12 вольт электр энергиясини 380 вольтга айлантириб берадиган инновацион қурилма яратилди

HI-TECH 21.02.2018, 15:19
12 вольт электр энергиясини 380 вольтга айлантириб берадиган инновацион қурилма яратилди

12 вольт электр энергиясидан 220 ёки 380 вольт қувват олиш мумкинми? Бунинг иложи йўқ, дейишга шошилманг. Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети катта илмий ходими, техника фанлари номзоди Абдиназар Нурматов томонидан яратилган инновацион қурилма ана шундай имконияти алоҳида қимматга эга. Яна бир эътиборли жиҳати, у тўлиқ муқобил энергия ҳисобига ишлайди.

— Мана, 40 йилдан ортиқ вақт ўтибдики, айни шу масала устида изланаман, — дейди олим. — Бу эса 11 ихтирога, 3 монография, 100 ортиқ илмий мақола ва тезисларга муаллиф ва ҳаммуаллиф бўлишимга сабаб бўлди. Бунинг самараси ўлароқ, яқинда университетимизнинг “Материаллар қаршилиги ва машина деталлари” кафедрасида орзуимдаги инновацион ишланмани яратишга муваффақ бўлдик.

Шартли равишда “Қуёшдан — сувбулоқ” деб номланган қурилма ёрдамида қуёш нуридан 12 ёки 24 вольт электр энергияси олиниб, унинг ёрдамида 12 вольт қувватда ишлайдиган ер қаъридан бипланетар узатмали насос орқали сув олинади-да, обиҳаёт 7-8 метр баландликда тўнкарилган конуссимон сиғимда кундуз куни йиғилади. Тунда эса сиғимдаги сувнинг оқувчанлигидан фойдаланиб, бипланетар узатмали микроГЭСга йўналтирилади ва унинг ёрдамида 220 ёки 380 вольт электр энергияси ҳосил қилинади. Энг асосийси, бу лойиҳада одатда ишлатиладиган аккумулятордан фойдаланилмайди.

Ихтиро муаллифининг айтишича, мажмуа жуда содда бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, уни ишлаб чиқариш таннархи 20-40 миллион сўм атрофида бўлади. Сарфланган маблағ эса атиги икки йилда қопланади.

Инновацион ишланманинг афзаллиги шундаки, унинг ёрдамида олис ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли хонадонларини нафақат электр энергияси, балки тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш, қўриқ ерларни ўзлаштириш орқали томорқа хўжаликларини ҳам ривожлантириш мумкин.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1