Кактус баргидаги сир

МУТОЛАА 31.01.2018, 14:44
Кактус баргидаги сир

Вақт шундай шаф­қатсиз ҳакамки, у ўтган ҳар бир дақиқани ўт­мишга ва хотирага айлантириб кетаверади. Ҳаёт ўзанида мисоли чўкаётган одам эса ҳар бир қилган хатосини тан олмасдан бошқа чора тополмайди. Афсуски, ўтиб кетган хатоларни қўлқопни алмаштирган каби қайтадан ўзгартириб бўлмайди.

Ота уйидаги стол ёнида ўйчан турган Трисдалнинг бошидан айни чоғда ана шундай хаёллар кечарди. Унинг олдидаги стол устида эса барглари осмонга дадил бўй чўзиб ўсаётган бир тувак ям-яшил ўсимлик турарди. У кактус турларидан бири бўлиб, нозик япроқлари енгил эсаётган шаббодада нафис тебранар, чайқалаётган барглари билан гўё кишини ўзига чорлаб, ишора бераётгандек бўларди.

Трисдалнинг дўсти — ўша куни тўйи бўлаётган келиннинг акаси, хонадаги жавон ёнида бир ўзи ёлғиз ичаётганидан норози бўлиб, зорланганча гапираётганди. Аммо Трисдалнинг қулоғига унинг гаплари кирмасди. Ҳар иккала эркак ҳам кечки базм учун яхшилаб ясаниб олишганди. Қимматбаҳо костюмларининг ялтироқ тугмаларидан чақнаётган нур нимқоронғи хона бўйлаб ажиб шуъла таратарди.

Трисдал аста қўлқопининг тугмаларини ечаркан, айни дамда кўз олдидан ўтган охирги кунлар лавҳалари бирма-бир, жуда тез ўта бошлади. Гўё ҳозир ҳам димоғига ибодатхона ичига безак сифатида илинган турли хил гулларнинг муаттар бўйи урилиб турар, қулоқлари остида тўйга йиғилган минг­лаб меҳмонларнинг шодон қичқириқлари жаранглар, пўрим либосларнинг енгил шитирлаши ва ниҳоят, руҳонийни унинг севган маҳбубасини ўзга йигит билан никоҳлаган дуоси тинмай садо бериб турарди.

Бир дунё адоқсиз ҳасратга ботганча ўй сураркан, Трисдал севган қизини қандай қилиб қўлдан бой бергани сабабини ҳеч тополмасди. Муросасиз бир асосни қўполлик билан тан оларкан, у ўзининг сирли ва мағрур, анчагина димоғдор ва олифта бўлганига чин дилдан ўкиниб кетди. Мана энди ўша худбинлиги ва такаббурлиги ортидан келган бахтсизликни кўриб турибди. Эҳ, наҳотки энди Трисдалнинг дилдори бошқаники бўлиб кетаверса?! Ахир у доим ғолиб бўлган эди-ку? Нега?..

Келинчак ибодатхонанинг безатилган йўлакчасидан шоҳона меҳроб томонга виқор билан юриб бораркан, Трисдалнинг юрак-бағри ку­йиб, бениҳоя эзилиб кетди, у ўзига-ўзи далда берадиган куч топа олмади. Унга аввалига қизнинг чеҳраси бироз сўлғиндай, жиндек маъюсдай бўлиб кўринди, у қайлиғига негадир совуқ қараётгандай туюлди. Лекин Трисдалнинг кўзлари алдаётган эди. У келинчакнинг бўлажак эрига меҳр билан, самимият билан жилмайиб боқаётганига кўзи тушди-ю, ўзини тамомила унутилганини тушуниб етди. Бир пайт қизнинг Трисдалга тушиб қолган нигоҳи ҳам бу фикр­ни тасдиқлаб қўйди. Чинданам Трисдалнинг ўзига бино қўйиши орзуларини барбод этди, унинг сўнгги тиргаги — ардоқли муҳаббати барҳам топган эди. Лекин Трисдал муносабатларининг нега ана шундай якун топганига ҳануз бир ечим тополмасди. Нега бундай бўлди ахир? На бир жанжал ва на бир тортишув, ғалва... Бирдан ҳаммаси тугади-қўйди. Қалби вайрон бўлган йигит ўз ёғига қовурилганча охирги кунлардаги воқеаларни кўз олдига келтирар, сира уларга тайинли жавобни топа олмасди.

Қиз ҳамиша Трисдалга ниҳоятда илтифотли эди, унга шоҳона мулозамат кўрсатар, ҳурматини жойига қўярди. Йигитнинг қошида шунақанги латиф қилиқлар қилар эдики, Трисдалнинг мағрур қарашлари қизнинг болаларча содда, итоатгўй чеҳрасидан зумда эриб кетарди. Трисдал ҳамма вақт энг юқори сифатлар ҳамда афзалликлар билан тилга олинар, юқори баҳоланар, худди сувсаган қақроқ чўлга ёққан ёмғирдан сўнг туйқус очилган бир дона гулдай тенгсиз қадрланарди.

Қўлқопининг охирги тугмаларини бўшатаётган пайтда Трисдалнинг аввалги худбинлиги ва кечиккан мотамсаро кибру ҳавоси шу чоғда яна унга қайтиб келди. Сўнгги тундаги учрашув йигитнинг хаёлида жонланаркан, унинг ҳақиқатдан ҳам боши қотиб қолди. Шу билан бирга, қизнинг ўша оқшомги майин нигоҳлари, сочларининг енгил мавж­ланиши, кўзларидаги юмшоқ ва бокира жозиба Трисдалнинг кўнглини яна-да жўшдириб юборди. Унинг сўзлари йигитнинг қулоқлари остида ҳамон жаранглаб турарди. Қиз унга шундай гапларни айтганди ўшанда:

“Дарвоқе, мен битта гап эшитгандим. Капитан Карузерснинг айтишича, сиз испан тилида худди испанлардек сўзлай олармишсиз. Нега шундай ноёб истеъдодингизни мендан яширдингиз? Хўш, мендан беркитган яна қандай қирраларингиз бор?”

Ё тавба, бу Карузерс жинни-пинни бўлиб қолмаганми мабодо? Шубҳасиз, у Трисдални ғирт айбдор қилиб қўйганди, ахир Трисдалнинг чет тилларини у қадар яхши билмаслиги, ҳар доим луғатдан фойдаланишини у бинойидек биларди, шекилли?! Ўша Карузерс Трисдалнинг озгина қобилияти ва билимини ўта ошириб юборгани аниқ.

Аммо о, Худойим-ей, қаршисида гул-гул бўлиб очилганча ҳаяжондан енгил титраб сўзлаётган қизнинг ҳайрати ва тасанноси шу қадар кучли эдики, Трисдал Карузерснинг ёлғон таърифини ҳеч бир раддиясиз қандай қилиб қабул қилиб қўйганини ўзи ҳам билмай қолди. Эътироз билдириш ўрнига у испанчадан бўлган сохта билимини янада бўрттириб кўрсатишга уринди. Ўзича қизни бешбаттар қойил қиламан, деб ноўрин ишлатган бу ёлғон тасдиғи кейинчалик Трисдалнинг ўзига аччиқ тикан каби санчилди.

Ўша тун маҳбубаси қанчалар сулув ва шаффоф эди-я! Ўшанда у мисоли тузоққа тушиб қолган қушчадай патирлар, ҳаяжонланар, бирдан жим қотиб тинглар эди. Трисдал ўша оқшом бор мағрурлигини тарк этиб, қизга дил изҳори қилганди. У севганининг уялган, қизарган чеҳрасига боқиб туриб, қизнинг ҳеч бир инкорсиз унинг севгисини қабул қилишига буткул ишонган эди. “Жавобимни эртага айтаман”, деб кетганди қиз ҳаё билан жилмайганча. Унинг табассуми Трисдалга чексиз умид пайғомларини тақдим этганди ўшанда.

Шу тарзда у эртаси кун сабрсизланиб маҳбубасининг жавобини интиқлик билан зор кутди. Пешин пайти бўлганда, қизнинг уйида отбоқар бўлиб ишлайдиган киши қип-қизил тувакдаги ғалати кактус гулини ташлаб кетди. Устига қандайдир тилда ёзилган ёрлиқдан ташқари, гултувак ичида на бир сўз ва на бир хат бор эди. Йигит ҳайрон қолиб, ярим тунгача яна кутди, лекин қизнинг жавоби етиб келмади. Ўша дамда Трисдалнинг баланд ғурури ва топталган манманлиги уни қизни қидиришдан тийди. Орадан икки кун ўтгач, улар иттифоқо бир кечки базмда учрашиб қолишди. Кўришувлари ҳар доимгидай оддий, ортиқча гап-сўзсиз кечди, аммо қизнинг кўзлари нимагадир муштоқ, бетоқат ва саволомуз боқарди. Трисдал бўлса, унинг кечиккан жавоби учун изоҳ беришини кутиб турарди. Бироқ қиз унга тушунча бериш ўрнига юзини терс ўгирганча кетиб қолди. Шу тахлит улар ҳеч бир сабабсиз, ҳеч бир изоҳсиз индамай ажралишди. Лекин барибир Трисдал сира-сира тушунолмасди: унинг гуноҳи нима эди? Бу ерда ким айбдор ўзи? Ана энди чексиз қайғуга ботганча, ўзининг нокерак бўлган мағрурлиги орасидан жавоб ахтараркан, Трисдал мушкул аҳволда қаттиқ азоб тортмоқда эди. Агарда...

Бирдан жавон олдида турган иккинчи эркак, келиннинг акасининг овози Трисдалнинг хаёлларини пардай тўзғитиб юборди.

— Менга қаранг, Трисдал, намунча ўйга чўмиб қолдингиз? Худди бўйнига ола хуржун илинаётган куёвтўрадай қовоқ-тумшуқ қилиб олибсиз. Сиз бор-йўғи бир иштирокчисиз-ку бу тўйда, дўстим. Биласизми, мен бугун ғоятда суйган, ардоқлаган жону жигаримни узатяпман. Ўзи биттагина синг­лим бор эди, энди мана, уям кетяпти. Ҳа, майли, бахтли бўлсин! Қани, келинг, бунақа хомуш ўтирманг, кўнглингизни чоғ қилинг. Мана, буни олинг, бирга-бирга ичайлик бугун!

— Ҳозир ҳеч нарса ичгим йўқ, раҳмат, — деди Трисдал боягидай кайфиятда.

— Сизнинг брендийингиз, — дея гапини давом эттирди Трисдалнинг дўсти, — жудаям ёқимсиз экан. Бирор кун бизнинг тарафларга бориб, уйимиздаги ичимлик­лардан бир тотиб кўрсангиз бўларкан. Ана ўшалар ичишга минг карра арзийди.

Бир маҳал келиннинг акаси Трисдалга ҳайратомуз кулганча бошқа гап қотди:

— Эҳ-ҳе! Мана буни қаранглар! Бу гул биз томон­лардан-ку! Мана бу кактусни айтаяпман, Трисдал! У сизга қаердан келиб қолди?

— Бу совға, — деб жавоб берди Трисдал, — битта дўстимдан. Сиз бунинг турини биласизми?

— Билганда қандоқ, — деди дўсти фахрланиб, — бу кактуснинг тропик иқлимга мослашган турларидан. Сиз биз тарафларда бунақасидан истаганча учратишингиз мумкин. Мана бу ерга гулнинг номи ҳам ёпиштириб қўйилибди-ку! Сиз испанчани билмайсизми, Трисдал?

— Йўқ, — деди Трисдал аччиқ кулимсираганча, — бу испанчамиди ҳали?

— Ҳа-да. Испанлар кактуснинг бу турининг япроқларини гўёки сиз томон қўлини чўзиб, нимагадир ишора бераётган кишидай, фараз қилишади. Улар бу кактусни “Вентомерме” деб аташади. Инглизчада қандай маъно англатишини биласизми? “Вентомерме” — инглизчада “Келиб, мени олиб кет”, дегани бўлади.

Инглиз тилидан Қандилат Юсупова

таржимаси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1