Oзиш борасида кенг тарқалган 5 нотўғри фикр

СУҒДИЁНА 11.01.2018, 10:50
Oзиш борасида кенг тарқалган 5 нотўғри фикр

Озмоқчимисиз? Дугоналар маслаҳатига қулоқ солманг!

Озишга қилган аёл кўпинча нима қилади? Дугоналари, танишларининг маслаҳатларига қулоқ тутади, интернетга мурожаат этади. Натижада, унинг онгида турли ахборотлар базаси пайдо бўлади. Бу ахборотлар кўпинча бир-бирини инкор этувчи, зиддиятли бўлиб чиқади. Қуйида биз озиш борасида кенг тарқалган 5 нотўғри фикрни келтирамиз ва ёлғонларни фош қиламиз.

«Озиш учун фақат сабзавот ва меваларни истеъмол қилиш керак»

Ундай эмас. Сабзавотлар, айниқса мевалар асосан углеводлардан таркиб топган, углевод эса озишга ёрдам бермайди, аксинча, семиртиради. Углеводлар – танамиз ва миямизга қувват бўладиган шакардир. Уларни қанча кўп истеъмол қилсангиз, танангиздаги ёғлар шунчалик кам эрийди, янги ёғ қатламлари эса ортиб бораверади. Хуллас, сабзавот ва мевалар фойдали, аммо озиш учун асосан оқсилли егуликларни истеъмол қилиш керак. Фақат оздирмас экан деб, сазавоту меваларни умуман четга суриб қўйманг, улар ошқозон-ичак ишини равонлаштиради. Бусиз ҳам озиб бўлмайди. Сабзавот-меваларни билиб, ўрнида истеъмол қилиш лозим.

«Спорт билан шуғуллансанг, қомати расо бўлади»

Қисман тўғри, ахир спорт ҳар куни кўп соатлик узлуксиз машқлар дегани. Профессионал спортчилар айнан шундай машқ қилишади. Кўпинча улар истаган нарсаларини истеъмол қилаверадилар. Аммо агар сиз Ер юзи аҳолисининг спорт билан профессионал машғул 1 фоизига мансуб бўлмасангиз, демак, бор-йўғи жисмоний тарбия билан шуғулланасиз, холос. Кунора 2 соатдан спорт залида қиладиган машқларингизга ёки кунига 2 километрдан югуришларга ҳаддан ортиқ умид боғлаш тўғри эмас. Бу ўринда тўғри овқатланишсиз натижага эришиш қийин. Қолаверса, танадаги модда алмашинувининг ўзига хослиги ҳам муҳим омил. Модда алмашинуви яхши бўлмаган профессионал спортчилар ҳам семириб кетиши кузатилади. Демак, тўғри овқатланиш озиш йўлидаги муваффақиятнинг 70 фоизини таъминлайди.

«Югурамиз ва сарвиқомат дилбарга айланамиз»

Аввалги афсонага боғлиқ, аммо алоҳида тушунтирадиган жойлари бор. Югуриш билан натижага эришиш учун узоқ вақт керак. Масалан, 1 соат югуриш давомида вазни 60 кг бўлган одам тахминан 516 ккал калория сарфлайди, 1 соат сузиш 557 ккални, эркин кураш билан шуғулланиш эса 1000 ккални йўқотишга олиб келади. Бу рақамлар инсоннинг модда алмашинуви жадаллигига кўра бироз ўзгариши мумкин, аммо моҳият ўша-ўша: югуриш калория сарфлашнинг энг сермаҳсул усули эмас. Айримлар агар югуриш орқали кутган натижангизга эриша олмасангиз, янада кўпроқ югуринг, деган нотўғри маслаҳатни беришади. Асло, ундай қила кўрманг! Агар спорт билан аввал шуғулланмаган бўлсангиз, ҳатто 3 км.га югуриш ҳам сиз учун катта муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. 10 км. югуришдан эса ҳушингиздан кетиб қолишингиз ҳеч гап эмас. Озиш учун кунига 10-15 км.ни тез ёки мунтазам тезланиш билан югуриб ўтиш керак. Хўш, унда бу маслаҳат кимга аталган? Енгил атлетикачиларгами? Уларнинг ортиқча вазн билан муаммоси бўлмаса керак. Югуриш юрак учун фойдали, аммо озиш учун натижаси кам машғулотдир.

«Соат 18:00 дан кейин овқатланма!»

Агар соат 21:00 да уйқуга кетадиган бўлсангиз, бу маслаҳат сизга қўл келиши мумкин. Агар кечроқ ётсангиз, сиз учун эмас бу. Олайлик, соат 02:00 дан аввал ҳеч ухлолмайдиган «бойқуш»лардансиз. Унда организмингиз уйқугача 8 соат, яна уйқуда 6-10 соат оч қолиши керак. Бу очлик унинг учун ҳақиқий стресс. Натижада нонуштада нимаики еманг, ёғ заҳирасини тўлдириш учун олиб қўйилади. Чунки узоқ муддат оч қолган тана ўзи учун захиралар тўплай бошлайди. Озиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Шундай экан, кун давомида узоқ оч қолмаслик, 5-6 марта оз-оздан овқатланиш, уйқудан 2 соат олдин сўнгги таомланишни амалга ошириш керак.

«Кам есанг, озасан»

Бир қарашда мантиқли гап. Аммо калорияларни ниманинг ҳисобига камайтираяпсиз? Нималардан воз кечаяпсиз? Муҳими шунда. Озиш ёғлар ҳисобига амалга ошиши керак. Фақат ёғсиз овқат еяверсангиз, суякларингиз мўртлашиб қолади, углеводлар емасангиз, миянгиз зарар кўради, оқсилсиз терингиз, юрагингиз, жигар ва буйракларингиз хасталанади. Шу сабабли кам ейиш деганда сиз таомнинг миқдорини туширишингиз, лекин сифатини оширишингиз керак. Қанча ейиш ёки нимани ейиш деган икки йўл йўқ, нимани қанча ейиш деган масала бор холос. Яъни миқдор ва сифат мувозанатини қатъий ушлашингиз шарт.

ШАҲИНА тайёрлади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1