1

Ҳолва емаган ҳокимлар (ҳолвани ёқтирадиган ҳокимлар ўқимасин)

МУТОЛАА 26.01.2018, 07:34
Ҳолва емаган ҳокимлар (ҳолвани ёқтирадиган ҳокимлар ўқимасин)
Ҳажвия


Деворнинг ҳам қулоғи бор, деган нақл неча минг йил олдин айтилганини билмадим-у, аммо жуда бугунбоп чиқиб қолди. Ҳаммадан ҳам ҳокимларга қийин бўлди, ҳокимларга! Бечоралар... Бировни дилдан яйраб, хумордан чиқиб сўколмайди ҳам. Сўкса — тамом, эртаси куни интернетда чиқиб турибди-да!

Ҳоким бўлганингдан кейин, қўлинг қичиб турган пайти бировнинг қулоқ-чаккасига тортворгинг келадими? Келади!

Яқинда битта ҳоким укамизни роса танқид қилишди. Сирдарёнинг Сайхунободидан экан. Бечора бор-йўғи, уч-тўртта мактаб директорини турғизиб қўйиб, икки-уч шапалоқ урибди, холос. Нима бўпти, бирортаси ўлиб қолмабди-ку? Тўғри-да, мактаб директори бўла туриб, байрамга одам чиқармапти. Ўрнига мен бўлганимда уриб ўтирмасдим қўлимни оғритиб, тепардим...

Ўзингиз ўйланг, пахтага одам топиб беролмай турганингизда, аллақайси корхона ёки ташкилот раҳбари айтганингизга кўнмаса, нима қиласиз?

Одамларга ҳайронман. Бирор мажлисда ўзбек тилининг бой ва чексиз имкониятларини ишга солиб, самимий сўкинганингниям кўришолмайди. Ҳатто нечта уятли сўз ишлатганинг-у, уларнинг қай бири қайси сўз туркумига оидлиги, қайси келишик ва эгалик қўшимлари билан ишлатилгунига қадар таҳлил қилиб беришади. Бекорчилар!

Тузукроқ сўкишишни билмаган ҳоким ҳокимми? Менга қўйиб берса, ҳокимлар учун сўкиниш бўйича мастер-класс ўтказишни тавсия қилган бўлардим. Қанча сўкинсанг — шунча обрўйинг ошади. Одамлар сендан шунча қўрқади. Алвастижон ҳақида мультфильм қаҳрамони айтганидек, қўрқсин-да, қўрқса — ҳурмат қилади!

Лекин замон ўзгаряпти. Ҳозирги ҳокимларга жуда-жуда ичим ачийди. Ҳоким бўлсанг-у, маза қилиб яшолмасанг. Айшингни суриб, қамчингни қарсиллатиб юролмасанг, данғиллама уй қуриб, иномарка машина сотиб ололмасанг... Энди фақат ишлашинг керак. Ўзинг ҳокимлик қилаётган жойни обод қилишинг, иш ўринлари яратишинг, инвестиция киритишинг, ҳузур-ҳаловатдан воз кечишинг керак. Ҳаммасиям майли, хунобинг чиқиб турганда бировни мириқиб сўколмайсан.

Ҳокимликнинг юкини ҳоким бўлганлар билади. Бечоралар шу мансабга минаман дегунча, бунақа сўкишлардан қанчасини эшитишган, бунақа шапалоғу тепкилардан қанчасини ейишган, ахир? Нима, олдинги ҳокимлар сўкишмабдими? Берилган топшириқни уддалолмаган ходимларни дўппослашмабдими? Қизиқ замонлар бўляпти-да! Мажлисдагиларни битта-иккита сўкиб қўйсанг, дарров жарима солишади ёки устингдан иш қўзғашади. Майли, ҳоким тўра учун тўрт-беш миллион сўм пул нима деган гап? Садқаи сар, тўлайди ўша пулни. Фақат элга овоза бўлганинг ортиқча. Ана шунисига куяман.

Куни кеча яна бир дўстимиз мажлисда бир туман аҳлини чангитиб сўкди. Чин юракдан сўкди. Нима қилсин, бечора? Роса жонидан ўтгандир-да? Одамлар ҳам жа ноинсоф бўп кетишган-да! Бировни ҳароми деган билан ҳароми бўлиб қолармиди? Худди айрим ҳокимларни адолатли деб мақтаган билан адолатпеша бўлиб қолмагандек. Одамлар жуда ҳаддидан ошиб кетишяпти. Халқ деган қўйдек юввош бўлса, урсанг ҳам, сўксанг ҳам қуллуқ қилиб турса... Тайёр иш топиб берсанг ҳам ноз қилади-да ҳозирги ёшлар. Нима икки юз минг-уч юз минг ойлик тешиб чиқадими? Ҳар қалай бир бурда нонга қорнинг тўяди-ку? Албатта, замонавий машина минишинг, намунали уйда яшашинг, ресторанда тўй қилишинг шартми? Бунақа дабдабалар ҳокимга ярашади, прокурорга ярашади, солиқчига ярашади. Деҳқоннинг боласи бўлгандан кейин кетмон чопса, ҳовлисининг тўрт томонига бўз тортиб, иккита чўп-оёқ масхарабозни чақириб тўй ўтказаверса, катта бувасидан қолган чордеворда яшайверса асакаси кетадими?

Ҳажга бормайсанлар, дедими? Россияга ишлагани юбормайман дедими? Тўппа-тўғри қилади. Чунки у ўз оти билан ҳоким! Қўли остидагилар ўтир деса ўтириши, тур деса туриши керак. Ҳоким рози — Худо рози (Ўзи менга қолса мақолни худди шу тарзда ўзгартирган бўлардим). Эҳтимол, бошқа тумандан пропискага ўтиб, ҳажга бориб келишни ўйлайдиганлар ҳам чиқиб қолар. Барака топкурлар, ҳоким бувани норози қилиб, ҳажга борсаларинг, бунақа зиёратнинг қабул бўлишига гарантия йўқ, валлоҳу аълам. Ҳокимнинг рухсатисиз ишлаб пул топиб келиш ҳам ғирт ноинсофлик. Худо кўрсатмасин, йўлда бирор корҳол бўлса, калтак кимнинг бошида синади, бир ўйлаб кўрсаларинг-чи? Ҳокимингизни гапга, маломатга қолдириб, хорижда ишлаб топган нонингиз томоғингиздан ўтаётганда виждон қурғур санчмайдими?

Ўзи-ку, эжодкорлик қобилиятим йўқ. Ёзғувчиларни жинимдан баттар ёмон кўраман. Фақат, экс-ҳоким сифатида, бугунги ҳамкасбларимга ичим ачиганидан қўлимга қалам олдим. Биз-ку, бир пайтлар давримизни суриб, ўйнаб-кулиб, йиғиб-териб олдик. Ҳозиргиларга қийин бўлди.

Барака топкурлар, ҳоким зотига осон тутманглар. У бечора ҳам бундоқ одамга ўхшаб яшасин. Бизнинг замонамизда бирортасининг кетига ўхшатиб тепсанг ҳам, «Ҳоким бува, минг бор узр, кетим оёғингизга тегиб кетди, ёмон оғримадими? Уқалаб қўяйми?» деб қўл қовуштириб туришарди. Ҳозиргиларни бир оғиз ҳақорат қилолмайдиган бўлиб қолдинг.

Бир пайтлар ҳолвани ҳоким ейди, калтакни етим ейди, деган пурҳикмат мақолларимиз бўларди. Бизам вақтида шунақа ҳолваларни еганмизки, оҳ-оҳ-оҳ... Ҳозирги бечора ҳокимлар ҳолва тугул, бир луқма нонни ҳам чайнаб ютолмайдиган бўлиб қолди.

Ҳаммангиздан, ҳокимликнинг аччиқ-чучугини татиб кўрган экс-ҳоким сифатида илтимос қиламан. Ҳокимларга раҳм қилинг.

Жонкуяр Экс-ҳоким

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1