1

Фарзандга айтиш керак бўлган 7 та сеҳрли фикр

СУҒДИЁНА 15.01.2018, 10:22
Фарзандга айтиш керак бўлган 7 та сеҳрли фикр

Одатда ота-оналар охири қандай оқибатларга олиб боришини ўйламай, фарзандларига турли гапларни айтиб юборишади. Айниқса, ишдан ҳориган ҳолда келганингизда, “Уқувсизсан!”, “Атай шундай қиляпсанми?”, “Мени қийнаб юбординг”, “Ким ҳам бўлардинг?” каби гапларингиз билан “сийлайсиз”. Балки қачонлардир бу “сийлов”лар сизнинг ҳам қалбингизни парча-парча қилгандир... Агар фарзандингиз билан ишончли муносабатларни ўрнатиш ва унинг ўзига бўлган ишончини оширишни истасангиз тўғри сўзлашишни ўрганинг! Бунинг учун 7 та сеҳрли гапнинг ўзи кифоя...

1. “Сени яхши кўраман!”

Болангиз кичиклигида уни қанчалик яхши кўришингизни тез-тез такрорлаганингиз шубҳасиз. Йиллар ўтиб эса бу гап маъносини йўқотгандек туюлдими? Лекин фарзанд учун “Сени яхши кўраман!” деган гапингиз исталган ёшида жуда қадрли ва муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан, ҳеч нимага қарамай, меҳрингизни очиқ кўрсатишдан тўхтаманг. Бу ҳаракатингиз фарзандингизга куч беради.

2. “Сен билан жудаям фахрланаман!”

Жигаргўшангиз ўз кучига ишониб улғайишини истасангиз, тез-тез у билан фахрланишингизни айтинг. Бу жараёнда қандай ўринни эгаллагани аҳамиятсиз. Фарзандингиз рағбат билан бирга “Сен билан жудаям фахрланаман!” деган сеҳрли сўзингизга муносиб.

3. “Ҳаммаси жойида, яна бир бор уриниб кўр”

Фарзандингиз омадсизлик исталган жараённинг муҳим қисми эканини тушуниши керак. Ёмон баҳо олганда, уришиш ўрнига “устозингдан вазифани қайта топшириб, баҳони тўғирлаш имконини сўра”, дея маслахат беринг. Шеър ёдлаб беролмаган бўлса ҳам ғазаб отига минманг. Тажриба аччиқ бўлади. Яхшиси, фарзандингизни рухлантиринг. У келаси гал ҳаммаси яхши натижа билан якун топишига ишониши керак. Агар фарзандингизга ишонишингизни тинимсиз такрорласагиз, у қийинчиликларни енгишни ўрганади. Ва келажакда кўзлаган марраларига осонгина етишишини таъминлаган бўласиз.

4. “Сенга ишонаман!”

“Сенга ишонаман!” деган гапни фарзандингиз муситақил иш қила олишига ишончингиз комил бўлгандагина айтишингиз мумкин. Бу ишончингиз фарзандингиздаги масъулият ва жавобгарлик ҳиссини оширади. Ота-онаси ишонч билдириб турса, бола уларни уялтириб қўймайди ва ёлғон гапиролмайди. Муҳими, дўстона муносабатни ўрнатинг ва фарзандингиз рост гап учун танбеҳ эшитмаслигига ишонади.

5. “Раҳмат!”

Болангизга ақлини таниган вақтидан бошлаб, рахмат айтишни одат қилинг. Ҳатто ўйинчоқларини йиғиштириб қўйгани учун ҳам “раҳхмат!” денг. Вазифани қандай бажариши муҳим эмас. Вақти келиб, рахматингизга яраша натижани ҳам оласиз. Хатолар учун аввал миннатдорчилик билдиринг, камчиликларни кейин ҳам айтишга улгурасиз.

6. “Ёрдам бер, илтимос”

Ҳар бир одам ўзини керакли ва фойдали инсон эканини ҳис қилишни истайди. Фарзандингиздан оддий юмушларда ҳам ёрдам сўрашни канда қилманг. Фарзандингиз гарчи биттагина гайка калитини олиб бергани учун ҳам “отамнинг машинасини созлаб бердим”, дея ўзидан фахрланиб юради. Кейинчалик турли юмушларда мустақил равишда ёрдам беришни одат қилади. Сўзингиз сўнгида “Сен бўлмаганингда бу ишни бажаришим қийин бўларди”, деган фикрни албатта айтинг.

7. “Сенинг борлигинг бахтим!”

Болаларни атрофдагилар билан муносабатлари доим ҳам силлиқ кечавермайди, айниқса ўтиш даврида. Кўпчилик ота-оналари уларни яхши кўришига шубҳа билан қарашади. Борди-ю, ака-ука, опа-сингиллари бўлса, ташвишингиз кучаяди. Шунинг учун фарзандларингизга доим “сенинг борлигинг бахтим!” дейишдан чарчаманг. Болаларингиз билан худди катталардек муносабатда бўлинг. Бироқ меҳрингизни кўрсатишни унутманг, бироқ меъёрни ҳам сақланг! Вақт ўтиб, фарзандингиз худди ўзингиз истагандек: мустақил, ўзига ишонган, ота-онасидан миннатдор инсон бўлиб улғайганига гувох бўласиз.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1