1

Уй-жой учун адашиб ёзилган сертификат машмашаси: муаммонинг ечими қандай бўлади?

ЭРКИН МИНБАР 22.01.2018, 09:58
Уй-жой учун адашиб ёзилган  сертификат машмашаси: муаммонинг ечими қандай бўлади?

Бир мўъжиза бўлсаки, кимга кўз, кимга қўл-оёқнинг буткул тўкислиги, соғлик ато эта олсанг. Жамиятда бу мўъжиза эътибор ва ғамхўрлик деб номланади. Ижтимоий кўмакка муҳтож кишилар юртимизда албатта қадрланади. Бироқ… биргина хатолик сабаб бундай қадрнинг қиммати йўқолиши ҳам бор гап. Таҳририятга мурожаат қилган Орзу Ҳалимова тўқнаш келган масала­ бунга яққол исбот, дейиш мумкин.

"Сиз уй-жой билан таъминландингиз! Ие, адашибмиз..."

Орзу Ҳалимова: “Мен Қарши шаҳри “Чақар” МФЙ Хосият Лутфуллаева кўчаси 13-уйда истиқомат қиламан. Турмуш ўртоғим II гуруҳ ногирони, тўнғич ўғлимнинг кўзи ожиз, қизим турмушга чиққан ва бир ўғлим коллеж ўқувчиси. Оилавий шароитим бўйича тегишли жойларга кўп мурожаат қилганман. Мана, 2017 йил 5 август санасида Қашқадарё вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган катта тадбирда мени Президент маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов “дори-дармон ва уй-жой билан таъминландингиз”, деб табрикладилар. Уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи сертификатни топширдилар. Икки кун ўтиб, Қарши шаҳар ҳокимлигига сертификатга мувофиқ уй ҳақида сўраш учун бордим. Шаҳар ҳокимиятида Райҳон Шерова билан кўришгандим, улар “Сертификатни адашиб бериб юборишибди. Аслида сизга 7 млн. сўм моддий ёрдам берилган”, деди. Мен кейин уларга “адашишган бўлса, нега ўша тақдирлаш кунидаёқ айтилмади”, десам яна моддий ёрдам пули берилишини так­рорладилар. Мана шу кунгача ёзма, оғзаки мурожаатларимга фақат шу 7 млн. сўмни рўкач қилишади. Берилган сертификат хўжакўрсингамиди? 2017 йилнинг сентябрида вилоят халқ қабулхонасига шу муаммони билдирганимдан сўнг вилоят ҳокими муовини келиб, ҳозирги яшаб турган уйим олдига қўшимча уй солишни, газ тўловлари тўлаб берилишини ёки 7 млн. сўм пулни олиш таклифини айтди. Лекин бу уй таъмирлангани билан барибир бузиларкан.

Менинг илтимосим, агар кўп қа­ват­ли уй беришмаса, бошқа жойдан ер ва 10 млн. сўм берилса, ночор аҳволимиз ўнгланишига ёрдам бўларди”.

Хатолик тан олинди...

Қарши шаҳар хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Насиба­ Ҳикматова қуйидагича изоҳ берди:

— Имконияти чекланган фуқаро­ларга Президентимиз томонидан шу қадар ёрдам кўрсатиляптики, бунақаси ҳеч қайси давлатда учрамаган. Ногиронларга тиббий мосламалар, аравача, бошланғич бадали тўланган уйлар, уйини таъмирлаш учун моддий ёрдам, тикув машиналари топшириляпти.

О.Ҳалимованинг турмуш ўртоғи Дониёров Шукурулло номида 2 сотихли уйи бор. Фақат ростдан таъмирталаб бўлгани боис маблағ ажратилиши учун сертификат берилган. “Уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи” сертификат эса хато бериб юборилган. Сертификатни эса вилоят ҳокимлиги берган, биз ёзмаганмиз. Масалан, бир фуқаромиз Катя Коноплёвага уйга эга бўлиш учун бошланғич бадали тўлаб берилган. Қолган шарт­нома пулини ойма-ой меҳнат қилиб тўлаб бераверади. Чунки унинг ҳолати белгиланган талаб қилинадиган ҳужжатларга мос келади.

Бошланғич бадали тўлаб бериладиган уйга эгалик ҳуқуқи учун қу­йи­да­ги талаблар назарда тутилади:

Фуқаро номида уй бўлмаслиги керак.

Ўзининг ва оила аъзоларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати.

Ногиронлиги бўйича ҳужжат.

Тиббий хулоса.

МФЙ фикри, далолатномаси.

Уйи ва оилавий шароитидан фото-далиллар.

Оилавий даромади, яъни иш ҳақи тўғрисида маълумотнома.


"Бунақа хато қилиш мумкин эмас..."

Бахтиёр БОТИРОВ,

Ўзбекистон ногиронлар жамияти Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлими раиси:

— Воҳамизда кўнгли меҳрга муш­тоқ ногиронларнинг яшаш аҳ­волини ен­гиллаштириш бўйича кўп тадбирлар, қўллаб-қувватлашлар амалга оширилди. Масалан, Муборак туманидаги ногиронларга 7 та аравача, Қарши шаҳрида 350 нафардан зиёд имконияти чекланганларга ош тарқатилиб, совғалар улашилди.

Умуман, шаҳар ва туманда яшовчи ногиронларга эшитиш мосламаси, аравача, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Қашқадарёда умумий рўйхатдан ўтган 53000 дан зиёд ногиронлар бўлиб, шундан 8500 нафари 16 ёшгача ҳисобланади.

Орзу Ҳалимованинг мурожаатига ўз фикримни билдирсам, аслида ногиронларни уй билан таъминлаш ёки таъмирлаб бериш масалалари билан хотин-қизлар қўмитаси, прокуратура, маҳаллий ҳокимият, маҳалла шуғулланади. Бизнинг жамият нодавлат, молиялаштирилмаган. Шунинг учун бу ҳолатга аралашмаганмиз. Ўзим ҳам I гуруҳ ногирониман. Мурожаат қилган аёлни яхши тушуниб турибман. Сертификатни адашиб топширишгани албатта нотўғри. Бунақа хато қилиш мумкин эмас. Менимча, муаммога ечим топилмаса, ўша фуқаро 7 млн. сўмни олиб, кейин вилоят Халқ қабулхонасига мурожаат­ қилсин. Балки саховатли ҳомий топилар...


ҚИССАДАН ҲИССА: қўшимча 2 сотихли ер майдони бериладиган бўлди

Райҳон ШЕРОВА,

Қарши шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси:

— Фуқаро Орзу Ҳалимова уйи таъмирталаб эканлиги учун қурилиш материали — шифер сўраб ариза билан мурожаат қилган. Биз улар истиқомат қилган маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари билан оилавий шароитини ўргандик. Моддий ёрдам сифатида 7 млн. сўм пул ажратилди. Уй-жойга эгалик ҳуқуқини берувчи сертификатда адашиб ёзилган. Давлат имконият яратяпти-ку, 7 млн. сўмга яна сармоя қўшиб янги уй бадалини тўлаши мумкин-ку. Шуни тушунишни исташмаяпти. Фуқаромизнинг вазиятини тушуниб, уларга қўшимча 2 сотихли ер майдони беришга келишдик.

Хулоса ўрнида

Аслида бундай ишларда ўта ҳушёрлик ва жиддий ёндашув талаб этилади. Мурожаатчининг аҳволини ҳам тушунса бўлади, ҳамманинг олдида сизни уй-жой билан таъминлаймиз, деб кейин эртаси куни адашибмиз дейилса, кўнглига оғир ботиши, умидлари чил-чил бўлиши табиий. Мутасаддилар ижтимоий кўмакка муҳтож кишилар билан ишлашда эътиборли бўлганларида юқоридаги муаммоли вазиятлар, тушунмовчиликлар келиб чиқмаган бўларди.

Дилсўз БЎТАЕВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1