Никоҳни парчаловчи мулоқотнинг 3 тури

ҲИДОЯТ САРИ 27.01.2018, 02:06
Никоҳни парчаловчи мулоқотнинг 3 тури

Никоҳ муқаддас тушунча. У жамиятнинг кичик, бироқ ўта муҳим бирлиги. Мустаҳкам никоҳ риштаси, оилалар бахтиёрлиги демакдир. Оилалар саодати эса жамият тараққиётини белгилайди. Бироқ одамларнинг ҳаммаси ҳам оилада бахт-иқбол топавермайди. Эру хотиннинг бир-бирини тушунмаслиги, сабр-тоқат етишмаслиги, шаръий қоидалардан бехабарлик кўпинча оилаларнинг парчаланиб кетишига олиб келади.

Уламоларнинг айтишича, оиланинг мустаҳкамлиги эр-хотиннинг кундалик ўзаро мулоқотига боғлиқ. Бунда шундай ҳолатлар борки, бора-бора ўшалар оилани емиради, пароканда қилади. Мутахассислар никоҳга рахна солувчи асосий хавфни 3 турга бўлади.

1. Танқид

Танқиднинг танқиди фарқи бор. Камчиликларни тўғридан-тўғри юзига солиб, ўша нуқсонлар билан айблаш, ҳарактеридаги қусурлар билан доимий камситиш эру хотин муносабатларига совуқчилик солади. Бири-биридан бездиради.

Турмуш ўртоғингизни доим камчиликлари учун танқид қилаверсангиз, у ўзини айбдор ҳис қила бошлайди. Ўзига ва шу билан бирга сизга бўлган ишончи ҳам камайиб боради. Оиланинг мустаҳкамлигини истасангиз, аёлингизнинг энг яхши ҳислатларини кўпроқ эътироф қилиб, уни қўллаб-қувватлаб туринг. Камчиликларини маслаҳатлар ва тушунтиришлар билан бартараф қилишга кўмаклашинг. Қаттиқ жахлингизни чиқарган ҳолатда ҳам имкон қадар совуққонликка интилинг. Бу билан сиз турмуш ўртоғингизга ҳам “кўзгу” бўласиз.

2. Ҳурматсизлик ва менсимаслик

Сиз турмуш ўртоғингизни тўхтовсиз ҳақорат қилсангиз, ёмон сўзлар билан сўксангиз, заррача ҳурмат қилмасангиз, билиб қўйинг-ки, бу билан ҳеч нимага эриша олмайсиз. Муносабатлардаги дағаллик ва қўполлик оиладаги парокандаликкача олиб бориши мумкин. Зеро, инсон ўзининг энг яқин одамларидан қўполлик кутмайди ва бу содир бўлганда юракка оғир ботади. Шу боис, ҳар доим ўз турмуш ўртоғингизга, фарзандларингиз онасига хурмат билан муомалада бўлинг. Ерга уриш, камситиш ва ҳақоратлардан буткул йироқ бўлинг. Унутмангки, ҳеч қачон бундай услуб билан муаммоларни ҳал этиб бўлмайди, обрўга ҳам эришилмайди.

3. Ҳимоя механизми

Бирор муаммо туғилса, дарров турмуш ўртоғингизни айблашга тушасиз, доим жабрдийда бўласиз. Ўзингизни оқлашга, барчаси учун уни айбдор қилишга сабаб қидирасиз. Ҳимоя томонига ўтиб оласиз. Муаммодан сиз жабр кўрсатгандек қилиб кўрсатасиз. Қарабсизки, оилада ўзаро ишонч, бир-бирини қўллаб-қувватлаш деган тушунчалар барҳам топади. Хўш, бу билан оила мустаҳкамлигини таъминлаб, тўкин бахтга эришиб бўладими? Албатта, йўқ. Шунинг учун маълум муаммолар пайдо бўлганда асосий айбдорни қидиришга ошиқманг. Биринчи навбатда муаммони бартараф этиш йўлларини изланг ва бу жараёнда турмуш ўртоғингизга ҳам маслаҳат солинг.

Азизлар, никоҳ ришталарини узувчи бу каби ҳолатларни яна кўплаб келтириш мумкин. Бироқ аксар оқибатларни юқорида келтирилган асосий хатолар келтириб чиқаради. Унутманг, оила ҳам бир иморат. Унинг пойдеворини эру хотин биргаликда кўтаради. Аввал бошда пойдевор носоз бўлса ёки тўғри қўйилмаса, оила қўрғони бир умр қулаш хавфи остида қолади.

Муслим Мирзажонов тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1