросидаги "Лампашиша" сюжетида кишига лақаб қўйиш одати салбий иллат сифатида кўрсатиб берилган.

"Лақаб" сўзи асли арабча сўз бўлиб, куня, яъни иккинчи исм маъносини англатади. Қадимда куня билан аташ арабларда урф бўлган. Масалан, пайғамбаримизнинг биринчи завжалари Хадича онамизнинг кунялари Кубро, яъни Катта бўлган.
Бир ҳудудда битта исмнинг кўпчиликда учраши туфайли уларни бир-биридан ажратиш учун ташқи кўриниши, қилиқлари, ҳусни, одати, авлоди ва бошқа шу каби белгиларига қараб лақаб қўйилган. Ушбу ҳолат улусимиз назарида беодоб одатлардан бири ҳисобланади. Тўғри, фалончи қассоб, чўпон, савдогар, дўхтир, полвон сингари лақабларда салбий маъно йўқ, аммо фалончи чўлоқ, оқсоқ, семиз, сариқ, кал, ғилай каби лақаблар одамни камситади. Айниқса, инсонларга ҳайвонлар номи билан лақаб қўйиш одам шахсиятини қаттиқ қоралайди.

Ҳадиси шарифда "Кимки бировни ўз номи ўрнига бирор лақаб билан чақирса, уни фаришталар лаънатлайдилар", дейилган. Кишиларнинг муборак исмлари бор бўлган ҳолда уларни таҳқирли лақаблар билан аташ гуноҳ ҳисобланади. Аслида лақаб қўйиш инсонни камситишнинг бир кўринишидир.
Ривоят қилинишича, замонасининг бадавлат зодагони Луқмони Ҳакимни камситиб, "Нега бунчалик хунуксан?", дея масхара қилади. Луқмони Ҳаким вазминлик билан: "Тушунмадим, сиз нақшни ҳақорат қиляпсизми ёки наққошними?", дея осмонга ишора қилибди.

Ҳаётий тажрибага таяниб, айрим қўпол раҳбарларга изоҳ бериб ўтсак. Улар қўл остидагилардан ўз қобилиятсизлигини яшириш ва зўравонлигини кўрсатиш мақсадида бўлар-бўлмасга бақиради ва лақаб қўйган ҳолда сўкиниб, ҳақоратлайди. Лекин бу ҳақсизликлар адолатсиз раҳбарга нисбатан бир умрлик нафрат вужудга келтиришини англай олмайди.
Кўпни кўрган устозларимиздан бири қуйидагича насиҳат қилган эди: "Қўл остидагиларингиз билиб-билмай хато қилса, ёхуд яқинларингиз сизга озор етказса, уларни бирдан ҳақоратлашни одат қилманг, балки танбеҳ билан койинг. Зинҳор уларга лақаб қўйиб камситманг. Инсоннинг шахсиятига тегишдан сақланмоқ лозим. Негаки, кишини бироз хафа қилиш ёки ранжитиш эсдан чиқади, лекин ҳақорат ва камситиш ҳеч қачон ёддан чиқмайди. Унутманг, қўполлигингиз алалоқибат ўзингизга кулфат бўлиб қайтади".
Азиз муштарий, панд-насиҳат қилиш ва кимнидир қоралаш фикридан йироқман. Балки ўзимизда мавжуд бўлган камчиликларни вақтида англаб, ислоҳ этсак, фойдадан холи бўлмасди.

Анвар FУЛОМОВ,
меҳнат фахрийси.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1