"Қибла-Тозабоғ" ҳикоялари

МОЗИЙДАН САДО 31.01.2018, 15:19
"Қибла-Тозабоғ" ҳикоялари

Хоразмнинг нодир жавоҳири саналмиш Хива атрофида "хон боғи" деб аталадиган боғлар кўп: "Гандумкон", "Боғишамол", "Рофаник", "Нуруллабой", "Орқа тоза боғ" ва бошқалар. Шаҳарнинг жануби-ғарбий томонида барпо қилинган "Қибла-Тозабоғ" ҳам шулар жумласидан. У Муҳаммад Раҳимхон ХХ ва унинг ўғли Исфандиёр­хон томонидан бунёд қилинган.

Хон боғлари учун жой танлаш мулозимлар олдидаги асосий вазифа бўлган. Чунки танланган ер ҳосилдор, табиати гўзал, об-ҳавоси мўътадил бўлиши керак эди. Бунинг учун улар асрлар давомида тажрибадан ўтган ажойиб усул танлаганлар: бир қанча жойга янги сўйилган қўй гўшти нимталарини илиб чиқишган. Икки-уч кундан кейин қайси жойдаги гўшт бўлаги янгидек турса, ўша жойда боғ яратишган.

Шарқ ва Ғарб тажассуми

“Қибла-Тоза боғ” ҳам айнан шундай синовлардан ўтгач, барпо қилинган. Бу манзил барча талабларга жавоб бергани учун бу ерда Муҳаммад Раҳимхон Феруз, унинг тоғаси Иброҳимхўжа, кейинчалик тоғаваччаси Исломхўжа ёзги уй-жойлар, мадрасалар қуришган.

“Қибла-Тозабоғ” аслида катта боғ ўртасига қурилган хон саройи бўлиб, унинг учта ҳовлисидан бирида хон ва сарой хизматкорлари ишхоналари, иккинчисида хон ва унинг оила аъзолари учун турар-жойлар, учинчисида Европа услубида қурилган айвон ва хоналар жойлашган.

Биринчи ва иккинчи ҳовли Хоразмнинг эски анъанавий услубида Муҳаммад Раҳимхон II томонидан, учинчи, пишиқ ғиштли, айвонли сарой Исфандиёрхон томонидан қурилган.

Яхшилардан қолган нишона

“Қибла-Тозабоғ” қурилишида ишлаган усталардан бири уста Абдулла бўлган. Саройда ҳукмдорнинг қурилиш ишларида узоқ йиллар ишлаб, хонга яқин бўлиб қолган устанинг обрўси катта эди. Шу боис у хон билан бевосита, юзма-юз гаплаша олган, ўз эҳтиёж­ларини очиқ-ойдин баён қилган.

Айтишларича, уста умрининг охирида хоннинг ҳузурига кириб, ўзига мўъжазгина сағана қурдириш учун изн сўрайди. Хон унга ёрдам сифатида беш тилла беради.

— Мурувватингиздан миннатдорман, — деди уста таъзим билан. — Аммо мен бу сағанани ўзимнинг ҳалол пулимга тикламоқчи эдим.

— Менинг пулим ҳаром, деб сенга ким айтди? — сўрайди хон бироз ранжигандек бўлиб. Шундан сўнг уста хижолатпазлик билан хон берган тиллани олади ва унга таъзим бажо келтиради.

Яна бир ривоятга кўра, уста Абдулла вафотидан кейин унинг 9 ёшли кенжа ўғли Худойберган катта оғаси Бобожон тузатиб берган жангли (жарангли) варрак ясаб, унинг устига мушук боласини ўтқизиб, елимини қуритиш учун баланд жойга қўяди.

Устанинг оиласи ҳам хоннинг яқин аъёнлари қатори “Қибла-Тозабоғ”да, хон билан қўшни туришган. Мушук кечаси билан миёвлаб, хонни безов­та қилади. Эртасига Муҳаммад Раҳимхон II варрак эгасини жазоламоқчи бўлади. Аммо у марҳум устанинг фарзанди эканини билгач, “яхшилардан қолган нишона экансиз”, деб уни афв этади ва қўлига тўрт тилла беради.

Бармоқдаги бахтли белги

Устанинг вафотидан сўнг Муҳаммад Раҳимхон унинг ўғиллари Боғбек билан Бобожонни “Қибла-Тозабоғ” саройининг қурилишига жалб қилади. Устанинг кичик ўғли Худойберган бу пайтда анча ёш эди. Шунинг учун хон уни “тарбияланг, воя­га етгач, уйлантиринг”, деб Поласултон (Боласултон) қишлоғидаги Муҳаммад Карим охунга топширади.

Охун тарбиясидаги Худойберган, унинг Онабиби исмли қизи билан мол боқар, қайтишда даладан ўт ўриб қайтишар эди. Бир куни ўроқ қизнинг жимжилоғини қирқиб кетади. Қиз қонни тўхтатиш учун кул босади. Қон тўхтагач, ўрни қорайиб қолади. Буни кўрган Онабиби

— Энди бармоғим қора бўлиб қоладими? — деб йиғлайди. Худойберган кулиб:

— Қайтага яхши бўлди, катта бўлганингда шу бармоғингдан таниб, сенга уйланаман, — деб ҳазиллашади.

Ҳақиқатдан ҳам орадаги бу илиқ муносабатни сезган охун, қизини унга никоҳлаб беради. Худойберган қайнотасининг қўллаб-қувватлаши билан бойлик орттириб, катта иморатлар қуради. Ёзда қишлоқда, қишда Ичан-қалъадаги уйида яшайди.

Ўғрининг жазоси

Худойберган қайнотаси Охун бобонинг огоҳлантиришига қарамай, уйини ҳамма вақт очиқ қолдириб юраркан. Чунки хонликда ўғирлик содир қилинмас, ўғри зоти деярли йўқ эди.

Лекин бир куни кечаси Худойберганнинг қишлоқдаги уйи­га ўғри тушиб, кўп молларини олиб кетади. Хонга арзга бориш учун йўлга чиққан Худойберган, ҳеч кимга билдирмаслик учун кечаси отининг туёғига кигиз боғлаб, “Қибла-Тозабоғ” сари йўл олади.

— Гумонинг кимдан? — сўрайди хон унинг шикоятини тинглаб бўлгач.

— Ҳеч кимни кўзим билан кўрганим йўқ, шу боис гумон қилишдан қўрқаман, — дейди Худойберган.

— Яхши бу иш билан мен ўзим шуғулланаман, сен боравер, — деб хон унга ижозат беради.

Эртасига қишлоққа келган хон оқсоқолни чақиради:

— Қишлоғингда бирорта ўғри борми? — деб сўрайди. Шунда хон олдида тили калимага келмай турган оқсоқол аввалига бош чайқайди.

— Яхшилаб ўйлаб кўр, Худойберганнинг моллари қанот чиқариб учмагандир? — сўрайди хон сиёсат билан.

— Олампаноҳ бир қошиқ қонимдан кечинг, — дейди оқсоқол ниманидир эслагандек бўлиб. — Биттаси бор, бундан анча йиллар аввал қўшнисининг товуғини ўғирлаган, аммо кейин ҳамманинг олдида тавба қилганди.

Хоннинг амри билан ҳалиги кишини тутиб келтирадилар. Қаттиқ тазйиқдан кейин у ўғирланган молларни Худойберганга қайтариб беради. Ўғрининг кафтига чўғ босиб жазолайдилар.

Худойберган ота ўтган асрнинг ўрталарига қадар умргузаронлик қилган. Унинг Исломхўжа минораси ёнида меҳмонхонаси бўлган. Отахон 1963 йилда 90 ёшида вафот этгач, Тош дарвозадан ичкарида, ғарбий томондаги тўртинчи гумбазда дафн қилинган.

Комил Худойберганов,

Рустам Жабборов

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1