1

Мандарин мевасини енгу, пўстлоғини ташлаб юборманг

СУҒДИЁНА 24.01.2018, 16:05
  Мандарин мевасини енгу, пўстлоғини ташлаб юборманг

Цитрус мевалари оиласининг кенжатойи – мандаринни барчамиз севиб истеъмол қиламиз. У нафақат мазали, балки фойдали ҳамдир. Кўп гапириб нима қилдик, мандариннинг сиз билган ва билмаган хусусиятлари билан танишинг!

Кичкина «табиб»

Мандаринхўрлик бу нафақат ёқимли машғулот, балки турган–битгани организм учун фойдадир. Бир дона мандарин тановули кўз қовоқлари териси учун муҳим бўлган – А витаминини, асаб тизими фаолиятини рағбатлантирувчи – C ва В1 дармондориларини ва бўғимлар саломатлиги учун зарур ҳисобланган К витаминини улашади.

Янги сиқилган мандарин шарбати болалар учун парҳезбоп ичимлик ҳисобланади. Фарзандингизнинг аллергияга мойиллиги бўлмаса, шамоллаш ва гриппга қарши профилактика чораси сифатидаги мандарин шарбатидан фойдаланиш мумкин.

Халқ табобатида мандарин пўстлоғидан тайёрланган қайнатма қуруқ йўтал хуружларини камайтиришда тавсия этилади.

Тумов ва бурун битиши безовта қилганида, мандарин пўстлоғи қайнатилиб, буғида нафас олинади.
Тез–тез боши оғриб турадиганлар учун ҳам мандариннинг нафи тегиши мумкин. Арчилган мандарин пўстлоғини 5-8 дақиқа давомида ҳидлаш, бош миядаги оғриқ рефлексини камайтириши мумкин.

Замбуруғлар «хужум» қилган тери ва тирноқларни мандарин шарбати билан тез–тез артиб турсангиз, безовталикдан асар ҳам қолмайди.

Ўн икки бармоқли ичак ва ошқозон яраси, гастрит, колит, ичак яллиғланиши, холецистит, гепатит ва кучли нефритда мандарин истеъмоли тавсия этилмайди.

Теримга тиртиқ тушди, дебмидингиз...

Мандарин пўстлоғидаги эфир мойининг нақадар фойдали эканлигини билганингиздами... Айнан ушбу эфир мойи қўшилган крем ва зардоблар юздаги ҳар қандай муаммони ҳал қилолади. Шунингдек, целлюлит билан курашишда ҳам у тенгсиздир. Ҳомиладорликда қорин ва сон терисига тиртиқ тушдими, мандарин пўстлоғидан олинган эфир мойини ёрдамга чақиринг. Эфир мойини дорихона ҳамда гўзаллик воситалари сотиладиган дўконлардан топиш мумкин.


Хонимлар, ниқоб тайёрлаймиз!

Бир дона пўсти тозаланган мандаринни бўтқа ҳолига келтиринг-да, бир чой қошиқда асал ёки сметана билан аралаштириб олинг. Ниқобни косметика воситаларидан тозаланган юз терисига 15-20 дақиқага суртиб қўйинг. Гўзаллик муолажаси ҳафтасига икки маротаба бажарилса, юз териси майинлашади.

Ярим ҳовуч қуритилган мандарин пўстлоғини майдалаб, талқон кўринишига келтиринг. Бир дона тухум сариғи, бир ош қошиқдан ун ва сметанани қўшиб, аралаштиринг. Скраб бўйин ва юз терисига суртилиб, енгил уқаланади. Сўнг 15 дақиқадан сўнг илиқ сувда чайиб олинади.

Ошхонага марҳамат қилсинлар!

  • Чой дамлаётганда, чойнакка битта мандарин пўстлоғини қўшиб юборинг. Чойхўрликдан бош кўтаролмай қоласиз!
  • Қуритилган мандарин пўстлоғини ошхона жовонларининг бурчагига қўйиб чиқинг. Ёқимли ифори анча пайтгача сизни хурсанд қилади.
  • Кийим жавонлари, айниқса, пайпоқлар сақланадиган бўлмага, албатта, қуритилган мандарин пўстлоғини ташлаб қўйинг. Оёқ терлаши ва кир ювиш воситаларининг аралаш ҳидидан ҳалос бўласиз.
  • Мандарин пўстлоғини ингичка тўғраб, озроқ шакар билан аралаштирасиз. Сўнг оловда қайнатиб олсангиз, кифоя. Сариёғли нон устига суртиб ейиш учун мазали жем тайёр!
  • Шампунь идишининг ичига майдаланган мандарин пўстлоғини солиб қўйиш мумкин. ҳавотирланманг, бундан соч ювиш воситаси зарар кўрмайди, аксинча, ҳиди янада яхшиланади.

Анора МАЖИДОВА тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1