Оилангиз тотув бўлишида 11 маслаҳат

СУҒДИЁНА 15.01.2018, 14:33
Оилангиз тотув бўлишида 11 маслаҳат

Оила борки, албатта, унда тортишувлар, тушунмовчиликлар бўлиб туради. Бироз қовоқ уйишу араз-гиналардан кейин эр-хотин яна ярашиб кетаверишади. Аммо келишмовчиликлар жанжалга айлансачи? Бу охири ажралишга етиб борсачи? Низоларнинг марказида турган эркак ва аёлдан ташқари уларнинг айрилиш ёқасидаги ҳаракатлари болалари ва яқинларининг ҳаётини бузсачи? Бугун ажралиш ҳақида гапирмаймиз, бугун оилани сақлаб қолиш ҳақида сўзлаймиз. Оила – бу меҳнат. Оила равнақи учун қилинаётган меҳнат эса мажбуриятдек эмас, шод-хуррамлик билан амалга оширилиши керак. Бунинг учун бир қанча қоидаларни қулоғингизга қуйиб олсангиз, кифоя. Шунда ҳам оилангиз мустаҳкам бўлади, ҳам асабларингизни асрайсиз.

Кечиримли бўлинг

Дунёдаги энг қайсар одам бўлсаниз ҳам кек сақламасликни ўрганинг. Эрингиз/хотинингиз сизнинг энг яқин иснсонингиздир. Уришганларидан сўнг ҳеч қанча вақт ўтмай ярашишга тайёр жуфтликларнинг узоқ ва бахтли ҳаёт кечириш имкониятлари кўпроқ бўлади. Бунинг учун кимдир биринчи қадамни ташлаши керак. Келинг, шу биринчи қадамни сиз ташлай қолинг.

«Унинг бу ишини кечириб бўлмайди!» Хўп, шундай ҳам дейлик, аммо жуфтингиз билан ҳаётингиз давом этишини истасангиз, кечирганингиз яхши. Кимга яхши, дейисизми? Албатта сизга-да! Кечириш сурункали оғриқлар, юрак-қон томир билан боғлиқ муаммоларнинг камайишига, тушкунлик ва асабийлик даражасининг пасайишига олиб келиши илмий жиҳатдан тасдиқлангана факт. Іеч нарсани кечирмайдиган инсонларнинг юрак уриши тез, қон босими баланд бўларкан. Ғазаб, зарда, адоват юрак хасталикларига олиб келиб, ҳатто эрта ўлимга ҳам сабаб бўлиши мумкин экан. Бировларнинг камчиликларини кечиришни биладиган одамлар кўтаринки кайфиятда, ўзига ва эртасига ишонч билан юришади. Синаб кўринг, фақат фойда кўришингиз тайин!

Ақлингизни чарҳланг

Қанчалик ғалати туюлмасин, ўз ақлий салоҳиятингизга кўпроқ эътибор қаратинг. Биргаликда китоб ўқинг, кроссвордлар ечинг, илмий мақолаларни, янгиликларни, қизиқарли кўрсатувларни муҳокама қилинг. Эр-хотин қанчалик ақлли бўлса, турмуш шунчалик мустаҳкам бўлади, ажаралишлар сони ҳам камаяди.

«Биз ўзга дунё одамларимиз. У футболни яхши кўради, мен эса сериалларни. Биргаликдаги қизиқишларимиз йўқ!» Аслида, мустаҳакам оила қуриш учун умумий қизиқишларнинг бўлиши шарт эмас. Бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган, ғамхўрлик қиладиган жуфтликлар бир-бирларининг қизиқишларини ҳам ҳурмат қиладилар. Ёнингиздлаги инсон дунёга бошқача назар билан қарайдими, демак сиз ҳам ёруғ оламнинг янги қирраларини кўриш имкониятига эгасиз. Бу дегани сиз ҳам ўтириб футбол кўришингиз керак дегани эмас, унинг қизиқишларини ҳурмат қилишингиз лозимлигини англатади. Шунчаки, у футбол ҳақида гапираётганда диққат билан эшитинг, тушунмаганларингизни сўранг. Биргаликда қилишингиз мумкин бўлан бирор юмуш, машғулотни синаб кўринг. Бу иш билан авваллари иккингиз ҳам шуғулланмаганингизга амин бўлинг. Масалан, ҳовлингизнинг ланшафт дизайни билан шуғулланинг, биргаликда инглиз тилини ўрганинг, у ҳам, сиз ҳам авваллар ўқимаган жанрдаги китобаларни мутолаа қилинг.

Кўпроқ кулинг

Тушкун кайфиятдаги киши кўпроқ ғазабаланишини кузатгандирсиз, ҳойнаҳой. Кулгу эса тушкунликдан халос этувчи энг яхши восита. Кутилмаганда қилинган ҳазил, айтиб берилган латифа орангиздаги чегарани олиб ташлайди, музларни эритади. Агар уришиб қолиб, ярашиш йўлларини излаётган бўлсангиз, турмуш ўртоғингизга иккингиз билан юз берган бирор қизиқ воқеани сўзлаб беринг. Бу вазиятни юмшатади, кўрасиз.

Табассум – юқумли хусусиятга эга. Кулиб турган одамни кўрсангиз, сиз ҳам беихтиёр жилмаясиз, шундай эмасми? Іамиша кулиб турадиган одам ўзига одамларни тортади, аксинча қовоғи солинганлар ўзларидан барчани итарадилар. Табассумингиз ёрингизни бахтли қилади, ўзингизнинг эса чиройингиз очилади.

«Хўп» денг

Эр-хотин бир-бирининг фикрига қанча кўп қўшилса, ўзаро ишонч шунчалик ортади. «Йўқ, менинг гапимни эшитинг» деган гап унча-мунча оғир-босиқ одамни ҳам қуюшқонидан чиқариб юбориши мумкин.

Оналар қизларини турмушга узатишаркан, “Хўп бўлади” деган гап оғзингдан тушмасин, деб бекорга келин бўлмишнинг у қулоғига ҳам бу қулоғига ҳам қуйишмайди. Аммо йиллар ўтиб, шу гап лексиконимиздан аста-секин йўқолиб кетади. Ваҳоланки, шу сўзнинг ўзи қанчадан-қанча муаммоларни осон ечишимизга, муаммоларнинг келиб чиқишининг олдини олишга сабаб бўлади.

Оила билан ишни аралаштирманг

Кўпчилик ишдаги муаммоларини уйида муҳокама қилиб, оила даврасида ҳам ишини ўйлаб сиқилиб ўтиради-ю, бу нотўғри иш билан шахсий ҳаётингиз ўртасида олтин мувозанатни топмасангиз бўлмайди. Агар бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиш қийин бўлса, қандайдир машғулот билан шуғулланинг. Уйга бироз пиёда кетиш бу ҳолатда айни муддао. Уйда сиз жиддий ходим, қаттиққўл раҳбар, ўз ишининг устаси, зўр мутахассис эмассиз, суюкли ёр ва фарзандларингизнинг меҳрибон ота-онасисиз.

Ётоғингиз...

Ётоқхона фақат ухлайдиган жой эмас, балки икки қалб учрашадиган макон. У ерда сиз ўзингизни бахтли ҳис қилишингиз, ўзингизни эркин ҳис қилишингиз, муносабатларни тўғри йўлга қўйишингиз муҳим. Яқинликда сон эмас, сифат муҳимлигини унутманг.

Меҳмонхона, ошхона, ҳовлини озода тутиш билан бир қаторда ётоқхонангизнинг ҳам шинам бўлишига аҳамият қаратинг. Жиҳозларни бир жойдан иккинчи жойга кўчириб туринг, чойшабларни тез-тез алмаштириб туринг, хонани гуллар ва суратлар билан безатинг, хушбўй тутатқилар тутатиб туринг. Іали Янги йил байрамига анча борлигига қарамай, ётоқхонагизни чироқлар маржони билан безатинг. Шунда кузда пайдо бўлиб турадиган ғам-ғусса ўрнини шодон кайфият эгаллайди.

Мақтанг

Бир-бирингизни мақтанг, ширин сўзларингизни аяманг. Бу кайфиятни кўтаради. Кўп йил яшаб қўйган жуфтликлар ҳиссиётлари ҳақида гапирмай қўйишади, ахир шунча йил бирга бўлганларидан кейин ҳаммаси тушунарлидек туюлади-да. Турмуш ўртоғингиз қилган бирор майда ишни мақтаб қўйинг, у сиз учун тоғни талқон қилиб ташлайди. Ёки аёлингизга маликадек муомала қилинг... Уни таниёлмай қоласиз. Мақташ бу хушомад эмас. Шуни унутманг. Жуфтингизнинг бор-йўқ фазилаатларини айтиб, уни эркалатманг, фақат қилган ишини эътироф этинг.

Сир сақламанг

Тез-тез ўзингиз ҳақингизда маълумотлар бериб туринг. Орада қанча сир кўп бўлса, шунча тушунмовчиликлар келиб чиқаверади. Іеч кимга айтолмайдиган гапларингизнигина ичингизда сақланг, иккингизга тегишлиларини эса у ҳам билишга ҳақли. Одам қанча ичидагини яширишга ҳаракат қилмасин, барибир бу унинг юзида, ҳаракатларида зоҳир бўлади.

Вақтингизни кўпроқ бирга ўтказинг

Юқорида таъкидлаганимиздек, эр-хотин бирга бажарадиган умумий машғулотлари қанча кўп бўлса, шунча яхши. Баъзи юмушларни бирга қилишга одатланинг. Рўзғор ишларида бир-бирингизга кўмак беринг. Агар эркак ёки аёл оиладаги мажбуриятларнинг кўпини елкасига ортиб олган бўлса, бу эртами-кечми низоларни келтириб чиқаради.

Қадимда эркак киши пул топиб келган-у, рўзғор ишларига аёллар масъул бўлган. Мажбуриятларнинг бундай тақсимланиши айни кунларда баъзи оилаларга хос эмас. Аёллар эркаклар билан тенг ишлайдилар, рўзғор ҳаражатлари ҳам тақсимланган. Шундай экан, эркаклар ҳам рўзғор ишларининг айримларини бўйинларига олишлари адолатдан бўларди. Бу ҳеч қандай уят эмас ёки ғурурга тегадиган жойи ҳам йўқ.

Хонадонингизга шинамлик киритинг

Меҳмонхонангиздаги диваннинг устига замонавий чойшаб харид қилинг, ошхонангиздаги дастурхон-сочиқларни гуллиларига янгиланг, ётоҳқонангизга оқиш гулқоғозлар ёпиштиринг. Кайфиятингиз қанчалик кўтаринки, қалбингиз қанчалик хотиржам бўлса, иккинчи ярмингиз ҳам ўзини худди шундай ҳис қилади.

Дам олинг

Сўнги маслаҳатимиз эса – бир мириқиб... ухлаб олинг! Іали бирорта ҳорғин одам жамиятга ҳам, оиласига ҳам фойда келтирмаган. Эр-хотиндан бирортасининг ёмон кайфияти барча оила аъзоларининг кайфиятига таъсир кўрсатади. Агар турмуш ўртоғингиз, чарчаб қолаётганини сезсангиз, эртароқ ётиб ухлашини ташкил қилинг.

Эр-хотиннинг тотув яшашидан ҳам осонроқ, шу билан бирга ундан қийинроқ масала йўқдек. Аммо никоҳ ришталари билан боғланган экансиз, муносабатларингизнинг мустаҳкам бўлиши йўлида меҳнат қилишдан ҳориманг. Агар ҳеч нарса қўлингиздан келмаётгандек туюлса, сира тинчлик ва ҳотиржамликка эриша олмасангиз, тўхтанг! Ўзингизга қулоқ тутинг. Қандайдир кескин ҳаракатлар қилишдан аввал айни дамдаги ҳолатингизга баҳо беринг. Агар оилангизни сақлаб қолмоқчи бўлсангиз-у, буни қандай амалга оширишни билмасангиз, майда нарсалардан бошланг, аввало ўзингизни ўзгартиришдан бошланг.

Назокат тайёрлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1