Денис Дели: “Ғарб дунёси Алишер Навоийдек шоирларга муҳтож”

МОЗИЙДАН САДО 09.02.2018, 09:29
Денис Дели: “Ғарб дунёси Алишер Навоийдек шоирларга муҳтож”

Денис Дели - америкалик адабиётшунос олим, шоир ва ёзувчи. У ўзбек адабиёти, хусусан, Алишер Навоий ижодига қизиқади. Навоий ғазалиётининг гўзаллигини, жозибасини, фалсафасини тушунишга, ҳис қилишга интилади.

Дели Алишер Навоийнинг 21 ғазалини инглиз тилига таржима қилиб, “Twenty-one ghazals by Alisher Navoiy” номи остида китобат қилган.

Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги арафасида ЎзА мухбири Гулноза Одилова Денис Дели билан суҳбатлашди.

– Жаноб Дели, Ўзбекистонда ҳеч бўлганмисиз?

– Ҳа, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш бахтига мушарраф бўлганман. Тўғри, орадан кўп йил ўтди. 2001 йилда қизим билан мамлакатингизнинг гўзал шаҳарлари, қишлоқларини айланиб чиққанмиз. Қизим ўша пайтда Тинчлик Корпусининг кўнгиллиси сифатида Хоразмда ўзбек болаларига инглиз тилини ўргатар эди. Биз Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Нукус ва Мўйноққа саёҳат қилганмиз.

– Алишер Навоий ғазалларини инглиз тилига таржима қилиб, китоб ҳолида чоп эттирганингизни эшитиб хурсанд бўлдик. Навоий – ўзбек адабиётининг энг буюк намоёндаси. Кимдир сизга айнан шу шоир ижодини ўрганишни тавсия қилдими ёки бу ўзингизнинг танловингизми?

– Мен Навоий ижоди билан аввалдан яхши танишман. Навоий ҳаёти ва ижоди, Темурийлар тарихи ҳақида кўп ўқиганман. Қизим Алишер Навоий ижодига мансуб баъзи ғазалларнинг инглиз тилига насрий таржималарини топди. Бу таржималарнинг савиясини яхши деб бўлмасди. Лекин шу ҳолида ҳам Навоийнинг буюклигини ҳис қилиш мумкин эди. Қизимнинг ўзбек, рус тилларини яхши билиши менга Навоийнинг баъзи ғазалларининг инглиз тилидаги бадиий матнини яратишга ёрдам берди.

Мен шоир сифатида таржиманинг шеърий чиқишига эътибор қаратдим, керак жойда инглиз шеърияти техникасидан фойдаландим. Таржимам бошқа таржималарга нисбатан мукаммалроқ чиққан, деб даъво қилмайман. Чунки кам сонли таржимон ёки олимларда шоирона маҳорат бўлади. Таржималаримаъло даражада бўлмаса-да, асосий мақсадим шоир ижодини имкон борича тезроқ америкаликларга етказиш эди. Мен аниқ ишонаманки, ҳали аслиятга яқин таржималарим олдинда.

– Нима деб ўйлайсиз, Ғарб дунёси Навоийни ўқиши керакми?

– Шубҳасиз, ҳа! Ғарб дунёси дунёвий ва илоҳий ишқ изтиробларини, суфийлик таълимотини ўз шеъриятида акс эттира олган, инсонни қалбан тозаришга ундовчи Алишер Навоийдек шоирлар ижодини ўқишга муҳтож. Алишер Навоийнинг асарлари Марказий Осиё ва АҚШ, шунингдек, инглиз тилида сўзловчи бошқа халқлар ўртасида маданий ришта бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

– Америкалик ўқувчилар “Twenty-one ghazals by Alisher Navoiy” китобини қандай қабул қилишди?

– Китоб АҚШнинг деярли барча штатларига кириб борди. Америкаликлар учун бу катта янгилик эди. Китоб ҳамма жойда ниҳоятда илиқ қарши олинди.

– Таржима жараёнида сиз учун қийинчилик туғдирган ҳолатлар бўлдими?

– Бугун Навоийни ҳатто ўзбек китобхони ҳам қийинчилик билан тушунишини биламан. Гап фақат тилда эмас, балки Навоий ижодининг жуда мураккаб фалсафасида. Навоий ғазалларида нафис ишқий туйғулар остида илоҳий ишққа ишора мавжуд. Икки ҳолатни ҳам таржимада етказиб бериш ниҳоятда мушкул.

– Келажакда ўзбек навоийшунослари билан ҳамкорлик қилиб, Навоий ижодини инглиз тилига таржима қилиш лойиҳаларида иштирок этишни хоҳлайсизми?

Албатта! Ўзбек олимлари билан ҳамкорлик қилишдан мамнун бўлардим.

– Алишер Навоийнинг таваллуд куни ўзбек халқи учун катта байрам ҳисобланади. Ўзбекистонликларга тилакларингиз?

– Ўзбекистон халқи жуда ҳам бахтли. Сабаби, маданий меросингиз, тўғри маънода, Ғарбнинг ҳасадини уйғотади. Алишер Навоий ижоди ана шу мероснинг, адабий анъаналарнинг катта бир қисмини ташкил қилади. Кўҳна Самарқанд, Бухоро, Хивага ўхшаган шаҳарлар жуда кам сонли давлатлардагина бор. Мен ўзбек халқига дунёни ҳайратга солган Темурийлар ренессансидан-да юксакроқ тараққиёт тилайман.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1