1

ФОЙДАЛИ, АРЗОН ВА ҲАММАБОП! ХОНИМЛАР, НИҚОБ ТАЙЁРЛАШНИ ЎРГАНАМИЗ!

СУҒДИЁНА 10.01.2018, 10:57
ФОЙДАЛИ, АРЗОН ВА ҲАММАБОП! ХОНИМЛАР, НИҚОБ ТАЙЁРЛАШНИ ЎРГАНАМИЗ!

Юз териси парвариши учун мўлжалланган кремлар ҳамиша ҳам чўнтакка тўғри келавермайди. Хўш, бундай вазиятда сиз нима қиласиз? «Кейинги маошимдан сотиб оларман» десангиз, ихтиёр ўзингизда. Аммо масаланинг осонроқ ечими ҳам бор – кунора фойдаланиш мумкин бўлган ниқоблар! Би-и-ир синаб кўрмайсизми?

Сули + сув

Ёғли юз териси эрта қаримайди, дейилса-да, унга ҳам парвариш зарур. Маслаҳатимиз, сули ёрмасидан фойдаланинг. Атиги 3 ош қошиқ сули ёрмасини ярим стакан илиқ сувда аралаштириб, бўтқа кўринишига келтирасиз. Сўнг аралашма юзга суртилиб, 15 дақиқага қолдирилади. Ниқобни илиқ сувда тозалаб олгач, бармоқ учида юзингизни уқалаб қўйинг. Қон айланиши яхшиланиб, ёноқларингизга қизиллиқ югуради-я.

Банан + асал

Совуқ мавсумда юз терисини намлантириш зарурлигини биласиз. Ҳафтада бир марта яримта бананга бир чой қошиқ асални аралаштириб, юзингизга суртиб олсангиз, терингиз бирам яйрайдики, асти сўраманг. Ниқобдан бир ой давомида фойдалансангиз, тери тонуси ортиб, ажинлардан асар ҳам қолмайди. Ишонмайсизми, марҳамат синаб кўринг!

Истеъмол содаси + сув

Кун давомида юз териси бактерия ва микроблар таъсирида қолади. Ҳатто энг сифатли пардозни тозалаш воситасининг ҳам тери катакларига жойлашиб қолган бактерияларга «тиши» ўтмайди. Терида яллиғланиш жараёнлари бошланмасин десангиз, ҳафтада бир марта 1 чой қошиқ истеъмол содасини 100 гр илиқ сувда эритинг-да, юзингизни артиб олинг. Терингиз салгина ачишиши мумкин. 10 дақиқадан сўнг аралашма юқини илиқ сувда ювиб ташланг.

Қатиқ + кўкатлар

Ҳафтада икки маротаба вақтингизни қизғонманг-да, ярим пиёла қатиққа исталган кўкатни тўғраб аралаштиринг. Мазкур ниқоб юз терисини озиқлантиради. Қуруқлашишнинг олдини олади.

PS: Тавсияларни қўллашдан олдин, ниқобни қўл терисида синовдан ўтказинг. Ҳеч қандай реакция кузатилмаса, муаммо йўқ. Беш дақиқа ичида тери қизарса ёки майда тошма тошса бу ниқоб сизга тўғри келмайди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1