Тотувлик сири

ҲИДОЯТ САРИ 20.01.2018, 08:50
Тотувлик сири

Бир шаҳарда икки қўшни яшар эди. Бирининг оиласидагилар ҳамма нарсада бир-бирларини айблар, ҳеч келишолмас, уйларидан бақир-чақир овозлари келиб турарди. Иккинчи қўшнининг уйидан эса, ҳеч қаттиқ овоз эшитилмасди. Бир куни жанжалкаш қўшнининг бекаси эрига:

– Боринг, нега уларнинг жанжаллашмаслиги сабабини билиб келинг, – деди.

Эри қўшнисининг уйига кириб, бир бурчакка беркинди, пойлай бошлади. Уй бекаси идишларни артаётган эди. Бирпасдан сўнг телефон жиринглаб қолди. Аёл қўлидаги кўзани стол четига қўйиб, телефонни олди. У қайтгунича эри бошқа хонадан чиқиб, бехосдан ҳалиги кўзани ерга тушириб юборди. “Энди жанжал бўлади”, деб ўйлади қўшни беркинган жойида.

Аёл келиб, афсус билан:

– Кечирасиз, хўжайин. Мен айбдорман, идишни столнинг четига қўйибман, – деди.

– Йўғ-е, нима деяпсан? – жавоб берди эр. – Мен айбдор. Доим шошиб юраман, эътиборсизман.

Кейин қўшиб қўйди:

– Ҳа, майли, синса-синар, идиш экан-ку!..

Жанжалкаш қўшни уйига келган заҳоти хотини саволга тутди:

– Ҳа, бунча қолиб кетдингиз? Нима экан?

– Нима, нима? Ҳеч нима. Уларнинг иккаласи ҳам айбдор экан. Бизда эса айбдор йўқ, ҳаммамиз доим ҳақ бўламиз...

Ёқуб УМАР тайёрлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1